«Энди соғлом инсонлар каби меҳнат қиламан»

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Мингбулоқ туманининг Толлик маҳалласида яшовчи Ботирали Исоқбоев яқин вақтгача жисму жони соғ, шунга яраша ғайрати билан рўзғорини эплаб келаётганди. Ўттизга тўлган чоғида бирдан жигари билан боғлиқ касаллик ёпишди. Саноқли ойларда тоғни урса талқон қиладиган йигит тўшакка михланди. Хонадонидан барака қочди. Турмуш ўртоғининг топгани ош-овқат харажатларидан ортмасди. Ўшанда Ботирали учун барча йўллар ёпилгандек эди.
Тумандаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази тезда амалий ёрдам беришини билдирганидан сўнг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Табиийки, марказга қилинган мурожаат натижаси ўзини кўп куттирмади. Рўйхатга олинган бемор ва унинг эҳтиёжманд оиласини вазиятдан чиқариш бўйича тезкор амалий иш бошланди. Ботирали бирдан шифохонага ётқизилиб, даво курсини олишга муваффақ бўлди. У тегишли текширишлардан ўтказилиб, иккинчи гуруҳ ногиронлиги белгиланди. Унга ёрдам тариқасида хонадон бекаси ҳудуддаги фермер хўжалигига ишга жойлаштирилиб, доимий даромад манбаи яратилди. Беш ёшли Шоҳида имтиёзли тарбияланадиган кичкинтойлар рўйхатидан ўрин олди. Бузоқчаси билан ҳовлига етаклаб келинган сигир сути дастурхонни сут, қаймоққа тўлдирди. Ҳаммасидан ҳам рақамли технологиялар вазирлиги томонидан хонадон томига ўрнатиб берилган 10 кВт қувватли қуёш панеллари қурилмаси кутилмаган совға бўлди.
— Оғир кунлар ортда қолди, — дейди Ботирали. — Ногиронлик гуруҳига ўтказилганимдан сўнг имтиёзли даволаниб, бепул дори-дармон таъминотидан фойдаланяпман. Яхшилик ва беминнат ёрдамлар билан яхшигина оёққа турдим. Томорқадаги экинларни чопиб, суғоришга бемалол яраётганимдан оилам ҳам хурсанд.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли орган бўлган агентлик ва унинг жойлардаги бўғинлари ташкил этилиши негизида биринчи навбатда фуқароларни давлат томонидан манзилли ҳимоялашнинг профессионал тизимини жорий қилишдир.
— Янгича иш юритишга ўтиш юзасидан ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатларда 2023 йилнинг 15 октябридан туман, шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва ёрдамлар кўрсатиш тизими йўлга қўйилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи Иброҳим Хожиев. — Бунда ўзгаришлар дастлабки босқичда 26 турдаги хизматларни кўрсатишдан бошланган бўлса, жорий йилда улар сони 103 тага етказилди. Ушбу вазифалар ижроси доирасида ижтимоий хизмат ва ёрдамларнинг паспортлари ишлаб чиқилди. Вилоятда ижтимоий ҳимоя янги тизимини жорий этиш билан боғлиқ ташкилий, шунингдек, аҳолига юқори сифатли манзилли ижтимоий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш тадбирлари изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, бошқарма ҳамда шаҳар, туманлардаги марказлар тажрибали ходимлар билан таъминланган. Улар жойнинг ўзида малакали хизмат кўрсатиб қолмай, ижтимоий ходимлар орқали маҳаллалар, хонадонларгача кириб бормоқда.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда 2,7 миллиондан ортиқ нуфузга эга Наманган вилоятида 2899 нафар ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар, 82945 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, 72249 нафар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да турувчи фуқаролар, 1381 нафар тазйиқ ва зўравонликка учраган шахслар, 706 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш мақсадида Президент қарори билан республикадаги 28 та туман ва шаҳарда тажриба тариқасида «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ташкил этилиши белгиланганди. Наманганда биринчи бўлиб Косонсой туманида шундай марказ ишга туширилди. Замонавий бинода жойлашган муассасада маҳаллаларга мажмуавий хизмат кўрсатувчи 20 нафар малакали мутахассис меҳнат қилиб келмоқда. Улардан бири иккинчи гуруҳ ногирони Жавлон Абдуллаев марказда мутахассис лавозимига қабул қилинган.
— Бу ерда ишлаётганимдан хурсандман, — дейди «Жасорат» медали соҳиби Ж. Абдуллаев. — Жисмоний жиҳатдан имконияти чекланган инсон сифатида айни тоифадаги шахсларнинг ички дунёси, дарду ташвишларини юракдан ҳис қиламан. Уларнинг ҳаётий масалалари ечимида жону дилим билан иштирок этаман.
Ижтимоий хизмат ва ёрдам соҳасидаги ишларда мазкур тоифадаги шахсларга нафақат моддий ва бошқа турдаги амалий кўмак кўрсатиш, балки уларнинг маънавий эҳтиёжларини ҳам қамраб олиш кўзда тутилган. Ҳар ҳафтанинг жумасида йўлга қўйилган «Меҳр ва саховат куни» тадбирлари ўз самарасини бермоқда. Унда жойлардаги эҳтиёжманд оилалар, ногиронлар ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, хайрия юмушлари амалга оширилади. Ҳозирга қадар шу йўналишдаги 260 дан зиёд тадбир давомида 5 мингдан кўпроқ фуқаро совға-саломлар билан йўқланиб, уларнинг кўпчилигига махсус аравачалар, реабилитация воситалари, озиқ-овқатлар тўплами топширилди. Бу орада кекса авлод вакилларининг вилоятдаги тарихий ва манзарали жойларга саёҳатлари уюштирилмоқда. Кейинги пайтларда 11 мингдан ортиқ нуронийлар шу имкониятдан фойдаланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг