Энди аҳоли янги уй-жой учун тўлаган пулига куйиб қолмайди

Уй-жой инсон ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб, эмин-эркин турмуш кечириши учун энг қулай восита ҳисобланади. Шу боис бугунги кунда аҳолининг кўпчилик қисми янги уй-жой олиш учун қурилиш ташкилотларига ўз маблағларини таклиф қилмоқда. Улар уйни қулайроқ нархда сотиб олиш мақсадида қурилишни бошлаган компанияларга пул маблағларини инвестиция сифатида киритишмоқда. Ушбу амалиёт, айниқса, пойтахтимизда ва вилоятлар марказларида кенг миқёсда давом этмоқда.
Қурилиш жараёнига инвестиция (пул маблағлари) киритилиши натижасида кўплаб фуқаролар нисбатан арзон ва сифатли уй-жойга эга бўлишаётир. Бу яхши, аммо фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказадиган қатор муаммолар ҳам юзага келяпти. Баъзи ҳолларда фуқароларнинг қурилиш ташкилотларига алданиб қолаётгани ҳам (уй-жой учун дастлабки сумма олдиндан тўланган, бироқ уй-жой қурилиши амалга оширилмаган) кузатилмоқда. Қурилиш объектларининг белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмаётгани, барпо этилаётган уй-жойлар сифатининг талабларга жавоб бермаслиги, қурилиш якунлангандан кейин фуқаролардан ортиқча тўловлар талаб қилиниши каби ҳолатлар ҳам тез-тез учраб турибди.
Бу каби муаммоларнинг келиб чиқишига қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Айтиш ўринлики, соҳада тўлов тизимининг етарлича тартибга солинмаганлиги, улушдорлик шартномаларининг ҳеч қаерда рўйхатга олинмагани боис қурилиш компанияси ва уй олувчи фуқаро ўртасида низо келиб чиқмоқда. Янги уй олмоқчи бўлган фуқаро ўз пулини банк орқали эмас, тўғридан-тўғри қурилиш ташкилотига бераётгани, қолаверса, бу соҳада рақамлаштириш ва ошкораликнинг етарли даражада таъминланмаётгани ҳам масалани анча чигаллаштирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 27 январда қабул қилинган “Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони юқорида санаб ўтилган муаммоларни бартараф этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Мазкур Фармонда қурилиш соҳасини такомиллаштириш, шунингдек, улушдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим чора-тадбирлар назарда тутилган. Жумладан, 2025 йил 1 июлдан бошлаб улушдорларнинг пул маблағлари фақат нотариал тасдиқланган ва кадастр органларида давлат рўйхатидан ўтказилган улуш киритиш шартномаси асосида (кейинги ўринларда — улушли шартнома) қурилишга жалб қилиниши, улушли шартнома давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб мазкур шартнома бўйича улушдорнинг талаб этиш ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказишга ва улушли шартномани гаров предмети сифатида қабул қилишга рухсат берилиши белгиланди. Шунингдек, уй-жой қурилиши ўз вақтида тугалланмаган ва фойдаланишга топширилмаган тақдирда ҳар бир кечиккан кун учун қурувчи томонидан улушдорга қатъий белгиланган алоҳида жарималар тўланиши жорий этилади.
Шу билан бирга, мазкур Фармон билан назарда тутилаётган муҳим янгиликлардан бири, бу — қурилиш соҳасида “эскроу” тизимига ўтилиши белгиланаётгани бўлди.
Ушбу тизимнинг моҳияти шундаки, улушли шартнома бўйича маблағлар улушдор томонидан қурувчи, улушдор ва тижорат банки ўртасида тузиладиган шартнома асосида ваколатли тижорат банкида очилган “эскроу” ҳисобварағига жойлаштирилади ва депонентланади. Яъни пул маблағлари тўғридан-тўғри қурувчига эмас, балки банкда очилган махсус “эскроу” ҳисобварағига ўтказилади ҳамда ушбу пул маблағлари қурилиш объекти бўйича ўз мажбуриятларини бажаргандан сўнг қурилиш ташкилотига ўтказиб берилади.
Таъкидлаш жоизки, “эскроу” ҳисобварағидан фойдаланиш дунё давлатлари тажрибасида ўзини оқлаган самарали тизим бўлиб, бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, шунингдек, Европа Иттифоқининг аксарият мамлакатлари кўчмас мулк олди-сотдисида ушбу механизмдан фаол фойдаланиб келинмоқда.
Қурилиш соҳасида “эскроу” ҳисобварағидан фойдаланиш тарафларнинг ўз мажбуриятлари бажарилишини таъминлашга қаратилган бўлиб, унинг жорий этилиши, ўз навбатида, бугунги кунда амалиётда учраётган улушдорларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказилиши билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Мазкур тизимнинг яна бир ижобий томони шундаки, “эскроу” ҳисобварағидаги маблағлар кафолатланган пул маблағлари бўлиб, улушдорнинг ёки қурувчининг учинчи шахслар олдидаги мажбуриятлари юзасидан “эскроу” ҳисобварағи бўйича операциялар тўхтатиб турилишига, ундаги маблағлар хатланишига ёки ҳисобдан чиқарилишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, қурилиш ташкилоти ўз мажбуриятларини бажармаганда ёки банкрот бўлганда, ушбу маблағлар ўз эгалари (улушдорлар)га қайтариб берилади. Бу эса, ўз навбатида, улушли қурилишда иштирок этаётган ёки қатнашмоқчи бўлган фуқароларнинг мазкур жараёндаги ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши борасидаги кафолатларни кучайтиради.
Шунингдек, ушбу Фармон билан уй-жой қурилиши соҳасини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланган бўлиб, унда уй-жой қурилиши соҳасини такомиллаштириш, ушбу жараённинг ҳуқуқий асосларини янада кучайтиришга қаратилган қатор муҳим вазифалар белгиланди.
Хусусан, мазкур чора-тадбирлар дастурида “Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуришда иштирок этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини (2025 йил март) ишлаб чиқиш ҳамда қурилаётган кўп квартирали хонадонларни улушдорларга ўтказиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини (2025 йил март) ишлаб чиқиш каби вазифалар белгиланди.
Айтиш жоизки, кўп квартирали уй-жойлар қурилишида фуқароларнинг улуш киритиш асосида иштирок этиши ва ушбу уйлардаги хонадонларни улушдорларга ўтказиб бериш тартибини белгиловчи махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжат бугунги кунда мавжуд эмас. Шу билан бирга, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида, хусусан, Уй-жой кодексида ва бошқа қонуности ҳужжатларида ушбу масалалар етарлича ҳуқуқий тартибга солинмаган эди.
Эндиликда мазкур ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши ва амалиётга татбиқ этилиши уй-жой қурилиши соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг аниқ механизмлари белгиланишига,
фуқароларнинг уй-жойларга эга бўлиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади ва энг муҳими, мазкур жараёнда улушдор бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга замин яратади. Шу билан бирга, чора-тадбирлар дастурида кўрсатилган ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши амалдаги қатор қонунчилик ҳужжатларига ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни талаб этади.
Бугунги кунда юртимизда қурилиш соҳасида, хусусан, уй-жой қурилиши борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина ўтган йил давомида 100 мингдан зиёд хонадонга эга бўлган 2 150 га яқин кўп қаватли уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада 40 мингдан зиёд оилалар янги уй-жойли бўлди. 2025 йилда эса 135 минг хонадонларга эга кўп қаватли шинам, кўркам ва замонавий уй-жойлар барпо этилиши кўзда тутилган.
Қаҳҳор ЖУМАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
етакчи илмий ходими.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг