«Ер юзининг сайқали»дан янграётган сеҳрли наволар(Фото)
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали доирасида “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Шарқ халқлари мусиқа санъати тарихи, ўзига хос анъаналари ва бугунги истиқболларини ўрганиш, тарғиб қилиш инсон онгу қалбига маънавий таҳдидлар кучайган бугунги кунда ғоят долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.
Конференцияда Шарқ мусиқасининг шаклланиши ва ривожланиши билан боғлиқ долзарб муаммолар, “Устоз — шогирд” анъаналари, қадимий мусиқа санъатини авайлаб асраш масалалари муҳокама қилинди. Унда АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Корея Республикаси, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Франция, Норвегия, Молдова давлатлари ҳамда юртимиздан 30 га яқин санъатшунос ва тарихчи олимлар, бастакорлар қатнашди.
Молдовалик Федор Занетнинг гагауз халқининг миллий байрамлари ва ёмғир чақириш маросимларида ижро этиладиган қўшиқлари, америкалик олим Конни Заонинг мўғулларнинг чўл қўшиқлари, қозоғистонлик Айгуль Байбекнинг қозоқ анъанавий ижрочилиги ва миллий мусиқа асбоблари ҳақидаги чиқишлари кўпчиликда ёрқин таассурот қолдирди.
Шунингдек, ўзбекистонлик олимларнинг ўзбек анъанавий мусиқаси ривожланиш босқичлари, Ҳусайний мақом йўлларининг ўзига хослиги, Бухоро шашмақоми тўғрисидаги илмий қарашлари ҳам катта қизиқиш билан қабул қилинди.
Анжуманда соҳага оид адабиётлар тақдимоти ўтказилди ва конференция декларацияси қабул қилинди.
Самарқанд шаҳридаги кўҳна Регистон узра янграган қадим оҳанглар вилоятнинг турли туманларида ҳам акс садо бермоқда. Чунончи, халқаро фестиваль дастурлари эндиликда вилоятнинг чекка туманларида ҳам давом этмоқда. Бу, албатта, ҳудуд аҳли, айниқса, ёшлар учун ўзига хос мусиқа байрамига айланиб кетди.
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг