Деҳқонобод маҳалласида оилавий корхоналар асосида саноат зонаси ташкил этилмоқда
Бувайда туманидаги «Деҳқонобод» маҳалла фуқаролар йиғинининг асосий иқтисодий драйвери темирчилик ҳунари ҳисобланади. Айни пайтда маҳалладаги 700 дан ортиқ хонадон аъзолари ушбу касб билан шуғулланиб, барқарор даромад манбаига эга.
Ҳар бир хонадон амалда тадбиркорлик фаолияти билан машғул бўлгани боис, ўтган йили «Деҳқонобод» маҳалласи камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудуд сифатида эътироф этилди. Ота-боболардан мерос бўлиб келаётган ҳунарни асраб-авайлаш ва авлоддан авлодга етказиш мақсадида маҳаллада «Устоз–шогирд» анъанаси йўлга қўйилган. Бу эса маҳаллада ва қўшни ҳудудларда истиқомат қилувчи, шунингдек, хорижий меҳнат миграциясидан қайтган ёшларнинг темирчиликка ихтисослашган оилавий корхоналарда касб эгаллашларига кенг имконият яратмоқда. Натижада ёш усталар ойига ўртача 1 минг АҚШ долларигача маош олиб ишламоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан маҳалла ҳудудида 7 гектар майдонда саноат зонаси барпо этилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий мажмуада 221 та устахона ва савдо жойлари ташкил этилиб, 650 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
— Ушбу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида жорий йилда 50 та лойиҳани амалга оширишга киришдик, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Шоҳаббос Собиржонов. — Хусусан, «Деҳқонобод универсал файз» оилавий корхонасида умумий қиймати 3 миллиард сўм бўлган лойиҳа асосида «ақлли қозон»лар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш режалаштирилган. Айни пайтда корхонада 50 нафар маҳалла ёшлари доимий иш билан таъминланган.
Қайд этилишича, мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган кенг ассортиментдаги маҳсулотлар ички бозор билан бир қаторда Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда. Шунингдек, буюртма асосида Афғонистонга ҳам маҳсулот етказиб бериш бўйича келишувга эришилган бўлиб, илк партия тажриба тариқасида жўнатилди.
Қувонарлиси, соҳага инновациялар ва замонавий технологиялар жорий этилиши ҳисобига йилдан йилга жаҳон бозори талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бормоқда. Айни пайтда маҳаллада қурилиш, қишлоқ хўжалиги, томорқа ишлари ва чорвачилик йўналишлари учун 100 турдан ортиқ маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Ҳозирда жаҳон стандартларига мос ўнлаб турдаги қурилиш маҳсулотлари қўшни давлатлар билан бирга Россия бозорига ҳам экспорт қилинмоқда.
Айтиш жоизки, бугун «Деҳқонобод» маҳалласида 1000 та хонадонда қарийб 5,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади ва маҳалла ҳудуди барқарор меҳнат, тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчилик анъаналари билан ажралиб туради.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг