Депутат ҳомийлигида 10 нафар болажоннинг суннат тўйи ўтказилди

16:15 27 Август 2025 Жамият
140 0

Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами арафасида юртимизда эзгу ташаббуслар, халқ фаровонлигига хизмат қиладиган амалий ишлар янада кенг қамров касб этмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Музработ туманидаги “Туркистон” тантаналар саройида бўлиб ўтди.

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати, тадбиркор Ҳайитали Алламуродов ҳомийлигида туманда яшовчи ижтимоий кўмакка муҳтож ва кам таъминланган оилаларнинг 10 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди. Уларга байрамона кайфият, сарпо, велосипед ва эсдалик совғалар тақдим этилди.

— Бугун суннат тўйи ўтказилаётган болажонлар орасида менинг ҳам фарзандим бор, — дейди Фарида Қиличева. — Бизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан жуда мамнунман. Ўғлим хурсанд, бош-оёқ сарпо кийди, унга велосипед ҳам совға қилишди. Мамлакатимиз амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар ёш авлод келажагига бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлайди. Фарзандимни яхши таълим олдириб, Ватанимизга фойдали инсон қилиб вояга етказаман. Ҳомий ва ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман.

Дарҳақиқат, бу каби хайрли ишлар Янги Ўзбекистонда инсон қадри, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик устувор йўналишга айланганининг амалий ифодасидир.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер