CNN: Ўзбекистон кейинги йирик меъморчилик йўналишига айланадими?

11:30 09 Январь 2025 Маданият
998 0

АҚШнинг машҳур CNN нашрида чоп этилган мақолада Ўзбекистон архитектурасига бўлган эътибор ортиб бораётгани ва мамлакат янги архитектура манзили сифатида шаклланаётгани ҳақида сўз борган. Мазкур мақола Ўзбекистоннинг жаҳон маданий ва архитектура маконида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётганига ишора қилиб, келажакдаги имкониятларни очиб беради.

Мақолада қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги брутализм, ориентализм, модернизм ва футуризм каби турли услублар меъморий бойликнинг турли томонларини намоён этади. Меҳмонхоналар, театрлар, савдо марказлари, метро станциялари ва бошқа жамоат иншоотлари шаҳарни «прогрессив социалистик ҳаётнинг лабораторияси»га айлантирган. Бундан ташқари, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлардаги қадимий «мадраса» ва «карвонсаройлар» Ипак йўли савдогарлари учун қурилган тарихий обидалар эканлиги таъкидланган.

«Тошкентда машина ҳайдаш худди архитектура учун мўлжалланган тасвирлар китоби варақланишига ўхшайди. Бу ерда совет брутализми, ориентализм, модернизм, футуризм ва неоклассик услубларининг намуналари жамланган. 1966 йилдаги зилзила унинг инфратузилмасининг катта қисмини вайрон қилгандан сўнг, Тошкент шаҳарсозлик лабораториясига айланди», дея бошланади мақола.

Шунингдек, мақолада ҳозирги ҳукуматнинг маданий меросни асраб-авайлаш ва дунёга танитиш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилган. Ўзбекистон Санъат ва Маданиятни Ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова ўз баёнотида «Маданий бойликларни сақлаб ва тиклаб, Ўзбекистонни глобал маданий манзил сифатида танитишга эришамиз», деб таъкидлаган CNN нашрига. Унинг фикрича, ушбу инвестиция туризм даромадларини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва шаҳарларни тиклаш учун катта имконият беради.

CNNнинг маълум қилишича, мамлакатда барқарор архитектура тамойиллари ўрганилмоқда. Қадимий иншоотлар ўзининг энергия самарадорлиги билан ажралиб туради. Бинолардаги ҳаво айланиши ва табиий материаллардан фойдаланиш ёзда салқин, қишда эса илиқ муҳитни таъминлайди.

Янги «Тошкент шаҳри» лойиҳаси бугунги кунда Ўзбекистоннинг замонавий меъморий ғоялари марказига айланаётгани ҳам нашрнинг нигоҳидан четда қолмаган. Заха Ҳадид бюроси томонидан ишлаб чиқилган «Алишер Навоий халқаро илмий тадқиқот маркази»нинг инновацион дизайни маҳаллий материаллардан фойдаланиш орқали экологияга мос ечимларни намоён этади. Бу каби лойиҳалар нафақат мамлакатнинг меъморий ривожланишига, балки ёш меъморларнинг иқтидорини оширишга хизмат қилади.

CNN мақоласи Ўзбекистоннинг бой маданий ва архитектура меросини сақлаш ва уни замонавий ечимлар билан бойитиш орқали глобал диққат марказига айланаётганини таъкидлайди. «Мамлакатнинг ўтмиши ва бугунги ривожланиши уйғунлашиб, уни янада барқарор ва жозибадор меъморий манзилга айлантирмоқда», дейилади нашрда.

Мақолада қайд этилганидек, Ўзбекистон ўзининг бой меъморий меросини сақлаш ва ривожлантириш орқали дунё маданий марказларидан бирига айланиш сари дадил қадам қўймоқда. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатни халқаро архитектура манзилига айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ҳақидаги CNN мақоласида мамлакатнинг ўзига хос меъморий мероси ва замонавий ривожланиш жараёнлари ҳақида қуйидаги асосий фактлар ва фикрлар келтирилган:

Тошкент – архитектура лабораторияси экани ҳақида

«Тошкентда машина ҳайдаш худди архитектура учун мўлжалланган тасвирлар китоби варақланишига ўхшайди. Бу ерда совет брутализми, ориентализм, модернизм, футуризм ва неоклассик услубларининг намуналари жамланган», — CNN

1966 йил зилзиласи ва шаҳар тикланиши ҳақида

«1966 йилги зилзила шаҳар инфратузилмасининг кўп қисмини йўқ қилди. Шу сабабдан ҳам, Тошкент урбанизм лабораториясига айланди. Меъморлар шаҳарни қайта тиклаш учун йирик йўллар, турар-жой бинолари, меҳмонхоналар, театрлар, савдо марказлари ва метро станциялари қурилишига жалб қилинди», — CNN

Замонавий иншоотлар ва лойиҳалар ҳақида

«Бугунги кунда Заха Ҳадид ва Тадао Андо каби машҳур меъморлар бюролари томонидан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шунингдек, 2025 йилги Ёшлар Осиё Олимпия ўйинлари учун «Олимпия шаҳарчаси» лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда», — CNN

Ўзбекистон ҳукуматининг маданий меросни сақлашга эътибори ҳақида

«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукумати тарихий архитектура меросини дунёга танитиш учун катта ресурслар йўналтирмоқда. Ўзбекистон Санъат ва Маданиятни Ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова таъкидлаганидек: «Бу инвестиция туризм даромадлари, иш ўринлари яратиш ва маданий брендлаш орқали ўзини оқлайди»», — CNN

Совет даври архитектурасини қайта баҳолаш ҳақида

«Совет модернизмига бўлган қизиқиш сўнгги йилларда ортиб бормоқда. Мазкур архитектуранинг аҳамиятини англатиш учун Тошкент модернизми ҳақидаги илмий китоб ва махсус мобил иловалар яратилган», — CNN

Барқарор меъморий ечимлари ҳақида

«Ўзбекистоннинг қадимий бинолари табиий энергия самарадорлигига эга. Масалан, улар ёзда салқин ва қишда иссиқ муҳитни таъминлайди. Бу эса замонавий барқарор архитектура учун катта дарс бўлиши мумкин», — CNN

Янги Тошкент шаҳри ва экологик ёндашувлари ҳақида

«Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси замонавий дизайн ва барқарор архитектура ғоялари марказига айланмоқда. Заха Ҳадид бюроси томонидан тақдим этилган лойиҳалар маҳаллий материаллардан фойдаланган ҳолда экологик ечимларни намоён этяпти», — CNN

CNN каби халқаро нуфузли нашрнинг Ўзбекистон меъморий мероси ҳақида мақола ёзишини фақатгина ОАВнинг кичик бир иши сифатида қабул қилинадиган воқеа сифатида эмас, балки мамлакатнинг маданий ва туристик салоҳиятини глобал майдонда тан олиниши сифатида баҳолаш мумкин. Бундай эътибор Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва замонавий меъморий ривожланишини халқаро даражада намоён қилишга хизмат қилади. Жаҳоннинг етакчи ахборот майдонларида Ўзбекистон ҳақидаги материаллар дунё сайёҳлари ва инвесторларининг эътиборини жалб қилади, бу эса мамлакат иқтисодий ривожланишига катта таъсир ўтказади.

Биринчи навбатда, CNN мақоласи Ўзбекистоннинг меъморий бойлигини глобал миқёсда ўрганиш имкониятини беради. Совет модернизми, тарихий Ипак йўли иншоотлари ва замонавий архитектура лойиҳаларини қамраб олган мақола Ўзбекистоннинг кўпқиррали маданий меросини очиб берди. Бундай кўрсатувлар мамлакатнинг архитектура маконига бўлган халқаро қизиқишни янада кучайтириши «кундай» равшан.

Иккинчидан, бундай мақолалар жаҳон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонни «глобал маданий манзил» сифатида ўзига хос тарғиб қилади. Маданий мерос ва уни асрашга қаратилган ҳукумат сиёсатининг кўрсатилиши мамлакатнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлайди. CNN мақоласи ўз ўқувчиларига нафақат тарихий ёдгорликлар, балки экологик ва барқарор меъморий ғояларини намоён қилаётган янги қурилиш лойиҳаларини ҳам таништирди.

Учинчидан, бундай мақолалар Ўзбекистоннинг ёш авлод меъморлари учун катта илҳом манбаи бўлади. Ўзингизнинг архитектура меросингиз дунё миқёсида қадрланаётганини билиш, маҳаллий истеъдодларни ривожлантириш ва уларни янги ғояларга чорлаш учун кучли туртки бўлиши мумкин. Бундан ташқари, халқаро миқёсида тан олинган лойиҳалар ёш меъморларнинг глобал рақобатда иштирок этиши учун янги имкониятлар яратади.

Шунинг учун CNN каби йирик платформаларнинг Ўзбекистон ҳақида ёзишини нафақат миллий ғурур, балки глобал имконият сифатида қабул қилиш лозим. Бундай мақолалар мамлакатни жаҳон сайёҳлик харитасида янада юқори поғонага олиб чиқиб, туризм, инвестиция ва маданий мулоқот соҳаларида янги имкониятлар эшикларини очади. Бу эса Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишга қаратилган стратегик мақсадларига хизмат қилади.

Санжар Шомуродов CNN мақоласи асосида тайёрлади,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер