Давлат мадҳияси мусиқаси муаллифи хотираси ёд этилди

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан Бухоро вилоят ва шаҳар мутасаддилари, жамоат ва давлат ташкилотлари, ёшлар вакиллари, ижодкорлар ушбу ўлмас тарона муаллифи, Ўзбекистон халқ артисти Мутал Бурҳонов мангу қўним топган Абу Ҳафз Кабир Бухорий зиёратгоҳида тўпландилар.
Мутал Бурҳонов қабри пойига гуллар қўйилди. Шундан сўнг буюк бастакор хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Маросим мадҳия ижодкорининг уй-музейида давом этди. Мусиқа санъатимиз равнақига катта ҳисса қўшган, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби саналган композитор умрининг сўнгги йилларини шу ерда ўтказган. Бу гўша айни пайтда Бухоро давлат музей-қўриқхонаси филиали мақомида фаолият кўрсатмоқда. Ушбу масканда бастакорнинг болалиги, ўсмирлик даврига оид суратлар, чолғу асбоблари, эсдалик совғалари, ҳужжатлар ва албатта китоблар жамланган. Музейда мумтоз мусиқа санъатимиз тарихига оид нодир ашёлар ҳам бор.
— Мадҳиямизни тинглаганимизда юрагимиз жунбишга келади, — дейди Бухоро давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, доцент А. Ҳамроев. — У тинч ва осуда ҳаётимиз, озод ва эркин турмуш, эртанги кунга бўлган ишонч тимсолига айланган десак, адашмаймиз. Маълумот тариқасида айтишим лозимки, Мутал Бурҳонов халқимизнинг ўтган аср суронли 30-йиллар қатағонидан соғ-омон қолган кам сонли зиёлиларидан биридир. Унинг амакилари Мазҳар, Мукаммил ва Муаммир, акаси Мисбоҳ Бурҳоновлар 1937 йилда қамоққа олиниб, қатл этилган.
Уй-музейда тўпланганлар бу ердаги экспонатлар билан танишиб, бастакор ҳаёти ва ижодини ўрганиш ёшлар таълим-тарбиясида катта ўрин тутишини таъкидладилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг