Ердан унумли фойдаланиш дастурхонимиз тўкинлигини таъминлайди

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Томорқа – кони фойда, чинакам хазина. Каттақўрғон туманидаги Мундиён маҳалласида яшовчи Мардон Шодмонов 20 сотих томорқасида узум етиштириш ва кўчатчиликдан мўмай даромад топиш ҳадисини олган.
— 100 туп ток кўчатимиз бор, ундан войиш қилиб, узум етиштирамиз, — дейди М.Шодмонов. — Бундан ташқари, ток қаламчалари ва турли мевали дарахт кўчатлари тайёрлаб сотамиз, сабзавот экинлари экамиз. Рўзғорга нимаики зарур бўлса, ўзимиздан чиқади. Ўтган йилда томорқадан 100 миллион сўм даромад олдик. Меҳнат қилган, изланган одам ҳовлисининг ўзидан пул топиб, оиласи бюджетини тўлдиради.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан Каттақўрғон туманида аҳолининг томорқа ва ижарага берилган ерлардан самарали фойдаланиш орқали даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди. Вилоятдаги тегишли бошқарма ва идоралар, тижорат банклари раҳбарлари, туман-шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ва бошқа иштирокчилар Мундиён маҳалласида Мардон Шодмоновнинг томорқадан фойдаланиш тажрибасини ўрганди.
Семинар доирасида ўтказилган кўчатлар ярмаркасида Каттақўрғон туманида «Бир контур — бир маҳсулот» тамойилини жорий этишда амалдаги қулупнайчилик билан бирга анжир ва хурмо етиштиришга устувор аҳамият берилаётгани таъкидланди. Мутахассисларнинг тавсиялари асосида ҳудуд тупроқ ва иқлим шароитига мос анжир ва хурмо кўчатлари танланиб, аҳолига тарқатилмоқда. Маҳсулотларни бозор талаблари бўйича етиштириш ва турларини кўпайтириш юзасидан кўргазмалар намойиш қилинди.
Туманнинг Валижон маҳалласидаги 40 нафар ишсиз фуқарога ижарага берилган 12 гектар ер майдонида қулупнай етиштириш йўлга қўйилган бўлиб, йилига бир неча марта ҳосил олинмоқда. Семинар иштирокчилари ушбу маҳалла тажрибасини ҳам ўрганиб, уни ўз ҳудудларида жорий этиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар олди. Каттаминг маҳалласидаги 5 гектар ер майдонида «Бир контур — бир маҳсулот» тамойили асосида анжир кўчатларини ўтқазиш жараёнида қатнашди.
Семинарда агротехнологиялардан тўғри фойдаланиш ва кўчатларни самарали парваришлаш усуллари ҳақида мутахассислар томонидан тавсиялар берилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг