CITES CoP20 доирасида янги лойиҳалар ишга туширилмоқда
Самарқанд — қачонлардир Буюк Ипак йўли қитъалар ўртасидаги муҳим алмашинув йўли бўлган бўлса, бугун у дунёнинг ёввойи табиат келажаги бўйича глобал мулоқот майдонига айланди. Ёввойи фауна ва флора турларининг ноқонуний савдосига қарши курашишга қаратилган CITES Конвенцияси тарихида илк бор Томонлар конференциясининг 20-йиғилиши (CITES CoP20) Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтмоқда.

CoP20 мажлисларида асосий мавзулар муҳокама қилинмоқда. Хусусан, “Сайғоқ: янги чақириқлар” мавзусида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган параллел тадбир Марказий Осиёдаги дала экотизимларининг асосий турларидан бири саналган сайғоқ популяциясини сақлаш ва барқарор бошқариш масалаларига бағишланди.
Сайғоқ — қадимий ва бетакрор тур бўлиб, браконьерлик ва ноқонуний савдо сабаб инқироз ёқасига келиб қолганлигини таъкидланди. Муҳокамалар якунларига кўра, қўшма илмий тадқиқотларни кенгайтириш, мониторинг механизмларини такомиллаштириш ва сайғоқ популяциясини сақлаш бўйича замонавий ёндашувларни жорий этиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
CITES CoP20 доирасида “Ўзбекистонда қимматли ландшафтларни комплекс бошқариш ва тиклаш (EcoLand)” лойиҳаси ишга туширилди. Глобал экологик фонд (“ГЭФ-8”) томонидан молиялаштириладиган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 6,1 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, у Ўзбекистондаги учта асосий кластер ландшафтларда экотизимларни тиклаш ва сақлаш бўйича инновацион комплекс ёндашувларни кенгайтиришга қаратилган.

- Табиатни тиклаш жараёнида илм-фан ва маҳаллий ҳамжамиятлар иштироки муҳим, — дейди IUCN Бош директори Гретел Агилар. — IUCN Ўзбекистоннинг табиатни қайта тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларини кенгайтириш, илмий билимларни интеграция қилиш ва табиатни муҳофаза қилиш жараёнидан ҳам атроф-муҳит, ҳам маҳаллий ҳамжамиятлар манфаатдор бўлишини таъминлашни қўллаб-қувватлаётганидан мамнун.
Мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг энг қимматли ва хилма-хил табиий ландшафтларини ифодаловчи олти вилоятнинг ўнта пилот туманида амалга оширилади: Тошкент вилояти (Паркент ва Оҳангарон туманлари), Сурхондарё вилояти (Бойсун ва Шеробод туманлари), Қашқадарё вилояти (Деҳқонобод тумани), Навоий вилояти (Хатирчи ва Нурота туманлари), Самарқанд вилояти (Қўшработ ва Пайариқ туманлари), Жиззах вилояти (Фориш тумани).
“CITES CoP20” доирасида Самарқанд халқаро туризм марказида мамлакатимизнинг ёввойи ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига бағишланган тасвирий санъат асарлари кўргазмалари ҳам ташкил этилган.
Шунингдек, “Самарқанд — 2025” IV халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми ҳам ўтказилмоқда. Тўрт йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилаётган мазкур тадбир аҳолининг экологик онги ва маданиятини юксалтириш, хорижлик ижодкорлар билан экология ва атроф-муҳит соҳасида самарали ижодий ҳамкорлик, тажриба алмашишни йўлга қўйиш, табиатга бағишланган бадиий асарлар орқали шаҳарларнинг маданий муҳити ва ландшафт қиёфасини ривожлантиришга қаратилган.
Бу йил “Бизнинг сайёрамиз — бизнинг уйимиз!” шиори остида ташкил этилган симпозиумда турли мамлакатлардан келган 20 нафарга яқин машҳур ҳайкалтарош гранит тошдан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланган санъат асарларини яратмоқда.

Симпозиум қатнашчилари орасида ўзбекистонлик ҳайкалтарошлар ҳам бор. Мамлакатимиз ва хорижлик ҳайкалтарошнинг самарали фаолият кўрсатиши, ўзаро тажриба алмашиши учун керакли шароит ва имкониятлар яратилган.
“CITES CoP20” доирасида яна ўн кун давомида Томонлар CITES рўйхатларига ўзгартириш киритиш таклифларини, турли ҳайвон ва ўсимлик турларини сақлаш ҳолати, қонунларга риоя этишни кучайтириш чоралари, идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда CITES нинг 2030 йилгача бўлган Стратегик мақсадларини амалга оширишни муҳокама қилишади.

Муҳокамалар, шунингдек, асосий қуруқлик ва сув турларининг барқарор савдоси, ҳисобот бериш тизимларини яхшилаш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, табиатни муҳофаза қилиш самарадорлигига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш каби йўналишларни ҳам ўз ичига олади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг