Энг катта шукроналик

17:20 26 Декабрь 2025 Жамият
367 0

Ҳаётда кўп неъматлар бор. Аммо уларнинг энг улуғи соғлиқ. Негадир уни хавф пайдо бўлгандагина англаймиз. У бор пайтида жуда оддийдек туюлади, йўқотиш хавфи туғилганда эса бутун дунёнинг энг катта бойлигига айланади.

Кутилмаганда бошланган оғриқ мени шу ҳақиқат билан юзма-юз қилди. Бир зумда ҳаётнинг одатий манзараси йўқолиб кўзим олди қоронғилашди. Оғриқ шундай кучли эдики, инсоннинг сабр деган тушунчаси ҳам заиф эканини шу дамда чуқур ҳис қилдим. Шунда инсоннинг барча орзулари, барча режалари битта нуқтага — азобдан қутулишга бориб тақалар экан.

Касалхона деворлари ичида вақт бошқача ўтади. У ерда инсон ўзини эмас, аввало ҳаётни тинглайди. Ташхис, муолажа, шифокорларнинг жиддий нигоҳлари орасида инсон ўзи билан ўзи суҳбатдош бўлиб қолади. Мен ҳам шундай пайтда ҳаётнинг энг оддий, энг қиммат жиҳатларини қайта кашф этдим: эркин нафас олиш, оғриқсиз ухлаш, яқинларнинг овозини эшитиш энг улуғ саодат экан.

Ниҳоят, оғриқ манбаи аниқланди. Шифокорлар ўз ишини уддалади. Аммо бу синовдан ўтишда мени тиклаб турган яна бир куч бор эди. Бу — инсонлар меҳри. Яқинларим, “Халқ сўзи” газетаси жамоасининг ғамхўрлиги шифокор муолажасидан ҳам қимматроқ эди. Таҳририят дори-дармону барча харажатларни кўтаргани, раҳбарлардан бири — Шерзоджоннинг ҳар куни мендан бохабар бўлиши, ҳамкасбларнинг бирин-кетин кириб келиши кўнглимни анча кўтарди. Шундай жамоада ишлаётганимдан фахрландим. “Сизнинг соғайиб кетишингиз учун устоз ва бутун жамоа дуода” деган гапи энг қиммат муолажадан ҳам аълороқ туюлди.

Касалхона палатасида учрашганим 90 ёшни қаршилаган Алижон ота эса бу синовга маънавий маъно қўшди. Унинг дуолари, самимий нигоҳлари инсонни ҳаётга яна маҳкам боғлаб қўяр экан. Баъзан инсон хасталик орқали ўз тақдирида зарур бўлган инсонларни учратади. Балки Алижон ота билан худди ота боладек иноқлашиб кетганимизнинг боиси шундадир.

Яна бир ҳақиқатни англадим: хасталик — жазо эмас, балки огоҳлик. У инсонни ортга назар ташлашга, ҳаёт ҳақида ўйлашга ундайди, қадриятларни қайта жонлантиради. Агар шу синов орқали инсон меҳрнинг, жамоадошликнинг, дуонинг қимматини англаса, демак, у беҳуда яшамаяпти.

Соғлиқ — фақат тан саломатлиги эмас. У инсонни ўраб турган муҳит, одамлар, меҳр ва эътибор билан чамбарчас боғлиқ. Зотан, соғлиқни бор пайтида асраш — энг катта шукроналикдир.

Фахриддин БОЗОРОВ

“Халқ сўзи”

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?