Дунё рекордини янгилаган мингбулоқлик Тўмарис

00:20 10 Сентябр 2024 Жамият
657 0

Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида пара енгил атлетика бўйича аёллар ўртасида «F54» классида найза улоқтириш дастурининг финал баҳсида 21.12 метр натижа қайд этган ҳамюртимиз Нурхон Қурбонова жаҳон рекордини янгилади ва делегациямиз ҳисобига 10-олтин медални тақдим этди. Нурхон бундан аввал, 2 сентябрь куни «F54» классида ядро улоқтиришда 7,75 метр натижа кўрсатиб, бронза медаль олганди. Дарвоқе, «F54» классида найза улоқтириш бўйича амалдаги жаҳон рекорди ҳам айнан Нурхонга тегишли бўлган. Пара атлетимиз шу йил Японияда бўлган жаҳон чемпионатида 20.73 метр натижа билан жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлган эди. «Токио — 2020» Паралимпиясида эса кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган.

Мингбулоқ туманидаги Маданият маҳалласида туғилиб ўсган матонатли спортчи билан Париж сафарига жўнашидан бир муддат аввал учрашган эдик. Нурхон суҳбат чоғида ногиронлиги сабаб маҳзун кечган болалиги, изтиробли кечинмалари, қийинчиликларни енгиш йўлидаги сабот, спорт оламига кириб келиши, муваффақиятга эришишида тиргак бўлган инсонлар ҳақида сўзлаб берди.

Қувонч ва ташвиш эгизак

— Болалигимда жудаям уятчан, тортинчоқ, лекин ўзига яраша шўх қиз бўлганман. Дарахтма-дарахт сакраб юриш доимий машғулотларимдан бўлган. Уйдагилар «каратэчи қизим» деб эркалатишарди. Чақалоқлигимдан умуртқамдан биттаси етишмасди. Шу сабаб оёғимдаги асаб томирларини қисиб қўйиб, 16 ёшга кирганимда дард кескин кучайди. Оёғим менга бўйсунмай борарди. Начора, қўлтиқтаёқда юришга мажбур бўла бошладим. Уятчан ва яна тинмайдиган қиз бунақа ҳолатга тушиб қолса… Бошига тушган одамгина буни тасаввур қилолса керак, — дея хотирлайди Нурхон. — Биласизми, ўшанда ҳаёт менга шунақа рангсиз — оқ-қора бўлиб кўринардида. Бор мақсадиму орзуларимни йўқотиб қўйган одамга айланиб қолаётгандек эдим. Аслида дунё кезишни, саёҳатга чиқишни орзу қилардим. Мусаввир бўлишни ҳам ният қилгандим. Афсуски, тақдир тақозоси билан имкониятларим чекланиб қолди.

Кейин ўйлаб кўрсам имкониятим чекланиб қолди, дейишим нотўғри экан. Оёғингиз юрмай ёки кўзингиз кўрмай қолса, энди иложи йўқ, дегани эмас. Бунақа пайтда одамнинг ўзи имкониятини чеклаб қўяди. Агар инсон хоҳласа, ҳамма нарсага эришиши мумкин эканлигини амалда исботлашга аҳд қилдим…

2016 йили Фарғона вилоятидаги имконияти чекланганлар учун махсус касб-ҳунар коллежига ўқишга бордим. Ҳақиқатан ҳам ҳеч бир иложсиз ҳолатга тушган тенгқурларимни учратдим. Уларни кўриб, Аллоҳга шукур деганман, юрмасам ҳам. Қарасангиз, умуман муҳит бўлакча… Чинакамига имконсиз болалар эди улар. Қўл-оёғи бутун, лекин ақли заиф. Ана шулар ўрнига ўзимни қўйиб кўриб, ўйга толганман: агар оёқларим соғу ақлим заиф бўлиб қолганимда борми? Унда нима бўларди?..

2017 йили пара енгил атлетика ­бўйича Муҳайёхон Парпиевага шогирд тушдим. У мени бошланғич машғулотлардан олиб ўтиб, катта спортга тайёрлай бошлади. 2018 йилнинг ноябрида кейинги мураббийим Яҳёбек Якубов шогирдликка олди. Анча машғулотлардан сўнг, 2019 йили яхши ният билан Ўзбекистон чемпионатида қатнашдик. Не бахтки, учта олтин медални қўлга киритганмиз.

Биринчи марта юролмай қолганимда, тенгдошларимга ҳавасим кучли бўлган. Ҳаммалари папка кўтариб ўқишга боришарди. «Университетга кираман, бунақа институтда ўқийман», деб мақтанишарди. Дугоналар, курсдошлар учрашиб, кафеларда яйраб ўтиришарди. Ичим қизирди, жудаям ҳавас қилардим. Бироқ шундай чоғларда ёлғизланиб қолгандай сезардим ўзимни…

Спортга илк қадам қўйган чоғлар ҳеч эсимдан чиқмайди. Атрофга қараб қўрқиб кетганман. Соғлом болалар югуриб юришибди. Боксчилар машғулот билан банд. «Вой, шунча одам ичида шуғуллангани уяламан», дердим. Ташқарига машғулотга олиб чиқишса ҳам югуриб кетаётган соғлом ўғил-қизлар худди менга қараб гапираётгандек, мазахлаётгандек жудаям ноқулай ҳис этардим ўзимни.

Ҳаётдаги унутилмас икки зарба

Нурхоннинг сўзларини диққат билан тинглашда давом этамиз:

— 2019 йилнинг июнь ойида Тунис шаҳрига классификациядан ўтиш учун юборишди. Ўзим ёлғиз кетдим. «Агар 56 класс олиб қолсангиз, сиз билан хайрлашамиз» дейишган.

Афсуски, шундай класс беришади. Умуртқангизни қаеригача ишлаб, ишламаётганга қараб классификация белгиланади. Менда умуртқаларим, умуман, бел соҳам яхши ишламасди. 56 класс олганимда, натижалар бўйича улар билан баҳс олиб боролмасдим. Жудаям мушкул бўларди. Чунки уларнинг натижалари юқори. Кетаётганимда, шундай де­йишган. Роса қўрққанман.

Классификациядан ўтолмай қол­сам, спортдан кетишимга тўғри келсая, деган ўй тинчлик бермасди. «Кейин нима билан шуғулланаман? Ҳаётимни қандай кечади?» деган саволлар қийнарди мени. Унда бугунгидай имконияти чекланганлар учун ОТМга киришда имтиёз йўқ эди. Кейин борганимда, 54 класс олдим.

Ўша йили Дубай шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрдик. Мен иштирок этаётган илк катта мусобақа эди бу. Чемпионатда натижаларим яхши бўлган. Лекин бизда озгина тажриба етишмади. 5-ўрин билан кифояланганмиз. Битта уринишимни ҳисоблашмаган. Бу ҳаётимдаги иккинчи зарба эди. Хаёлимдан «Спортни ташлаб кетаман, йиғиштираман, бўлди!» деган фикрлар кечган.

Нима бўлганда ҳам, ҳаётда интилиб яшаш керак экан: хоҳ сиз ногирон бўлинг, хоҳ соғлом. Агар истасангиз, хоҳлаган чўққингизни забт этишингиз мумкин. Йиқилиб, қоқилиб тиззаларингиз шилиниши, бу — бор нарса. Лекин инсон ҳаётда ўзини қўлга олиб, яна юриб кетиши учун ўзида куч топа олиши керак. Агар шу кучни тополмаса, омадим келмади, ҳаёт ўзи шунақа экан, дея кўникади. Лекин бунга рози бўлманг, сиз ҳаракат қилинг.

Паралимпиадада 2016 йили Рио-де-Жанейродан чемпион бўлиб келган спортчиларни биламан. Президентимиз уларга енгил машиналар совға қилган. Ёнида байроғимиз билан «Рио — 2016» деб ёзилган стикери бор эди. Ўша машинани ҳар сафар кўрганимда, ҳавас қилардим — мен ҳам Президентимиздан шунақа совға олсам, деб.

2020 йили карантин даврида уй шароитида қолиб кетдик. Ҳаттоки, ўзимизнинг стадионларда, фитнес залларида ҳам машғулот ўташга рухсат йўқ эди. Уйимизнинг ёнида болалар учун майдонча бўларди. Синглим билан чиқиб, мураббийга қўнғироқ қилдик. Биргаликда астойдил шуғулландик.

Одам хоҳласа, имконият топар экан.

Спортда кутилмаган воқеалар кўп

— 2021 йилнинг февралида Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган Гран-при мусобақаларида найза, ядро, диск улоқтириш турларидан учта олтин медални қўлга киритдим, — дейди суҳбатдошимиз. — Бу «Токио — 2020» Паралимпия ўйинларига лицензияни олиш, дегани. Биз Японияга жўнаб кетишимиздан бир кун олдин ниҳоятда қувондим. Чунки, энг катта орзум Олимпиадада қатнашиш эди. Атрофимдагиларга, уйимдагиларга, айниқса, Ватанимга бирор фойдам тегишини истардим.

Токиога етиб бордик. Карантин талаблари жуда кучли. Мусобақа кунларимиз аниқ. Мен ўзимдан юқори классдагилар билан тушишимга тўғ­ри келди. Чунки классимизда мусобақада қатнашиш учун фақатгина иккита одам буюртма берган. Агар 4 та одам бўлса ҳам алоҳида беллашув ўтказилмайди. 6 ёки 8 тадан кўп бўлиши керак.

Бизнинг мусобақамизни 55 класслар билан қўшган ҳолатда ўтказишди. Энг кучли рақибим — ядро улоқтириш бўйича жаҳон чемпионатида биринчи ўринни олган. Ўша билан тушдик. «Худо хоҳласа, рекорд ўрнатаман!» деб ният қилгандим. 6-ўринни эгаллаганимда кайфиятим жуда тушиб кетди. Ичкарига кирганимда, бош мураббий «Ўз классингда рекорд ўрнатибсан. Жаҳон рекордини янгиладинг!» деб табриклади. Лекин медаль ололмадим, деганимда «Сен ўз классингда бўлганингда, олтин медаль олган бўлардинг» деб таскин берди.

Иккинчи турга тайёргарлик кўряпман. Спортчи бундай пайтларда жуда ҳаяжонда бўлади. Айниқса, Олимпия ўйинларидан медалсиз қайтиб келиш уятли, одамнинг қаддини букади бу.

Хитойлик, россиялик, мексикалик, тунислик кучли рақибларим бор эди. Шунинг учун таваккал қилиб охиргидан битта олдинги бўлиб отадиган бўлдим. Мураббийим «Қизим, ўз натижангдан ўз. Худо хоҳласа, медалга имкониятинг бор» деди. Отганимда 7,77 метрлик натижа билан бронза медални қўлга киритдим. Байроғимизни олдиму «Аллоҳга шукр» деб баланд кўтардим.

Кейинги тургача яна 4 кун вақтимиз бор. Хонада медалимни хурсанд бўлиб ушлаб қўяман. «Ростдан медаль меникими?» деб ишонгим келмасди.

Диск улоқтираётганимда, икки тарафга ўрнатилган катта таблога кўз югуртираман. Эълон қилишяпти: Ўзбекистон! World rekord Uzbeкistan! Юрагим дукурлаб кетди.

Ядро отгани тушганимда Ватанимиз байроғи кўриняпти. «Нурхон, бу қўлингдан келади. Сен бу ерга ўзинг учун келмагансан. Елкангда Ватан шону шарафи турибди, халқнинг, Юртбошингнинг ишончи турибди. Кейин шуни нега яхшироқ бажара олмадим, деб афсусланма! Бошқа давлатларнинг спортчилари орасида ўзбек қизи қанақалигини кўрсат!» дедим ичимда ўзимга-ўзим.

Рекордимни янгиладим. Ва ўзимга дейман: «Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳали мен кўрсатаман сизларга ўзбек фарзандини, тўмарислар авлоди қандайлигини!..”

Охирги турда кумуш медални қўлга киритганимда, байроғимизни мураббийим билан тенг кўтардик. Лекин… Мақсадим олтин медални олиш эди.

Ҳар бир спортчи учун энг кучли мотивация берувчилар, бу унинг оила аъзолари бўлса керак. Қўллаб-қувватлаб, ишонч билдириб турган ота-она, ака-ука, яқинлар. Ойимга машғулотларда қийналиб, тушкунликка тушиб, йиғлаб телефон қилсам, «Ҳаётда имкониятинг чекланган бўлса ҳам яшаш учун имкониятинг чегараланмаган, қизим. Сен ҳаракат қиляпсан, курашяпсан. Шунинг ўзи биз учун катта давлат. Уёғи секин-секин бўлаверади, қизим. Ҳаммаси яхши бўлади. Мен ишонаман», деб далда берарди.

Олимпиада тугаб, юртимизга қайтдик. Самолётимиз ерга қўниши билан ўзим билмаган ҳолда «Ватаним менинг!» деб бақирибман. Ҳамма менга қараяпти… Аэропортдан чиқсак, турнақатор автобуслар, беҳисоб мухлислар... Ҳаммасини биз учун махсус тайёрлашган. Кичкинагина хизматимизни Юртбошимиз юксак баҳолаб, беқиёс эътибор билан кутиб олишади, деб ўйламагандик.

«Янги Ўзбекистон» боғига бориб, у ерга гул қўйганимизда, оламдаги энг бахтиёр қиздек ҳис этдим ўзимни…

Президент ишончидан куч олдим

Нурхоннинг юзи қувончдан балқиб, сўзида давом этади:

— Президентимизнинг ҳузурига кирдик. Биласизми, давлат раҳбари билан юзма-юз туриш қандай бахт?! Бу ўзбек фарзанди учун жуда катта орзунинг ушалиши. Юртбошимиз гапиряпти, мен эса ҳаяжондан кўз ёшимни тиёолмайман.

«Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Сизлар ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётингиз, машаққатли йўлингиз, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз, улар албатта, сизларга эргашади.

Сизлар тақдир синовларига мардона бардош бериб, сабр-тоқат ва шукроналик руҳи билан, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиб яшаётганингизнинг ўзи катта жасорат ва қаҳрамонлик намунасидир. Бундай инсонларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида халқимиз, айниқса, ёшларимиз қанчалик кўп хабардор бўлса, улардан ўрнак олиб яшаса, бу жамиятимиздаги маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади» — деганларича ёнимга келиб, кўксимга «Ўзбе­кистонда хизмат кўрсатган спортчи» унвони кўкрак нишонини таққанидаги ҳолатимни тушунтириб беришим қийин. Жуда катта ҳаяжон! Ҳатто мусобақада ҳам бунчалик ҳаяжонланмаганман.

Кўнглимнинг туб-тубига мақсадлар қўйдим: 2024 йили Парижда ўтказиладиган Паралимпия ўйинларида бундан яхши натижалар кўрсатиб, яна бир марта у давлатимиз раҳбари билан учрашаман. Худо хоҳласа, бу ниятларимга ҳам етаман!

Бир пайтлар кичкина синглим Мадина озроқ тушкунликка тушиб қолган. Ҳаётга қизиқиши сусайган, ўқишга ҳужжат топширишга ҳам қизиқиши йўқ. Ҳамма нарсадан умидини узгандек яшардида. «Менинг қўлимдан келмайди» деган ҳиссиёт кучли бўлган. Ўзимнинг машғулотларимга етакладим, бажараётган машқларимни кўрарди.

Кейин хонамизга келганимизда айтардим: синглим, менинг оёғим ишламайди. Мен юролмайман, лекин қара, ҳаётда бахтли яшаш учун ҳаракат қиляпман. Нега сен иккита оёғинг, иккита қўлинг, бутун вужудинг соғлом бўла туриб келажак учун курашмайсан?! Ҳаракат қил, дегандим.

Ҳозир айтади: — Опа, ўша пайтларда жуда яхши иш қилгансиз. Гапларингиздан ўзимга куч олганман…

Ҳаётда синглимнинг ўз йўлига тушиб кета олишига қайсидир маънода ҳиссамни қўша олганимни эсласам, дилим равшанлашади. Лекин ўзимга ҳам осон бўлмаган. Энг кўп қийналган даврим илк машғулотлар пайти бўлган. Спорт майдонигача 6-7 километр масофани босиб ўтишга тўғри келарди. Кўпинча йўлкирага пулим бўлмасди. Ёрқинбек Одилов деган йигит жуда кўп ёрдам берган.

Баъзан пиёда кросс қилиб ётоқхонага қайтардим. Жуда қийин бўлган. Чунки қўлларим оғриганидан аравачадан диванга ўтгани қийналардим. Шунда ҳам тўхтаб қолмайман, курашаман, яхши бўлади, дердим. У ерда ҳатто такси чақирганимизда ҳайдовчилар бизни олиб кетишни хоҳлашмасди. Аравачангиз сиғмайди, дейишарди доим. Олиб кетган яхши ҳайдовчилар бўларди, индамасдан кетиб қолганлари ҳам кўп эди. Оч қолиб кетардим. Кейин пиёда йўлга чиқардим. Эҳ-ҳе! Не оғир синовлар тушди бошимга, ҳаммасини матонат билан енгдим.

****

…Нурхоннинг дадаси Ғуломжонни яхши танийман. Жарроҳ бўлсада, спортга ихлоси кучли. Ёш каратэчиларга устозлик ҳам қилган. Онаси Дилфуза опа бир умр фарзандлар тарбияси билан машғул бўлган, қийинчиликларга чидамли аёл. Нурхон ҳам спортдаги илк сабоқларини, машаққатларга дош беришни улардан олгани табиий. Бугун ота-онаси, акаси Жаҳонгир, сингиллари Нигора, Мадина, Райҳона, укаси Бобуржон миллат фахрига айланган матонатли қиз билан қанчалик ғурурлашса арзийди.

Бугун паралимпиячиларимиз зафар туғини кўтарган ҳолда юртимизга қайтишди. Пойтахтда, қолаверса, барча чемпионларнинг туғилган гўшасида уларни муносиб кутиб олишга ҳозирлик кўрилган. Ана шундай кўтаринки руҳ, Наманганда, Нурхон Қурбонова камол топган Мингбулоқда ҳам ҳукмрон.

Қосимжон АКБАРОВ,

«Мингбулоқ» газетаси муҳаррири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?