Диққат! Янги йилда «оливье»ни ҳамма ҳам истеъмол қилмаслиги керак

11:50 28 Декабрь 2025 Дунё
368 0

Иллюстратив фото

Шифокорлар соғлигида муаммолари бўлган кишилардан Янги йил кунларида овқатланиш ратсионига қатъий риоя қилишлари ва байрам кунлари учун режа қилинган таомномани диета талабларини бузмаган ҳолда қайта тузиб чиқишларини тавсия қилмоқда.

Хусусан, байрам дастурхонидан ўрин оладиган майонезли салатлар ёғ ва ош тузи миқдори юқори бўлган таомлар қаторига киради. Шу боис бундай салатлар юрак-қон томир касалликлари, иккинчи тур қандли диабет, семизлик, ошқозон-ичак, жигар ва буйрак касалликлари бор шахслар учун, шунингдек, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар овқатида чекланиши ёки умуман истеъмол қилинмаслиги лозим.

Россиялик диетолог Антонина Стародубованинг маълум қилишича, агар инсон байрамни «оливье» каби анъанавий салатларсиз тасаввур қила олмаса, уларнинг порциясини кескин камайтириш тавсия этилади. Айниқса, янги йил дастурхонида таомлар қанча кўп бўлса, ҳар биридан олинадиган миқдор шунча кичик бўлиши керак. Соғлом инсон учун ҳам салатларнинг умумий порцияси 150–200 граммдан ошмаслиги мақсадга мувофиқ.

Стародубовага кўра, сурункали касалликка эга инсонлар байрам кунлари ҳам шифокор тавсияларига қатъий амал қилиши зарур. Ёғ ва ош тузи кўп бўлган таомлар бундай беморлар овқатида қатъий чекланади. Бу талаб нафақат юрак-қон томир касалликлари ва диабет, балки ошқозон-ичак, жигар, буйрак хасталиклари бўлган шахсларга ҳам тааллуқли.

Диетолог анъанавий янги йил салатлари, одатда, майонез билан тайёрланишини қайд этди. Майонезнинг бир ош қошиғи тахминан 200 килокалория бўлиб, унда ёғ улуши 67 фоизгача етади. Шунингдек, саноат усулида ишлаб чиқарилган соуслар каби майонезда ҳам ош тузи миқдори юқори.

Мутахассиснинг айтишича, «оливье» салатидаги тузланган ва маринадланган бодринг, колбаса ёки ветчина ҳам кўп миқдорда туз ва тўйинган ёғларни ўз ичига олади. Консерваланган маҳсулотлар, селёдка ва заправкалар ҳам юқори тузли маҳсулотлар қаторига киради. Шу билан бирга, салат таркибига қайнатилган сабзавотлар, тухум, балиқ, янги сабзавот ва кўкатлар қўшиш орқали уни нисбатан фойдали қилиш мумкин. Стародубова салатларда колбаса ўрнига қайнатилган ёғсиз курка ёки товуқ гўштини ишлатиш, майонезни эса сметана, йогурт ёки совуқ сиқимда олинган ўсимлик ёғи билан алмаштиришни тавсия қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?