Эшитгандан кўрган, кўрган ва ўрганиб қўллаган афзал
Кейинги йилларда юртимизнинг янгиликка ташна фермерлари деҳқончиликда Хитой технологияларини қўллаб юқори натижага эришмоқда. Пахтачиликда ҳосилдорлик 90 центнерга чиқди, ғалла ва бошқа экинлар борасидаги ўзгаришлар салмоғи ҳам 25-30 фоизга юқори. Томчилатиб суғориш, нав танлаш, ҳашарот ва касалликларга, бегона ўтларга қарши кураш борасидаги замонавий технологияларнинг қўлланилиши ёнилғи ва техника ишлови билан боғлиқ харажатларни каррасига қисқартирмоқда. Ўз навбатида бу якуний натижа — даромадни кўпайтирмоқда. Ахир меҳнат қилишдан асосий мақсад ҳам шу — ҳосилдорликни ошириш, кўпроқ фойдага эришмоқ. Давлатимиз раҳбари ҳар гал аграр соҳадаги ўзгаришларни таҳлил этар экан, муаммолар ечимига илмий асосда хориж тажрибасини қўллаган ҳолда ёндашув зарурлигини таъкидлайдилар. Бу жуда ўринли ва ҳаётда ўз исботини топган талаб. Ана шунга мос равишда яқинда Ўзбекистон фермерлари кенгаши ташаббуси билан республикамизнинг 70 нафардан зиёд илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари Хитой давлатида бўлишди. Бу ҳақда Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси ўринбосари, Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори Тўлқин Сатторов қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Сафар натижасида фермерларимиз юз марта эшитгандан бир бора кўрган, ўрганиб қўллаган афзал деган гапга яна бир карра амин бўлишди. Пахтачилик ва ғаллачилик йўналишида эришилаётган ютуқлар,қўлланилаётган замонавий агротехнологиялар, юқори ҳосилдор ва иқлимга мос навлар селекцияси, сув ва ресурсларни тежашга қаратилган инновацион ечимлар кўз олдимизда намоён бўлди. Хитой аграр тизимдаги рақамлаштириш, дрон ва сенсор технологияларидан фойдаланиш амалиёти фермерларимизда катта қизиқиш уйғотди.
Пекин шаҳрида жойлашган Хитой қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ҳамда Пекин қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги фанлари академиясида ташкил этилган махсус ўқув курсларида иштирок этдик. Шу жараёнда юқори ҳосилдор, касалликларга чидамли навлар, сув танқислиги шароитида самарали суғориш усуллари, ўғитларни аниқ меъёрларда қўллаш, ер унумдорлигини сақлаш ва ошириш ҳамда рақамли мониторинг тизимлари кенг ёритилди. Айниқса, Хитойда илмий тадқиқот натижаларини тўғридан-тўғри ишлаб чиқаришга жорий этиш механизмининг мукаммал йўлга қўйилгани фермерларимиз томонидан алоҳида эътироф этилди.
Делегациямиз Шандун провинциясида ҳам бўлиб, ушбу ҳудудда қишлоқ хўжалиги индустриал асосда, юқори технологиялар ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тизими орқали ривожланаётгани билан яқиндан танишди. Замонавий трактор ва комбайнлар, юқори унумли йиғим-терим техникаси, сенсор ва дронлар орқали экинларни мониторинг қилиш, томчилатиб ва микро-суғориш тизимларини жорий этиш амалиёти чуқур таҳлил қилинди. Бу тажриба қишлоқ хўжалигида техника ва технологияларни бир бутунликда жорий этиш орқали ҳосилдорликни ошириш билан бирга ишлаб чиқариш харажатларини сезиларли даражада қисқартириш мумкинлигини яққол кўрсатди.
Фермерларимиз бу тамойилни ўзимизда қўллаш керак, деган фикрни айтишди. Чунки Шандун тажрибаси, техника ва ускуналарни импорт қилиш ва келгусида маҳаллийлаштириш қийинчилик туғдирмайди ва харажатлар қисқа фурсатда ҳосилдорликни ошириш ҳисобидан ҳеч бир монеликсиз қопланади.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, сафаримиз давомида Ўзбекистон фермерлари кенгаши билан Хитой Халқ Республикасининг бир қатор давлат ва хусусий ташкилотлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Ушбу келишувлар қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналарини етказиб бериш, инновацион агротехнологияларни жорий этиш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган бўлиб, келгусида амалий натижалар бериши тайин.
Шунингдек, Ўзбекистон фермерлари кенгашининг Халқаро Ипак йўли иқтисодий альянсига аъзо бўлиши ҳамда мазкур ташкилот президиуми аъзоси ва ҳамраиси этиб сайланиши Ўзбекистон фермерларининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, ташқи бозорларга чиқиш, инвестиция ва технологияларни жалб этиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Бунга асло шубҳа йўқ. Қолаверса Чин ўлкасига қилинган бу галги сафар тез орада ўз натижасини беради Чунки биз кўрган—билганларимизни республикамиз миқёсида ўтказилаётган амалий семинарлару тадбирларимизда, ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб этишга ҳам жиддий киришдик.
Салохиддин УСМОНОВ,
Маъруф ЎРОЗОВ, Фермер хўжаликларини қўллаб- қувватлаш жамғармаси мутахассислари
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг