Депутатлар халқимиз манфаатларига хизмат қилувчи муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Депутатлар ўз ишларини “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишдан бошладилар.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини сифатли, самарали ва хавфсиз фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш, фармацевтика тармоғига илғор илмий-техника ютуқлари ва инновацияларни жорий этиш, тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, мамлакатимизда қон плазмасидан дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, фармокологик ва дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш мақсадида тармоқдаги айрим чекловларни бекор қилиш зарурати юзага келмоқда.
Қонун лойиҳаси билан “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги ҳамда “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Лойиҳада донорликни ривожлантириш, донор қони ва унинг таркибий қисмларидан фармакологик воситаларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш, дори воситаларининг клиник тадқиқотларини халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ташкил этиш, фармацевтика бозорига янги замонавий дори воситалари кириб келишини рағбатлантиришга қаратилган нормалар ўз аксини топмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қон препаратларига бўлган эҳтиёжни маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қоплаш, дори воситаларининг сифат назоратини кучайтириш орқали аҳолимизга сифатли, самарали ва хавфсиз фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Шароити “оғир” бўлган ҳудудларда солиқ имтиёзлари берилади
Кун тартибидаги навбатдаги масала — “Солиқни ҳисоблаб чиқариш тартибининг айрим қоидалари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, солиқ юкини изчиллик билан камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилиниб, унда тўғридан-тўғри қўлланувчи нормалар жорий этилди. Солиқлар сони 13 тадан 9 тага камайтирилди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 63-моддасида солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги кераклиги белгилаб қўйилган.
Солиқ тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар натижасида солиқ юки босқичма-босқич камайтирилмоқда. Оқилона солиқ сиёсати юритилиши ва солиқ юки пасайтирилиши солиқ тўловчининг айланма маблағи кўпайишига олиб келди. Ҳаётга татбиқ этилган ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз ҳудудларида тадбиркорликни кенг ривожлантириш иқтисодиёт соҳаларига инвестициялар киритиш ва пировардида муносиб иш ўринлари яратиш имкониятлари ошмоқда.
Шунинг билан бирга, географик жойлашиши, ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий инфраструктураси ривожланмаган ҳамда иқтисодий салоҳияти сустлиги сабабли ривожланишдан орқада қолаётган ҳудудларга қўшимча имкониятлар яратиш зарурати юзага келмоқда.
Шу муносабит билан, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан республиканинг 11 та вилоятидаги 47 та “шароити оғир” бўлган туманлар учун вақтинчалик солиқ имтиёзларини бериш, фойдаланилмаётган объектлар эгаларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилишини бекор қилиш, давлат органларига, муассаса ва ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ва улар томонидан бошқа ташкилотларга ижарага берилган ерларни солиққа тортиш тартибини такомиллаштириш, ерлардан кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда уй-жой эгалари учун уч карра оширилган ставкада ер солиғини ҳисоблаш тартиби қўлланишини тўхтатиб туриш, шунингдек, электротехника тармоқ корхоналарининг ихтисослаштирилган марказларини қўллаб-қувватлаш орқали инновацион технологиялар жорий этилишини рағбатлантириш кўзда тутилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ривожланишда ортда қолаётган ҳамда “шароити оғир” туманларда тадбиркорлик фаолиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, бизнес муҳитини яхшилаш, фуқароларни қўшимча ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади.
Йиғилишда қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди, уни янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини беришди. Лойиҳадаги айрим нормалар юзасидан асосли саволлар кўтарилди ва мутасаддилардан атрофлича жавоблар олинди.
Қизғин бахс-мунозаралардан сўнг, депутатлар қонун лойиҳасининг жуда муҳимлиги, айни чоғда зарурлигини инобатга олиб, уни биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилдилар.
Спорт-таълим муассасаларига божхона имтиёзлари берилмоқда
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда халқимизнинг саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиш, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни шакллантириш, спортга аҳолини, айниқса ёшларни кенг жалб этиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, спорт-таълим муассасаларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлаш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, спорт-таълим муассасалари фаолиятини янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, спорт таълим муассасаларини замонавий спорт кийимлари, экипипировкалар, оёқ кийимлари, спорт анжомлари, спорт жиҳозлари ҳамда ускуналари билан таъминлаш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ҳамда ўтказилаётган мусобақалар савиясини юксалтириш каби масалалар долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси 297-моддаси иккинчи қисмига божхона божидан озод этиш тарзидаги тариф имтиёзлари хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт-таълим муассасаси томонидан олиб кириладиган спорт кийимлари, экипировкалари, оёқ кийимлари, спорт анжомлари, жиҳозлари ҳамда ускуналарини белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхат асосида импорт қилинадиган товарларнинг 50 фоизига нисбатан берилиши бўйича 15-банд билан тўлдирилиши белгиланмоқда.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жисмоний тарбия ва спорт соҳасида таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини ривожлантиришга, иқтидорли спортчиларни саралаш (селекция) ва уларни тайёрлашда давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини, шунингдек, спорт-таълим муассасалари учун шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди, ундаги айрим нормалар бўйича саволлар бир қатор ўртага ташланди. Мутасаддилар депутатлар томонидан берилган барча саволларга тушунтиришлар берди. Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Судларда тафтиш инстанцияси жорий этилади
Кейинги йилларда мамлакатимизда суд тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, адолатли судловдан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жамиятимизда “Қонун – устувор, жазо муқаррар” деган муҳим принципни таъминлаш, суд, прокуратура, ички ишлар органлари ва адвокатура тизимини такомиллаштириш, уларни том маънода инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячисига айлантириш бўйича салмоқли ишлар қилиняпти.
Бугунги кунда суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш зарурияти вужудга келмоқда.
Мажлисда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари депутатлар томонидан кўриб чиқилди.
Суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, суднинг қарори, ажрими устидан шикоят бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилмоқда. Яъни, қонун лойиҳалари билан туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда аппелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати бериляпти.
— Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг судма-суд овора бўлиб юришига барҳам берилади. Бунда биринчи инстанция судининг қарор ёки ажримидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади, — дейди депутат Даврон Арипов. — Суд қароридан яна норози бўлинган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатларида қайта кўриб чиқилади.
Энди юқори инстанция судларига янада катта масъулият юкланиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибининг бекор қилинаётгани ҳам суд ҳужжатидан норози шахснинг юқори инстанцияга ишончини мустаҳкамлайди.
Депутатларнинг таъкидлашича, киритилаётган янгиликлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтиришга, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама ва тўлиқ текширилишига ҳамда халқимизнинг судларга бўлган ишончининг янада ошишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қабул қилинди.
Мақсад — фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш
Бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳуқуқий демократик давлатнинг энг асосий талабларидан бири қонуннинг устуворлиги, унга итоат этиш ва уни ҳурмат қилиш ҳисобланади. Мамлакатимизда қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни эса Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.
Прокуратура органларининг ҳуқуқий мақоми уларнинг олдига қўйилган вазифалар давлат бошқарув тизимининг демократлашуви ва эркинлашуви билан боғлиқ тарзда такомиллашиб бормоқда. Кейинги йилларда миллий қонунчиликка прокуратура органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, унинг ваколатларини кучайтиришга қаратилган бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган “Маъмурий судларда ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни кўриш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 46-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасидан кўзланган мақсад ҳам айнан фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш даражасини оширишда прокуратура органларининг масъулияти ва ваколатини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Қайд этилганидек, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 46-моддасида прокурор барча ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақлилиги белгиланган. Бироқ маъмурий судларда маъмурий органнинг ер билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда прокурорнинг иштироки мажбурий этиб белгиланмаган, судлар томонидан эса бундай тоифадаги ишларни кўриб чиқиш ҳақида прокурор хабардор қилинмайди. Бу жиҳат мазкур ишларда прокурор иштирокини таъминлашга имконият бермаяпти. Шу боис ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларнинг кўрилишида прокурорларнинг мажбурий иштирокини қонунчиликда белгилаш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ юзага келаётган низоларни самарали ҳал қилишга, давлат манфаатларига зарар етказилишининг олди олинишига, одил судловнинг таъминланишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди, ҳужжат юзасидан турли саволлар ўртага ташланди. Мутасаддилар депутатлар томонидан кўтарилган саволларга атрофлича жавоблар қайтарди. Қизғин бахс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Давлат байроғидан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди
Давлат байроғи мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-ободлик, миллатлараро тотувлик, қут-барака, биз эришаётган ютуқлар ва келажакка бўлган мустаҳкам ишонч рамзи сифатида қалбимизга туганмас ифтихор бағишлайди.
Шу боис, Давлат байроғидан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни янада соддалаштириш, ундан қонунга қатъий риоя қилган ҳолда фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида бир гуруҳ депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, аҳолидан таклифлар олиш, улар асосида қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида 2023 йилнинг 1-16 июнь кунлари жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ўтган вақт мобайнида 1,5 мингдан ортиқ муносабат ва таклифлар келиб тушди. Уларнинг 673 таси Қонунчилик палатасининг parliament.gov.uz сайтига, 530 таси regulation.gov.uz порталига, 154 таси fan@parliament.gov.uz электрон почтасига келиб тушган ҳамда 150 нафар ёшлар етакчилари томонидан жамоавий таклиф юборилган.
Қонун лойиҳаси билан Давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, маданий ва ўзга оммавий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотиравий саналарни байрам қилишда ҳамда бошқа ҳолларда ҳам байроғимизга нисбатан зарур ҳурматни таъминлаган ҳолда фойдаланилишга рухсат бериш кўзда тутилмоқда.
Давлат рамзига зарур ҳурмат билан муомала қилган ҳолда ундан ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойлари ва биноларда, яшаш ёки иш жойларида ҳамда уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланиш мумкинлигини белгиланмоқда.
Шунингдек, давлат органларининг рамзларида (байроқ, геральдик белги) ва уларнинг расмий веб-сайтларида Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан фойдаланишга ҳуқуқий асос ўрнатиш ҳамда Давлат байроғи тасвирини устки кийимга безатиш мақсадида акс эттириш имкониятини яратиш назарда тутилмоқда.
Давлат байроғи ва унинг тасвири туширилган белгилардан қуйидаги ҳолларда — Ўзбекистон Республикаси вакили бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан расмий халқаро тадбирларда фойдаланишда, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахслар томонидан кийим-кечак ва фарқловчи нишонларда қўллашда ҳамда халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийимларини тайёрлашда фойдаланишга рухсат бериш белгиланмоқда.
Шу билан бирга, Давлат байроғига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлинишига йўл қўйилмайдиган ҳоллар аниқ белгилаб берилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши марказий кўчаларда, майдонларда, бошқа жамоат жойлари ва объектларда нафақат байрам кунлари, балки кундалик ҳаётимизда ҳам давлатимиз байроғини кўриш, ундан фахрланиш имкониятларини кенгайтиради ва уни миллий ғуруримиз тимсолига айлантиради.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг