Эл саломатлиги учун қайғурган жадид

15:15 25 Сентябр 2024 Жамият
477 0

Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Бухорони ўз шахсий маблағи эвазига тоза ичимлик суви билан таъминламоқчи бўлган маърифатпарвар ҳақида эшитганмисиз?

Ўтган аср бошларида Бухорода ришта касаллиги авж олганини ўтмишдан хабардор киши яхши билади. Ўшанда, аниқроғи, юрт талатўплар гирдобида қолган 20-йилларда бу касаллик манбаи шаҳар ҳовузларидаги ифлосланган сув эканлиги аниқланади.

Бундай ҳолатда муаммони бартараф этишнинг ягона йўли водопровод тармоғини тортиш орқали шаҳар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш эди. Аммо эндигина тетапоя қадамлар қўяётган Бухоро Халқ республикаси (1920­­—1924 йиллар) бу юмушни бажариш салоҳиятига эга бўлмаган. Қолаверса, чўян, темир қувурлар анқонинг уруғи эди.

Шунда Бухоро жадидларининг энг фаолларидан бири, шоир Мунзим (Мирзо Абдувоҳид Бурҳонов) шахсий ташаббус билан чиқади. У ўз ҳисобидан шаҳарни водопроводлаштирмоқчи бўлади. Шу мақсадда каттагина жамғармасини сарфлаб, кулолларга уч минг дона сопол қувур тайёрлатади. Мунзимнинг дўсти, сафдоши, атоқли адиб Садриддин Айнийнинг “Эсталиклар” асарида қайд этилишича, бу қувурлар ҳар бирининг узунлиги бир метр, диаметри 25 сантиметр, қалинлиги эса икки сантиметр бўлган. Ўша пайтдаги ҳукуматда соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаб турган Мирзо Абдувоҳид Бурҳонов ўз ғоясини амалга оширмоқ умидида Когон шаҳрига бориб, паровоз ремонт қилиш депосида ишлайдиган, шу соҳани дуруст биладиган муҳандисга учрайди.

— Мунзим... шу қувурлар орқали Зарафшон дарёсидан сув оқизиб келишни мўлжаллайди, — дея ёзади Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Сулаймон Иноятов бу маърифатпарвар инсон ҳақидаги мақолаларидан бирида. — Шаҳар яқинида сув ҳавзаси қазишни ҳам ҳисобга олади. Агар трубалар камлик қилса, оғайниларидан қарз олиб, бу ишни бажаришни хаёлидан ўтказади.

Аммо муҳандиснинг илмий асосланган сўзлари, қолаверса, унинг ниятидан воқиф бўлган Садриддин Айнийнинг далиллари Мирзо Абдулвоҳидни бу фикрдан қайтаради. Негаки, мантиқан олиб қараганда, сополдан тайёрлангани темир қувур ўрнини босолмас, сув зарбига тоб беролмасди. Шунга қарамасдан маърифатпарвар бу инсоннинг ўша оғир дамларда халққа хайрихоҳ бўлгани, эл саломатлигини ўйлагани таҳсинга сазовор, албатта.

Айтмоқчи, орадан бир қанча вақт ўтиб, Мирзо Абдулвоҳиднинг орзу-умидлари ушалди. Шаҳар аҳолиси бошига ришта балосини келтирган ҳовузлар сувидан истеъмол қилишга барҳам берилиб, ҳудуд санитария аҳволи яхшиланди. 1927 – 1929 йилларда таниқли архитектор Владимир Шухов лойиҳаси асосида Арк қўрғони рўпарасида 40 метрли сув минораси барпо этилди. Бу иншоотдан 1968 йилга қадар фойдаланилди. Беш йилча муқаддам у француз сармоядорлари иштирокидаги бунёдкорлик юмушларидан кейин сайёҳлар ташриф буюрадиган масканга айлантирилди.

Мирзо Абдулвоҳид Бурҳоновга келсак, бу фидойи инсоннинг серқирра фаолияти ҳақида соатлаб сўзлаш мумкин. Биз бу ўринда унинг Бухорода янги усулдаги мактаб очиш ташаббускорларидан экани, 20-йилларда бухоролик ёшларни Германияга ўқишга юборишга бош-қош бўлгани, шоирлиги, ноширлиги, журналистлигини айтиш билан чекланмоқчимиз.

Маърифатпарвар юртдошимиз хасталик туфайли 1934 йилда Душанбе шаҳрида вафот этган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер