Давлат божини тўлашга оид қонунчиликка ўзгартиришлар киритилмоқда

16:39 24 Январь 2025 Сиёсат
277 0

Фото: Акмал Муҳаммадов, Ҳақберди Асқаров / “Халқ сўзи”

Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишга, иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун зарур бўлган энергиянинг ҳосил қилиниши ва сарфланишини барқарорлаштиришга ҳамда Ўзбекистон ҳудудида чет эл тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини аккредитация қилишни соддалаштиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Аммо энергия ресурслари истеъмолчиларининг тўлов интизоми даражасининг пастлиги иссиқлик ва электр энергияси таъминоти корхоналарининг молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Юзага келган дебитор қарздорликни қисқа муддатларда бартараф этиш ҳамда аҳолига сифатли хизматлар кўрсатиш имкониятлари ҳам чекланмоқда.

Шу боис Қонун билан иссиқлик ва электр энергияси таъминоти корхоналари томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўловлар бўйича қарздорликни ундириш юзасидан судларга киритилган даъволар, аризалар ва шикоятларни давлат божини тўлашдан озод этишни назарда тутувчи нормалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, Қонунда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан чет эл тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилганлик учун давлат божи ундириш тартибини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар ҳам ўз аксини топган.

Бунда чет эл тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини Ўзбекистон ҳудудида аккредитация қилиш ҳамда унинг амал қилиш муддатларини узайтириш бўйича давлат божи ҳар бир йил учун тўланиши белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши энергия ресурслари истеъмолчилари томонидан тўлов интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилади, иссиқлик ва электр энергияси таъминоти корхоналарининг молиявий кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатади.

Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Акмал Муҳаммадов, Ҳақберди Асқаров / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?