Эркин Аъзамнинг илтимосини рад этган таржимон

14:41 12 Декабрь 2025 Жамият
482 0

Моҳир таржимон Низом Комилов туркум шеърлари илк бор ёш ижодкорларнинг «Гулдаста» номли баёзида чоп этилган эди. Шеърлар ўзига хос ва бадиий жиҳатдан ёмон бўлмаса-да, у кишининг исм, шарифи бошқа бирор жойда шеър остида эълон қилинганини ҳеч ким кўрган эмас. Низом Комилов ўз имкониятини тўғри чамалаб ўлчаганди.

Эҳтимол, у тенгдошлари Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Учқун Назаров каби ёрқин истеъдодлар орасида катта қалбли майда ижодкор бўлиб қолишни истамагандир. Аммо ҳар нима бўлганида ҳам Низом Комилов нишонга аниқ урганди. Йиллар ўтиб у бадиий таржималари орқали ўз тенгдошлари сафига сўзнинг уста санъаткори бўлиб қўшилди.

1937 йил 12 декабрь куни дунёга келган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, атоқли таржимон Низом Комилов номини китобхонлар грузин адиби Нодар Думбадзенинг «Абадият қонуни», «Оқ байроқлар» романлари, «Кукарача» қиссаси ҳамда немис ёзувчиси Эрих Мария Ремаркнинг «Уч оғайни», «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» романлари, шунингдек, бошқа жаҳонгашта ижодкорларнинг асарлари орқали жуда яхши танийди. Айниқса, «Абадият қонуни» таржимонга жуда катта шуҳрат келтирган. Асар гўё ўзбек адиби томонидан ёзилгандек таассурот уйғотиши ҳам миллионлаб ўзбек китобхонлари томонидан эътироф этилган.

Таржимоннинг шоир ё ёзувчидан фарқи бор. Бу ижодий асарнинг шакли ё ғоясида эмас, албатта. Ҳамма гап унинг ўқувчисида. Шоирнинг шеъри ё ёзувчининг ҳикояси бошқа тилга таржима қилиниб, бошқа халқларда ҳам овоза бўлиши, бошқа миллат вакиллари учун ҳам хизмат қилиши мумкин. Аммо таржимоннинг меҳнати ҳосиласи фақат ўз халқи учун бағишланади. Таржимон учун шон-шуҳрат эмас, миллат манфаати биринчи даражали масалага айланади. У шу зайл ўз халқининг маънавий даражасини жаҳон халқлари билан бўйлаштириш учун ҳаракат қилади. Бу йўлда мисқолча муваффақиятга эришса, шунинг ўзида катта бахт. Бироқ бу орқали таржимон ўз руҳига хиёнат қилмаслиги ҳам лозим. Ижодкор учун руҳиятга номуносиб асар яратиш самимият ва табиийликдан йироқ ҳодиса бўлиб, ўз муаллифининг муваффақиятсизлигини англатади. Низом Комилов эса буни чуқур ҳис қилган таржимон бўлган.

Кунларнинг бирида «Тафаккур» журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам Низом Комиловга таржима учун учта рус адиби ҳикояларини бериб, агар таржима қилса, журналда чоп этишини айтади. Албатта, нуфузи юқори бўлган журналда чиқишнинг ўзи бир обрў бўлса, бу номи улуғликнинг супраси ҳам қуруқ бўлмаслиги табиий. Бироқ, ўзбекчалаштирилиши керак бўлган ҳикоялар билан танишган таржимоннинг қўли ишга бормай, хуноби ортиб кунларни ўтказаверади.

– Эркин укам-да, ҳикояларини индамай ўқиб чиқдим. Ёмон эмас. Йўқ, ҳикоялар менга ўтиришмади. Мен таржима қиладиган ҳикоялар эмас. Руҳимга тушмайди. Хафа бўлса ҳам ўша ҳикояларни қайтариб бердим. Ахир, таржимон ўз руҳига мос асарни таржима қилади. Нима қилай, менинг руҳимга тушмаса, – деган эди ёниб-куйиб Низом Комил.

Бу воқеада миллат савияси учун фойдаси бўлса-бўлмаса, фақат қалам ҳақидан келадиган моддий даромадни кўзлаб қўлига қалам ва чет тилидаги асарни тутиб, таржимага киришишни бошлаётган ҳар бир таржимонга айтиб чиқиш керак, назримда.

Умр – оқар дарё. Унинг денгизга қўшилувчи ўз нуқтаси бор. 2021 йилнинг 24 июль тонгида Низом Комилов дарёси мангулик денгизига бориб қуйилди. 84 йиллик ҳаёти давомида миллат тафаккури ва дунёқарашини жаҳон адабиётининг бетакрор намуналари таржимаси орқали бойитгани учун беминнат хизмат қилган мутаржим, шубҳасиз, миллат мураббийларининг бири эди. Шу билан бирга ўз руҳи ва халқига содиқ таржимон бўлиб қолди.

Отабек ИСРОИЛОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер