Дипломат, забардаст олим, камтарин инсон ва ҳақиқий дўст

20:40 17 Июль 2022 Маданият
909 0

Фото: Халқ сўзи

Таниқли давлат ва жамоат арбоби Саидмухтор Саидқосимов фаолиятига бағишланган «Давлат арбоби. Дипломат. Устоз» номли тўплам нашр эттирилди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети томонидан тайёрланган мазкур тўпламда С.С.Саидқосимовнинг жамиятимиз тараққиётига, маънавият, илм ва маърифат оламига бахшида бўлган серқирра фаолиятига аталган 30 дан ортиқ дил изҳорлари жой олган.

Хусусан, мажмуа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг С.С.Саидқосимовга йўллаган ташаккурномаси билан бошланиб, қатор олимлар, фан докторлари, элчилар, давлат ва жамоат арбобларининг мақолалари билан тўлдирилган. Китобда келтирилишича, мақолалар асл ҳолида муаллифлар йўллаган тил ва услубларда эълон қилинган.

Китобдан ўрин олган атоқли дин арбоби Шайх Абдулазиз Мансур ўз хотираларида: «Гувоҳ сифатида шуни ҳам айтишим керак, раҳматли муфтийимиз Усмонхон ҳожи Алимов ҳазратлари ҳам умрларининг охиригача Саидмухтор ака билан яқиндан мулоқотда бўлиб, лозим бўлганда қатор диний масалалар, диний вазиятлар ечими бўйича ўзаро фикр алмашиб, уларнинг эътиқодимизни сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида қилган хизматларини жуда юқори қадрлаб, улар ҳақига, аввало, табаррук оталари Саидғозихон эшон ҳақларига дуолар қилардилар», — деб ёзган. Бундан кўринадики, С.С.Саидқосимов кўпгина соҳаларнинг моҳир билимдони, кучли дипломатдир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Сиёсий Кенгашининг раиси Алишер Қодиров ўз хотираларида С.С.Саидқосимовнинг инсонийлик хислатларини ёдга олиб: «Айни пайтда ҳаяжонли ва тажрибасиз ёшлик давримда, ҳаётимнинг хавфли бурилишларидан бирида қўлимдан тутиб, тўғри йўлни кўрсатиб юборган, йиқилиб кетишимга йўл қўймаган Саидмухтор Саидқосимов мен учун ҳалол, тўғри, самимий, одамларга яхшилик қилишдан ҳузур топадиган раҳбарнинг олий намунаси бўлиб қолади», — деб ёзади.

С.С.Саидқосимов касбий фаолияти давомида Ўзбекистон Президентининг алоҳида муҳим топшириқлар бўйича ёрдамчиси (1991-1992), Ўзбекистон Президентининг фан, маданият, таълим ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси (1992-1993), Ўзбекистон Президентининг сиёсий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси (1993-1998) билан биргаликда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори (1992-1998), Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири (1993-1994), Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари (1994-1996), ЮНEСКО билан алоқалар бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси раиси (1993-1997) сифатида фаолият олиб борган. 1999-2014 йилларда дунёнинг турли университетларида, хусусан, Гарвард, Бостон, Пристон университетлари, Массачусетс технология институти (АҚШ), Оксфорд, Вестминистр университетлари (Буюк Британия) ва Франция, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Туркия, Шри-Ланка, Куба, Мўғулистон университетларида махсус курслар ва маърузалар ўқиган, 2013-2018 йилларда Жанубий Кореянинг Корея, Ханкук, Ханянг, Инҳа, Ажоу университетлари профессори ҳамда 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер