Дунё сайёҳлари эътиборидаги тарихий манзил

Архив сурат
Хива — дунё сайёҳлари эътибори ва эътирофидаги тарихий шаҳар. Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти рўйхатига олинган, тарихий-меъморий обидалари яхлит жойлашган эртакнамо манзил — “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасига ташриф буюраётган хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳлар сони йил сайин ошиб бормоқда.
Маълумки, 2022 йил 27 — 29 июнь кунлари Боку шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг XI сессиясида Хива шаҳри 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилинган эди.
Айни кунларда Президентимизнинг “Хива — 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти” халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича вилоят миқёсида, жумладан, “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасида ҳам қизғин тараддуд кўрилмоқда.
— Мазкур анжуман доирасида Хивада халқаро тадбирнинг тантанали очилиши, ИҲТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг навбатдаги сессияси ўтказилиши, чет эллик меҳмонлар, экспертлар иштирокида муҳим мавзуларда анжуманлар, “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги”, Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган “Strongmen” халқаро баҳодирлар ўйини мусобақаси, маданий ва гастрономик фестиваллар ўтказилиши режалаштирилган, — дейди “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси раҳбари Азамат Қурбонов. — Айни кунларда халқаро тадбирларни юқори савияда ўтказиш мақсадида ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда, музейларда янги экспозиция ва кўргазмалар ташкил қилиш ишлари ҳам режали давом этяпти.
Қолаверса, сайёҳлик тарғиботи йўналишида ўзбек, рус, инглиз, араб, француз ва бошқа хорижий тилларда буклетлар, йўлкўрсаткич қўлланмалари тайёрлаш, ногиронлар, турли ёшдаги ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилмоқда.
Туркия, Озарбайжон, Россия, Испания, Хитой ҳамда бошқа чет давлатлардаги музейлар ва музей-қўриқхоналар билан ҳамкорлик алоқалари асосида музейшунослик ҳамда сайёҳларга намунали хизмат кўрсатиш соҳасида илғор тажриба ҳамда технологиялар амалиётга жорий этилаётир. Музей-қўриқхонада масъул мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолияти учун зарур техник воситалар билан таъминланган штаб ташкил қилинди.
Ҳар жиҳатдан пухта тараддуд кўрилаётган нуфузли тадбирлар серқуёш ва бағрикенг Ўзбекистоннинг, шу жумладан, Хива шаҳрининг туристик салоҳиятини халқаро майдонда янада фаол тарғиб қилиш ҳамда пировардида, сайёҳлар сонини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Отабек ИСМОИЛОВ, журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг