Депутат мажбурий эмлаш жорий этилишидан хавотирда

18:05 14 Июль 2021 Жамият
1626 0

Ушбу саволга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев жавоб берди

"Қонунчилик палатасининг эртанги ялпи мажлисида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси таклифига асосан, аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиниши режалаштирилган. Ялпи мажлисда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиевнинг ахбороти эшитилади.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси қарори билан коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссиясига аҳолининг бир қатор қатламларига (13 хил қатламга) коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш ўтказиш лозимлигини тавсия қилиши кутилмоқда.

Бугун ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида шу масала муҳокамаси бўлиб ўтди ва қарор бўйича бир қатор эътирозларимни билдирдим. Жумладан, маълум аҳоли қатламлари учун тавсия этилаётган «оммавий эмлаш» ушбу аҳоли вакилларига эмланиш мажбурий эканини англатадими? Агар бу эмланишни мажбурий бўлишини англатса, унинг амалга ошириш механизми қандай? Эмлашдан бош тортган фуқарога нисбатан қандайдир жарима, чеклов ёки жазо чоралари қўлланиладими? Афсуски, бу саволларни ҳеч бирига қониқарли жавоб олмадим.

Қолаверса, Махсус Комиссияга аниқ механизмларсиз мажбурий эмланиш чора-тадбирларини амалга ошириш ваколатини бериш қанчалик тўғри? Эртага МК қарорлари жойларда «салла деса, каллани олиб келадиган» ижрочилар томонидан нотўғри талқин қилиб, фуқаролар ҳуқуқлари қўпол бузилмаслигига ким кафолат беради?

Тушунаман, фавқулодда ҳолатлар фавқулодда қарорлар қабул қилинишини тақозо этади, лекин бу қарорлар биринчи навбатда конституцион нормаларни бузмаган ҳолда амалга оширилиши керак.

Шахсан мен ҳам аҳоли ўртасида вакциналаш суръатини ошириш тарафдориман. Лекин буни тўғридан-тўғри мажбурлаш ва вакцина олмаганларга жарима ёки жазо белгилаш орқали амалга оширилиши тарафдори эмасман. Аксинча, аввал ҳам айтганимдек, аҳоли ўртасида вакциналаш суръатини ошириш жараёнини рағбатлантириш ва қўшимча имтиёз ва ҳаракатларни чеклаш воситаларини қамраб олиши керак.

Мисол учун, биринчи навбатда, фуқароларга 2-3 хил турдаги вакцина танловини тақдим этиш лозим.

Иккинчидан, вакцина олганларга қимматбаҳо пуллик ютуқлар ютиб олиш ёки бирор ҳаммага тегишли турдаги хизматлардан имтиёз олиш имкониятини бериш мумкин.

Учинчидан, вакцина олганларга ишдан қўшимча дам олиш кунлари тақдим этиш мумкин.

Чеклов нуқтаи назаридан, белгиланган муддатларда вакцина олмаган 18 ёшдан юқори фуқароларга ички ҳаво ва поезд рейсларида хизмат кўрсатишни чеклаш ёки кўпчилик тўпланадиган жамоат жойлари ва тадбирларига, дейлик спорт ўйинлари, концерт, киноларга боришни тақиқлаш мумкин.

Шунингдек, вакцина олмаган 18 ёшдан юқори фуқароларга асосий бўлмаган давлат хизматларини кўрсатишни чеклаш ёки фақатгина ходимлари вакциналанган савдо ва пулли хизмат кўрсатиш субъектларга фаолият кўрсатишга рухсат беришни йўлга қўйиш мумкин. Яъни фуқароларни тўғридан-тўғри мажбурлаш орқали эмас, балки уларни эмланишдан манфаатдор қилиш орқали аҳолини оммавий эмлашга эришиш керак.

P.S. Балким адашаётгандирман, лекин менга эртага қабул қилиниши кутилаётган Палата қарори худдики «страховка» сифатида илгари сурилаётгандек. Яъни вакцина олишни мажбурий этиб белгилаш қарори жамоатчилик орасида кескин эътирозларга сабаб бўладиган бўлса, гўёки мажбурий эмлаш ташаббуси халқ вакиллари томонидан таклиф этилган ва ҳаммасига депутатларни айбдор этиб кўрсатиш мумкин бўлади".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?