Дунёдаги ярмаркада Ўзбекистон ҳунармандларини кутишмоқда
Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, 30 апрель куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги фахрий консули Кэрол Лопез билан видеоконференция ташкил этилди. Унинг қароргоҳи Нью-Мексико штатидаги Санта-Фе шаҳрида жойлашган бўлиб, Лопез хоним ҳар йили ўтказиладиган Халқаро халқ амалий санъати буюмлари ярмаркаси директорлар кенгаши аъзоси ҳам ҳисобланади.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон 60 давлатдан 150 дан зиёд ҳунармандлар иштирок этадиган дунёдаги энг йирик ушбу форумнинг доимий қатнашчиларидан биридир. Уч кун давом этадиган ярмаркада қарийб 3 миллион долларлик халқ амалий санъати намуналари сотилади. Эътиборлиси, мамлакатимиз вакиллари 250 мингдан 500 минг долларгача бўлган маҳсулотларни харидорларга тақдим этиб, доимо етакчилар сафидан жой олади.
Ўзаро мулоқот чоғида юртимиздан маҳсулотларни етказиб бериш бўйича электрон платформа яратиш орқали маҳаллий ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, республикамизнинг Нью-Мексико штатидаги компаниялар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигини кучайтириш масаласи муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Кэрол Лопез элчихонанинг Ўзбекистон товарлари онлайн савдосини амалга ошириш имкониятини берадиган веб-сайт яратиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади ва америкалик экспертлар ҳамда маҳаллий ишбилармонлар билан биргаликда АҚШга юртимиз маҳсулотлари экспортини йўлга қўйишни кўриб чиқаётганини таъкидлади.
Якунда у ўзининг видеомурожаатини Ўзбекистондаги барча ҳунармандларга етказиб қўйишни сўради. Лопез мурожаатида, жумладан, шундай деди:
“Азиз дўстлар!
Исм-шарифим Кэрол Лопез. Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатларидаги фахрий консули бўлиш мен учун катта шарафдир. Мен, шунингдек, ҳар йили Нью-Мексико штати Санта-Фе шаҳрида ўтказиб келинадиган Халқаро халқ амалий санъати буюмлари ярмаркаси директорлар кенгаши аъзосиман.
Ҳар йили бизнинг кўргазмада дунёнинг турли бурчакларидан минглаб ҳунармандлар иштирок этади. Афсуски, COVID-19 тарқалиши сабабли биз жорий йилда бу кўргазмани бекор қилишга мажбур бўлдик.
Бироқ бу йил давомида танлов учун танланган барча иштирокчилар, шу жумладан, ўзбекистонлик усталар ҳам 2021 йилги маҳсулотлар кўргазмаси ва савдоси учун автоматик тарзда рўйхатдан ўтказилади. Қолаверса, биз усталаримиз, айниқса, ўзбекистонлик ҳунармандлар ясаган, нафислиги билан ҳар йили барча қатнашчиларнинг ҳайратига сазовор бўладиган гўзал маҳсулотларни сотиш учун махсус онлайн-савдо платформани ташкил этиш устида иш олиб боряпмиз. Пандемиянинг ҳозирги шароитида биз АҚШдаги ва Ўзбекистон Ҳунармандлари уюшмасидаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда ўзбек ҳунармандлари маҳсулотларининг электрон савдо майдонини яратиш бўйича ҳам саъй-ҳаракатлар олиб боряпмиз.
Ўзбекистон ҳукуматининг маҳаллий ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича жадал қадамлар ташлаётганидан жуда хурсандман. Уларнинг ижодий фаолияти ва санъат асарларини республика экспорт салоҳиятини кучайтиришнинг муҳим қисми сифатида белгилаб олингани энг оқилона қарордир. Ўзбекистонда ушбу соҳада тадбиркорлик фаолиятига кўмак бериш доирасида амалга оширилаётган ишлар мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, ўзбек халқининг бетакрор ва кўп асрлик ажойиб маданиятини сақлашда муҳим омил ҳисобланади.
Шу муносабат билан барча ҳунармандларни ўз санъатлари устида астойдил ва тинимсиз ишлашларига чақириб қоламан. Умид қиламанки, барча ҳунармандлар, рассомлар ва санъатшунослар коронавирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин доирасида айни пайтда ўз вақтларини уйларида ўтказишяпти ва ўз фаолиятини мамнуният билан давом эттиришмоқда.
Ҳурматли Ўзбекистон ҳунармандлари!
Сиз ва сизнинг санъатингизни Нью-Мексико, Техас, Висконсин ва АҚШнинг бошқа ҳудудларидаги кўргазмаларимизда интиқлик билан кутишмоқда.
Нью-Мексико, Санта-Федан энг яхши тилаклар билан,
Кэрол Лопез!”
Саиджон МАХСУМОВ
(“Халқ сўзи”) тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг