Эплаган — миллион топар, эпламаган — баҳона
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарёда кичкинагина томорқасини қишда ҳам яшнатиб қўйиб, миллионлаб даромад олаётган оилалар кўп. Шўрчи туманининг «Тамшуш» маҳалласида яшовчи Зифну Султонова томорқасининг 10 сотих ер майдонига иссиқхона ташкил қилиб, у ерда экилган лимонлардан бир мавсумда 1,5 тоннадан кўп ҳосил олади. Айни пайтда тўлиқ пишиб етилмаган лимонзордан тушган соф даромад 15 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Бойсун туманидан Жасур Сувонов икки сотихли томорқасидан самарали фойдаланиб, рўзғорига барака киритмоқда. Айни вақтда у иссиқхонада қулупнай етиштиряпти. Бугунги бозорда ҳам унинг нархи анча юқори, масалан, 80-100 ва 150 минг сўмгача сотиш мумкин. Оиланинг мавсумдаги даромади 10 миллион сўмдан ошди. Иссиқхонада «кичик қизил олма»лар пишмоқда.

Яна бир меҳнаткаш ҳамюртимиз ангорлик Камол Нормаматов томорқасидан унумли фойдаланиб, 10 сотихли иссиқхонасида 4 минг туп помидор кўчатларини парваришламоқда. Бу билан у оила аъзоларининг бандлигини ҳам таъминлаган. Ўтган йили иссиқхона фойдасидан иморат солди, элга ош бериб, тўй қилди.
Денов туманидаги Тасмасой маҳалласида 875 та хонадон томорқасида цитрус мева кўчати ва лимон етиштириб, ҳар бири йилига 200 миллион сўмгача даромад оляпти.

— Маҳалламизда олти юзга яқин хонадон бор, — дейди Ангор туманидаги Юқори Таллимарон маҳалласи раиси Давлат Хўжаёров. — Уларнинг аксарияти томорқасидан йилига икки-уч марта ҳосил етиштиришнинг ҳадисини олган. Помидор, бодринг, кўкатлар, карам каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини парваришлаб, мўл ҳосил олмоқда. Аҳоли томорқаларида биргина карамнинг ўндан ортиқ турини учратиш мумкин. Томорқада иссиқхона бўлса, меҳнатидан эринмаса кони фойда. Бизнинг халқимиз меҳнатдан қочмайди. Ер билан тиллашиб ишлайди. Қўша машина, янги уй-жой, тўкин тўйлар томорқадаги меҳнатнинг меваси.
Бугунги кунда вилоятдаги жами 724 та маҳаллада 49 минг 471 гектар томорқа ер майдонлари мавжуд. Ушбу ер майдонларида иқтисодий самарасиз бўлган ғалла, арпа, макка ва беда экинлар ўрнига юқори қийматли экспортбоп руккола, гул карам, брокколи, қизил лавлаги, дайкон, саримсоқ пиёз, алигатр навли кўкат каби сердаромад экинлар экилиши оммалашди. Мазкур томорқа ер майдонларида ўтган йилда олинган бирламчи ҳисоб-китобларга кўра 388 минг 845 тонна сабзавот маҳсулотлари етиштирилди.

— Томорқа ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида ўтган йили 1,5 мингдан ортиқ жисмоний шахсларнинг томорқачилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 35 миллиард сўм маблағ ажратилди, — дейди Сурхондарё вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси Рўзибой Мўминов. — Аҳоли томорқаларига хизмат қилиш тизимини янада ривожлантириш мақсадида 87 та якка тартибдаги тадбиркор шаклида томорқа хизмати корхоналари ташкил этилди. «Сайхунобод тажрибаси» асосида 103 та маҳаллага 220 тадан ортиқ мотокултиватр мини техникалари етказиб берилди. Вилоятда фаолият юритаётган 286 та томорқа хизмати корхоналари томонидан 41 мингта хонадонга ер ҳайдаш, уруғ кўчатлари, кимёвий воситалар, минерал ўғитлар етказиш, шунингдек, экинларга кимёвий ишлов бериш хизматлари кўрсатилди.
Ижара ҳуқуқи асосида ер майдонлари ажратиш тажрибаси амалиётда ўзини оқлаганини ўтган вақт мобайнида аҳоли даромадлари ошиб, турмуш тарзи сезиларли даражада яхшиланганидан ҳам билиш мумкин. Жорий йилда ҳам ушбу амалиёт изчил амалга оширилаётгани, айниқса, эътиборли. Хусусан, айни пайтда деҳқон хўжалиги учун ажратилган 700 гектар ер майдонда 66 та алоҳида кооперациялар ташкил қилиниб, карам, қизил лавлаги, саримсоқпиёз, руккола ва коврак каби 15 турга яқин даромадли экинларни экиш ишлари бошлаб юборилди.

Президентимизнинг 2025 йил 17 январдаги «2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида «Хитой тажрибаси» асосида 470 гектар ер майдонида 42 та қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этилиб, 1 минг 182 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Хусусан, Шўрчи тумани «Оқкамар» маҳалласида ижарага ер майдони олган 85 нафар фуқарони «Бахшитепа сув ишлаб чиқариш» кооперативига бирлаштириб, 22,5 гектар сувсиз ер майдонидан бурғилаб сув чиқариш ишлари бошланди. Ушбу ер майдонида юқори даромадли экспортбоп картошка ва қизил лавлаги маҳсулотлари етиштирилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг