Давлат фуқаролик хизматида раҳбарлар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг комплекс тизими ишга тушди
Давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, бир-бирини такрорловчи ҳамда ўз ваколатларига доир бўлмаган ортиқча функциялар билан шуғулланиш, хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат бошқаруви ва хўжалик функцияларини бирга қўшиб олиб бориш амалиётидан воз кечиш, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда ижтимоий таъминлашнинг замонавий тизимини яратиш мақсадида мамлакатимизда давлат бошқарувини модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, қабул қилинган стратегик ва дастурий ҳужжатларда ҳар бир соҳани ривожлантириш бўйича катта марралар белгиланди.
Ислоҳотлар тезлиги ҳамда ҳудуд ва соҳаларни ривожлантириш бўйича белгиланаётган марралар давлат хизматининг ҳар бир йўналишида иш ташкил этишни тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Хусусан, эндиликда эскича бошқарув усуллари билан янги Ўзбекистонни қуриб бўлмайди. Бошқача айтганда, бугунги қўйилаётган талабнинг ўзи ҳар бир соҳада замонавий бошқарув усулларини жорий этишни талаб этмоқда.
Айнан шу мақсадда мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 октябрдаги Фармонига асосан давлат фуқаролик хизмати ташкилотларида ягона кадрлар сиёсатини олиб бориш, замонавий бошқарув усулларини қўллаш орқали давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини ошириш, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ижро ҳокимияти тизимида замонавий бошқарув усулларини амалда жорий этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Хусусан, давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқида қуйидагиларни алоҳида таъкидлади:
«Амалий натижадорлик ва халқ манфаатларини рўёбга чиқариш ҳар бир Ҳукумат аъзоси фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони бўлиши шарт...
Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларидан бошлаб ижро ҳокимияти органларининг барча даражадаги раҳбар ва ходимлари фаолиятига натижадорлик мезонлари (КРI) асосида баҳолаш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.
Ушбу тизимни халқаро рейтинг ва индекс кўрсаткичлари билан уйғунлаштириш талаб этилади. Бинобарин, улардаги баҳолаш мезонларининг барчаси халқимизнинг мушкулини осон этишга хизмат қилади».
Давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI, ЭМСК) асосида баҳолаш тизими жорий этилди.
Жумладан, 2020 йилнинг 1-чорагида 12 та туман ва шаҳар ҳокимликларида эксперимент сифатида бошланган баҳолаш тизими йил якунида республиканинг барча туман ва шаҳарларида татбиқ этилди.
Баҳолаш тизимига кўра, эндиликда туман (шаҳар) ҳокими ва унинг ўринбосарлари фаолияти аввалдан белгиланган аниқ кўрсаткичлар (амалда 72 та) ва мақсадли индикаторлар асосида ҳар чоракда баҳолаб борилмоқда. Энг муҳими, кўрсаткичлар ҳар бир ҳоким ўринбосари кесимида белгиланган бўлиб, ҳар бир раҳбарнинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва эришган натижаларини аниқ белгилаш имконини беради.
Шу билан бирга, ҳар бир ҳоким ўринбосарларининг эришган натижаларини жамлаш асосида ҳоким фаолиятига баҳо берилади. Мазкур ҳолат ўз навбатида, туман (шаҳар) ҳокимликларида жамоавий муҳитни шакллантириб, умумий натижа учун бутун ҳокимлик ташкилий тизим имкониятларини сафарбар этишга туртки бўлади.
Баҳолаш тизимининг амалиётга татбиқ этилиши натижасида ҳар чоракда барча туман (шаҳар) ҳокимлари ва улар ўринбосарларининг рейтинги шакллантириб борилмоқда. Бу маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиб, уларнинг ўзаро мусобақалашув асосида юқорироқ натижаларга эришишини рағбатлантирмоқда.
Баҳолаш тизимини амалиётда татбиқ этилиши натижасида ҳар чоракда барча туман (шаҳар) ҳокимлари ва улар ўринбосарларининг рейтинги шакллантириб борилмоқда. Рейтинг шакллантирилиши маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантирилиб, уларнинг ўзаро мусобақалашув асосида юқорироқ натижаларга эришишини рағбатлантирмоқда.
Қуйида Наманган вилояти туман (шаҳар) ҳокимликларининг 2021 йил 1-чорак рейтинги натижалари мисол тариқасида келтирилган.
Худди шундай, Республиканинг барча ҳудудлари бўйича рейтинглар шакллантирилган. (1-расм)

1-расм
Наманган вилоятининг 2021 йил 1-чорак рейтинг натижалари
Баҳолаш тизимини жорий этиш босқичидаги яна бир янгилик — бу маҳаллий ҳокимликлар фаолиятига бевосита аҳолининг ўзи ва маҳалла раислари томонидан баҳо бериш амалиётининг йўлга қўйилганидир.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти аввало маҳаллада сезилиши, шунинг учун барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шартлиги ҳамда бундан буён маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар ишини баҳолашда бош мезон бўлишини қайд этганди. Ушбу топшириқ ва кўрсатмалардан келиб чиққан ҳолда, маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини баҳолаш тизимида нафақат самарадорлик кўрсаткичлари, балки аҳоли ва маҳалла раисларининг қониқишини ҳам акс эттирувчи механизмлар жорий этилди.
Яъни, эндиликда баҳолаш бўйича шакллантириладиган рейтингда аҳоли ва маҳалла раислари ўртасида ўтказилган сўров натижалари ҳам инобатга олинмоқда. Бунда якуний баҳолашнинг 50 фоизини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК) ташкил этса, 30 фоизи аҳоли ўртасида ва 20 фоизи маҳалла раислари ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари асосида шакллантирилмоқда (2-расм).

2-расм
Табиий савол туғилади: амалда жорий этилган баҳолаш тизими ўзини қанчалик оқламоқда? Кутилганидек натижадорлик ошдими ёхуд амалдаги яна бир бюрократик жараённи юзага келтирдими? Бу борада агентлик томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида баҳолаш тизими жорий этилган ҳудудларда тегишли кўрсаткичларнинг яхшиланиши бўйича жорий этилмаган ҳудудларга нисбатан устунликка эришилганлигини кўриш мумкин (3-расм).

3-расм
Таҳлилни давом эттириб, ҳудудларда ЭМСК асосида баҳолаш тизими жорий этилгандан кейинги ўзгаришлар солиштирилганда ҳам тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятида натижадорлик ошганини кўриш мумкин (Дастлаб эксперимент тарзида баҳолаш тизими жорий этилган 12 та туман (шаҳар)ларнинг 2020 йил 1-чорак ва 3-чоракдаги натижаларининг солиштирмаси 4-расмда).

4-расм
Баҳолаш натижалари туман ва шаҳарларда ҳоким ўринбосарларининг 432 нафари (36,5 фоиз) ўз фаолиятини самарасиз, 376 нафари (31,8 фоиз) ўртача ва 375 нафари (31,7 фоиз) самарали ташкил этганлигини кўрсатди.
Қайд этиш лозимки, мазкур кўрсаткичлар ҳудудларда иш ташкил этиш ва раҳбарларнинг мазкур соҳадаги билим ва кўникмаларида етарли муаммолар мавжудлигини намоён этди.
Мазкур муаммоларни ўрганиш ва ҳоким ўринбосарларининг билим ҳамда кўникмаларига аниқ ташхис қўйиш мақсадида Агентлик томонидан уларнинг сифат таркиби таҳлили ўтказилди.
Хусусан, тест, 360-даража усулида сўровнома ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида суҳбатлар ўтказиш орқали ҳоким ўринбосарларининг билим ва касбий кўникмалари даражаси аниқланди.
Натижалар аксарият ҳоким ўринбосарларида билим ва амалий кўникмалар бугунги кун талабларига мос эмаслигини кўрсатди.
Шундан келиб чиқиб, Агентлик томонидан аниқ таҳлиллар асосида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда билим ва кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган малака ошириш курслари ташкил этилди. Малака ошириш курслари жойларга чиққан ҳолда ҳамда онлайн равишда олиб борилди.
Курсларда 1 минг 121 нафар туман (шаҳар) ҳоким ўринбосарлари ва 1 минг 189 нафар ҳокимлик мутахассисларининг малакаси оширилди (5-расм).

5-расм
Малака ошириш жараёнларидаги ташкилий юкламани камайтириш, тезкор ўзгаришлар шароитида давлат хизматчилари малакасини узлуксиз ошириб бориш мақсадида Ilm.argos.uz электрон платформаси жорий этилди (6-расм). Мазкур платформа орқали ҳозирга қадар 36 минг 137 нафар давлат хизматчилари қамраб олинди, жумладан, ҳоким ўринбосарларининг малака ошириш курслари ҳам мазкур платформа орқали ташкил қилинди.

6-расм
Малака ошириш курслари давомида ҳоким ўринбосарларининг касбий билимлари ва кўникмалари ривожлантирилди. Курсларда энг асосий эътибор уларнинг режалаштириш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилди. Натижада аксарият кўрсаткичлари талаб даражасида бўлмаган ҳоким ўринбосарлари ўз фаолиятини яхшилаш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқди. Режалаштиришда аниқ муддатлар, ижрочилар ва ресурслар белгиланди. (намунавий шакл 7-расмда)

7-расм
Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарининг энг муҳим самарадорлик
кўрсаткичларига эришилиши бўйича
ҲАРАКАТЛАР РEЖАСИ
Баҳолаш натижаларига кўра, юқори кўрсаткичларга эришган ҳоким ўринбосарларини рағбатлантириш ва аксинча, натижадорлиги паст бўлганларга нисбатан тегишли таъсир чораларини қўллаш тизимнинг тўғри ишлаши ва белгиланган мақсадларга эришишда ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилади. Айнан шу мақсадда ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари томонидан юқори натижадорликка эришган туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари пул ва қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантириб борилмоқда. Шунингдек, қуйи кўрсаткични қайд қилган 10 дан ортиқ туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Бундан ташқари, ҳоким ўринбосарларини юқори лавозимга тайинлаш масаласини кўриб чиқишда баҳолаш натижалари инобатга олинмоқда. Бу эса давлат фуқаролик хизматида меритократия принциплари жорий этилаётганлигининг ёрқин намунасидир.
Баҳолаш жараёнларининг инсон омилидан холи бўлган холис
ва шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан баҳолаш тизимини рақамлаштириш бўйича электрон платформа ишлаб чиқилди ҳамда ҳозирги кунда синовдан ўтказилмоқда. (8-расм)

8-расм
Электрон платформада ҳар бир ҳоким ва унинг ўринбосарлари томонидан онлайн равишда амалдаги ЭМСК прогноз кўрсаткичлари ва уларга эришиш натижаларини кузатиб бориш, ўзларининг ҳаракат дастурларини юклаш имконияти кўзда тутилган. Асосийси, электрон платформадаги рейтинг маълумотлари очиқ бўлиб, нафақат маҳаллий ҳокимлик вакиллари, балки аҳоли томонидан ҳам ўз ҳудудидаги раҳбарлар фаолияти натижалари билан танишиш имконияти яратилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирда аксарият аҳоли томонидан ҳокимликлар фаолиятига ижтимоий тармоқлардаги фикр-мулоҳазалар, ҳокимларнинг шахси билан боғлиқ бўлган воқеа-ҳодисалар асосида баҳо бериб келинади. Бироқ ҳокимлик раҳбарларининг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича эришаётган натижаларига қараб баҳо бериш кўникмаси ва имконияти кенг жамоатчиликда мавжуд эмас. Айнан баҳолаш жараёнларининг рақамлаштирилиши ва очиқ бўлиши маҳаллий ҳокимликлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш билан биргаликда, аҳолида ҳудуд раҳбарларига ҳақиқатда эришаётган натижалари асосида комплекс баҳо бериш амалиётини шакллантиради.
Бу, ўз навбатида, ўтказилаётган сўровнома натижалари ҳам объектив ва холис бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан жорий этилган ҳоким ва унинг ўринбосарлари фаолияти самарадорлигини комплекс баҳолаш тизими, шак-шубҳасиз, маҳаллий ҳокимликлар ўртасида соғлом рақобатнинг пайдо бўлишига, раҳбарларни натижадорликка йўналтириш, уларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги фаолияти самарадорлигини ошириш орқали халқ фаровонлигига хизмат қилади.
Алишер ЭРАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Давлат хизматчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаш департаменти
мудири ўринбосари
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг