"Давай, поженимся" ёки ўзбекча "Ёр-ёр" ҳақида
Иллюстратив фото
Пандемия шароити, коронавирус хавфи кўпчилигимизни, айниқса, ёши улуғларни хонанишин қилиб қўйди. Ҳовлида айланамиз, китоб ўқиймиз, радио эшитамиз, телевизор кўрамиз, невара-чеваралар билан андармон бўламиз... Шунисига ҳам шукр. Шу тариқа вақтимиз бирмунча самарали, хуш ўтяпти. Китоб ўқиш толиқтирганда телевизорни ёқамиз. Ҳали у “канал”га, ҳали бу “канал”га оламиз. Маъқулини танлаймиз. “Ўзбекистон”, “Ўзбекистон 24”, “Маҳалла” телеканалларида берилаётган бири-биридан қизиқарли кўрсатувлар, юртимиздаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларидан ҳикоя қилувчи лавҳалар, репортажлар киши кўнглини кўтариб, яшашга иштиёқ уйғотади. Фикрлашга, мушоҳада юритишга ундайди.
Айни пайтда айрим телеканаллардаги кўрсатувларнинг мавзу доираси торлиги, савияси ҳам ҳаминқадарлиги киши табиатини хира қилиши бор гап.
Телеканалларимизда ҳинд, турк, корейс кино ижодкорлари яратган кинофильмлар, сериаллар қалашиб ётибди. Бу фильмлар миллатимиз учун нима беради, қандай тарбиявий томони бор, менталитетимизга тўғри келадими ёки йўқ?
Бу ҳақда ўйлаб, бир қарорга келишнинг фурсати аллақачон етган, назаримизда. Турли “канал”ларда намойиш этилаётган ўз киноларимизга келсак, уларнинг аксарияти ўта саёзлиги, мавзу доирасининг торлиги, енгил-елпилиги билан киши энсасини қотиради. Аксари фильмлар мавзуси қайнона-келин, эр-хотин можароларидан нарига ўтмайди. Савол туғилади: бугунги кун қаҳрамонлари, халқимизни ўйлантириб турган ҳаёт муаммоларидан ҳикоя қилувчи фундаментал фильмлар қани? Тўғри, кейинги пайтда улуғ алломаларимиз, жадидлар ҳаётига бағишланган бадиий фильмлар суратга олинди, олиняпти. Барибир тарихимиз, улуғларимиз ҳақидаги тўлақонли бадиий полотнолар, сериаллар ҳали-ҳануз юзага келганича йўқ.
Хусусий телеканалларнинг пайдо бўлиши ҳаммамизни хурсанд қилди. Аксари хусусий телеканалларда кўримли, одамга эстетик завқ берадиган, тарбиявий аҳамиятга эга кўрсатувлар йўқ эмас, бор. Лекин айрим кўрсатувлар ўз мантиқсизлиги, бадиий талабларга жавоб бермаслиги, сийқа ва саёзлиги, бачканалиги билан аксар телетомошабинларда ёмон таассурот қолдираётгани ҳам сир эмас. Баъзи бошловчиларнинг беўхшов қилиқлари, адабий тил қолиб шевада, хорижий тилларни қориштириб гапириши, қилпанглаб қийшанглаши, ўринсиз қаҳ-қаҳ отиши, худдики кўчада ёки ўз уйида ўтиргандек бир-бирига сўз бермай валақлаши, ҳуда-беҳуда қийқириши киши ғашига тегади.
Кўпгина медиа маҳсулотлар хорижий телеканаллардаги кўрсатувларга тақлидан яратилгани, бизнинг қадриятларимизга мутлақо ётлиги ҳам бор гап. Биламизки, Россия телевидениесининг биринчи каналида “Давай, поженимся” деган кўрсатув бор. Унда турмушга чиқмаган ёки турмушидан ажрашган аёл-эркаклар бир-бирлари билан учраштирилади. Очиқроқ айтганда, инсон худди молбозордагидек борлиқ “фазилатлари” мақталиб, мадҳ этилиб, “савдо”га қўйилади ва... танланади. Яқиндан бери хусусий телеканалларимизнинг бирида худди шу кўрсатувга тақлидан “Ёр-ёр” деган ғаройиб “томоша” пайдо бўлдики... унда ҳам худди “Давай, поженимся”даги сингари маълум сабабларга кўра турмушга чиқмаган ёки турмушидан ажрашган қиз-жувонлар, бўйдоқ йигитлар билан таништирилиб, гўёки уларга “марҳамат” кўрсатилади. Бу энди бизнинг миллатимизга, ўзбек халқига, урф-одатларимиз ва қадриятларимизга мутлақо ёт нарса. Бизнинг қизларимиз ёки йигитларимиз дунё дунё бўлибдики, “менга эр керак” ёки “менга хотин керак” деб кўпнинг олдига чиқиб, ўзини бозорга солган эмас. Бу ишлар совчилар орқали, ими-жимида, яқин қариндошлар иштирокида амалга оширилган. Ҳатто куёв йигит унаштирилган қизининг кўчасидан ўтмаган. Тўйгача учрашмаган. Қиз йигитнинг, йигит қизнинг яқинларини кўрса, ўзини олиб қочган.
Қисқача айтганда, ўзбек қизу аёллари ҳам, ўғлонлари ҳам ўз одоб-ахлоқи, ҳаёси, ибоси, орияти, ғурури билан ажралиб турган. Ҳурматли телебошловчимиз шу ҳақиқатларни яхши билатуриб, ўзга халққа хос анъанани тарғиб этувчи кўрсатувни айнан кўчириб, ўзбек томошабинларига тақдим этиши... билмадик энди, қайси мезонларга тўғри келар экан?! (Шу ўринда кўрсатув муаллифининг “замон ўзгарди, одамлар ўзгарди”, дея эътироз билдиришини кўнгил сезяпти. Замон ўзгариши мумкин. Лекин қон-қонимизга сингиб кетган ўзлигимизга хос гўзал анъана ва урф-одатларимиз борки, улар асло ўзгармайди. Ўзгартишга муҳтож ҳам эмас).
Тасаввур қилинг, миллионларнинг кўз олдида энди кўриб турганингиз — бир қиз ёки аёл безаниб, бежаниб сизга дабдурустдан “мен эрга тегаман, хоҳласангиз мени олинг”, деб қийшанглаб турса… Уни муқаддас оила қўрғонингизга бека қилиб оласизми?!
Нима бўлганда ҳам ҳеч кимнинг бошига “Давай, поженимся”, дейиш тушмасин. “Ёр-ёр”га келсак... Момоларимиздан ёдгор бу муқаддас, асрий каломнинг ўзга миллатга тақлидан охорини тўкиб, пардасини йиртиб, оёқости қилмаганимиз маъқул.
Нима дедингиз?..
Ортиқали НОМОЗОВ,
ёзувчи.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг