«Энергетика хавфсизлиги ойлиги» доирасида семинар ўтказилди

17:25 12 Ноябрь 2024 Жамият
251 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё вилоятида куз-қиш мавсумида аҳолининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Энергетика вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда «Ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш юзасидан» қўшма қарор ишлаб чиқилган. Ушбу қарорга кўра, 2024 йилнинг ноябрь ойи «Энергетика хавфсизлиги ойлиги» этиб белгиланди.

Шу муносабат билан аҳоли орасида электр энергиясини ва табиий газни иқтисод қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича Термиз шаҳрида кўргазмали амалий семинар ўтказилди.

Тадбирда туман (шаҳар) прокурорлари, барча тегишли корхона ва ташкилотлар вакиллари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, йирик энергия истеъмолчилари, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнология университети олимлари иштирок этди.

Семинарда вилоятда электр энергия ва табиий газни иқтисод қилиш, энерготежамкор ускуналарни кенг жорий қилиш, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларини қиш мавсумига шай ҳолатга келтириш, мавсум давомида содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги тадбирларини янада самарали ташкил этиш ҳамда барча зарурий чораларни кўриш лозимлиги таъкидланди.

Кўргазмада тегишли мутахассислар томонидан электр энергияси ва табиий газни етказиб бериш таҳлиллари, қуёш панелларининг афзалликлари, имтиёзлар, тадбиркорлик субъектларига бўлиб тўлаш шарти билан ҳамда аҳоли хонадонларига кредит маблағлари ҳисобидан қуёш панелларини ўрнатиш бўйича тушунтиришлар берилди.

Хусусан, семинар давомида «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали директори ўринбосари А.Турдиев томонидан замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичлари фойдаланилган табиий газни тахминан 30-35 фоизга иқтисод қилиниши ва нафақат газ тежалиши, балки оила бюджетига ҳам фойда эканлигини мисоллар билан тушунтириб берди.

— Истеъмолчиларимиз учун энергия тежамкор ёндиргичларнинг афзал томонлари кўп, — дейди А.Турдиев. — Масалан, у хавфсиз ҳисобланади, яъни босим пасайиб-кўтарилиши оқибатида газ узатиш тармоқларида узилишлар бўлганда, автоматик тарзда ўчиб, газ ўтказишни тўхтатади. Ҳозир аҳоли хонадонларида туман ва шаҳар газ таъминоти бўлимлари ходимлари томонидан ўтказилаётган тарғибот тадбирларимизда бу ҳақида тушунчалар берилмоқда.

Масъулларга «Энергетика хавфсизлиги ойлиги» доирасида талон-торож қилиш ҳолатларини фош этишга қаратилган рейд тадбирларини кучайтирилган тартибда амалга ошириш бўйича кўрсатма берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?