Экологик хавф: Тошкентдаги вазият мамлакат миқёсида чора кўришни талаб этмоқда
Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида ҳаво сифати пасайиб, экологик вазиятнинг кескинлашиши жиддий огоҳлантирув сифатида баҳоланмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан пойтахтдаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилган муҳим фармон имзолангани тезкор чоралар кўриш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
Фармонда Тошкентда ҳавонинг кескин ифлосланаётгани, бу ҳолат аҳоли саломатлигига хавф туғдираётгани очиқ баён этилди. Ҳавода чанг ва зарарли моддалар кўпайиши, қурилиш ишларининг жадал кечаётгани, ёғингарчиликнинг камайиши каби омилларга қарши кечиктирилмас чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Бу ҳужжат фақат пойтахт эмас, балки бутун мамлакат учун муҳим огоҳлантирув мезони сифатида қабул қилинмоқда. Чунки экологик муаммолар айрим ҳудудлар билан чекланиб қолмаяпти — жараён республиканинг бир қатор вилоятларида, жумладан Сурхондарёда ҳам сезилмоқда.
Сурхондарё вилоятида куз мавсумининг қуруқ келиши, қурилиш ишларининг кўпайиши ва табиий ҳаво оқимларининг ўзгариши чангланиш даражасини оширган. Шу боис ҳудудда амалий чоралар кучайтирилди. Йўлларга махсус техникалар орқали мунтазам сув сепилмоқда, дарахтлар ювилмоқда ва яшил ҳудудлар суғорилмоқда. Бу тадбирлар чанг кўтарилишини камайтиришда энг самарали усуллардан бири ҳисобланади.

Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, ички ишлар ва Миллий гвардия вилоят бошқармалари ҳамкорлигида Термиз шаҳрида профилактик рейдлар ўтказилмоқда. Рейдлар давомида ошхона, ресторан, кафе, қурилиш майдонлари ва саноат корхоналарининг фаолияти ўрганилмоқда.
— Муассасаларда чангланишдан ҳимоя воситалари, фильтрлар, дуд чиқариш тизимлари ва санитария ҳолати текширилмоқда, — дейди бошқарманинг маъмурий амалиёт бўйича бош мутахассиси Ихтиёр Эргашев. — Тадбиркорларга фильтрларни самарали ишлатиш, чиқинди газлар ва чангнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш юзасидан тушунтиришлар берилмоқда. Талабларга риоя этмаган корхоналарга огоҳлантирувлар берилиб, камчиликларни зудлик билан бартараф этиш топширилмоқда.

Президент фармони асосан Тошкентдаги вазиятга қаратилган бўлса-да, мамлакатнинг барча ҳудудлари бу огоҳлантирувдан тўғри хулоса чиқариши зарур. Чунки экологик муаммо ҳудуд танламайди. Сурхондарёда амалга оширилаётган чора-тадбирлар эса бу масалага масъулият билан ёндашиш ҳаётий аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Ҳаво — умумий неъмат. Уни асраш эса ҳар бир корхона, ҳар бир раҳбар ва ҳар бир фуқаронинг умумий бурчидир. Бугун кўрилган ғамхўрлик эртанги соғлом ҳаётнинг пойдеворини яратади.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг