ДХХ ва ИИВ томонидан «Орият» ва «Қорадори» номли кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилди

14:07 09 Февраль 2025 Жамият
320 0

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги томонидан 2025 йилнинг 5-7 февраль кунлари мамлакат миқёсида «Орият» ва «Қорадори» номли кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилди. Ушбу тадбирлар жиноятчиликнинг олдини олиш, жамият хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга қаратилди.

7 феврал куни ўтказилган «Орият» кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида жамият ахлоқи ва соғлиғига таҳдид солувчи жиноятларни аниқлаш, ОИВ (ОИТС) ва бошқа юқумли касалликларнинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида бир қатор жамоат жойлари текширувдан ўтказилди. Хусусан, сауналар, СПА салонлар, массажхоналар, караоке барлар, меҳмонхоналар, хостеллар, тунги клублар ва бошқа муассасалар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўрганилди.

Текширувлар натижасида жами 340 та объект текширилиб, фуқаролар саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган 2 минг 957 нафар шахс билан тушунтириш ишлари ўтказилди. Шунингдек, улар мобил тартибда тиббий кўрикдан ўтказилиб, тегишли тиббий хулосалар олинди.

Тадбир давомида аниқланган ҳолатлар бўйича 93 та жиноят иши қўзғатилиб, 94 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, 153 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка жалб этилиб, 1 920 нафар фуқаро билан профилактик суҳбатлар ўтказилди, шундан 766 нафари расман огоҳлантирилди.

Тезкор тадбирларнинг иккинчи босқичи – «Қорадори» амалиёти давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 640 та махсус тезкор тадбир ўтказилди. Натижада 1 401 нафар шахс наркотик моддаларни сақлаш, истеъмол қилиш ва тарқатиш бўйича гумонланиб, текширувга жалб қилинди.

Тадбирлар давомида жами 28 кг 857 гр гиёҳвандлик воситалари (героин, опий, гашиш, синтетик наркотиклар) ҳамда 9 минг 421 дона кучли таъсир қилувчи психотроп дори воситалари ноқонуний айланмадан чиқарилди. Бундан ташқари, ноқонуний сақланган 18 та ўқотар қурол ва 126 та совуқ қурол аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича 339 нафар шахсга нисбатан 269 та жиноят иши қўзғатилди, 119 нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, 53 нафар қидирувдаги шахс қўлга олинди. 656 нафар фуқаро билан профилактик суҳбат ўтказилиб, улардан 234 нафари расман огоҳлантирилди.

Тезкор тадбирлар давомида Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида 1 кг синтетик гиёҳвандлик воситаси «закладка» усулида кўмилгани ҳақида маълумот олинди. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тадбир натижасида 1986 ва 2002 йилларда туғилган икки шахс гиёҳвандлик моддаларини яширин жойдан олаётган вақтида қўлга олинди.

Текширув давомида ушбу шахслардан бирининг яшаш манзилидан «закладка» усулида тарқатишга мўлжалланган 200 гр синтетик наркотик моддалар, электрон тарози, изоляцион лента ва махсус ўрамлар топилиб, ҳужжатлаштириб олинди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида одам савдоси билан боғлиқ жиноят ҳам фош этилди. Тезкор тадбир давомида 1986 йилда туғилган, Тошкент шаҳрида вақтинча яшаб келаётган Туркия фуқароси ва икки нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қўлга олинди. Улар жиноят тил бириктириб, икки нафар аёлни жиноий мақсадларда эксплуатация қилиш учун Истанбулга юборишга уринган. Бу ҳаракатлар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўз вақтида олди олинди.

Тезкор-қидирув тадбирлари давомида Тошкент шаҳрида 1980 йилда туғилган шахс Учқўрғон туманида 1987 йилда туғилган фуқарони таҳдид билан калтаклаб, унинг 280 АҚШ доллари қийматидаги телефонини ва 460 минг сўм нақд пулини тортиб олгани аниқланди. Ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Бундан ташқари, унинг танишига тегишли уйда ноқонуний равишда «Макаров» пистолети сақлаб келинаётгани ҳақида маълумот олиниб, текширув ўтказилди. Натижада, 1978 йилда туғилган шахс қўлга олиниб, унинг хонадонидан 1 дона «Макаров» пистолети, 2 дона ўқдон ва 15 дона жанговар ўқ топилди. Ушбу ҳолатлар бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари жиноятчиликнинг олдини олиш ва жамият хавфсизлигини таъминлаш йўлида кенг кўламли тадбирларни давом эттиришини билдирди. Кутилаётган янги тадбирлар доирасида ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган шахслар аниқланиб, қонуний чоралар кўрилиши таъкидланди.

Жиноятчиликка қарши кураш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган бу каби тадбирлар мамлакатдаги тартиб-интизомни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?