Чортоқда санаторийлар кластери шаклланмоқда
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Наманган вилоятининг Чортоқ тумани хушманзара масканлари, сўлим ҳавоси ва ҳордиқ чиқаришга қулай оромгоҳлари билан сайёҳлик ишқибозларини ўзига чорлаб келади. Айниқса, ер остидан чиққан маъданли сув шифобахш унсурлар, масалан, ёд, бром, табиий радан ва бошқа моддаларга бойлиги билан минг дардга даво сифатида довруқ қозонган.
Айни пайтда бу ерда 11 та санаторий фаолият юритмоқда, Уларда минерал сувлар, физиотерапия, замонавий диагностика ва тоза ҳаво асосида комплекс хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган. Хўш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва маданий ҳордиқ чиқаришига йўналтирилган ушбу муассасалар имкониятидан тўлиқ фойдаланиляптими, уларга меҳмонлар, айтайлик, хорижий сайёҳларни жалб этиш масаласи қай даражада?

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 апрелида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ўтказган видеоселекторида бу борадаги аҳволга эътироз билдирилиб, ишни яхшилаш юзасидан топшириқлар берилган эди. Ўтган вақт ичида туман ҳокимлиги, соҳа мутасаддилари томонидан улар ижросига йўналтирилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Шунга мувофиқ, биринчи навбатда санаторийлар негизида тиббий-соғломлаштириш кластерини шакллантиришга киришилди.
Алоҳида эътиборга молик лойиҳалардан бири кўп йиллик тажрибага эга «Чортоқ» санаторийси томонидан рўёбга чиқарилмоқда. Амалда 500 кишини даволаш ва дам олдириш қувватига эга муассасада тўрт қаватли қўшимча бино қурилиши олиб бориляпти. У битказилиши билан қувватлар 800 ўринга етказилади. «Chortoq resort» қўшма корхонаси томонидан 30 миллион доллар қийматда жаҳон андозалари даражасида барпо этилаётган янги санаторий эса асосан хорижий сайёҳларни қабул қилишга мўлжалланган.

— Туман туризм салоҳиятида алоҳида ўринга эга санаторийларимиз йилига 35 мингдан зиёд дам олувчига хизмат кўрсатиш қувватига эга, — дейди Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасининг Чортоқ туманидаги вакили Исоқбой Абдураҳмонов. — Ёзги мавсумда ён-атрофдаги меҳмон уйларидан фойдаланадиганлар ҳисобига бу кўрсаткич бир неча баробар ортади. Ижросига киришилган лойиҳалар натижасида ҳудудимизга жорий йилнинг ўзида ташриф буюрадиган меҳмонлар сонини 65 минг кишидан кўпайтириш кўзда тутилган. Улар орасида хорижлик сайёҳлар 31 минг нафардан ортиши кутилмоқда.
Шу ўринда тумандаги Чортоқ сув омбори атрофида 6 гектар майдонда барпо қилинаётган рекреацион ҳудуд хусусида алоҳида тўхталиш ўринлидир. Таркибидан замонавий сиҳатгоҳ ва бошқа бир қатор сайёҳлик инфратузилма иншоотлари ўрин оладиган ушбу мажмуа ҳудудда ички ва ташқи туризмни янада ривожлантириш манзилларидан бири бўлиб қолади.
Кўриниб турибдики, имкониятлар бисёр. Гап уларни ҳаракатга келтира билишда. Шундагина Чортоқ нафақат дам олиш, балки тиббий туризм ва иқтисодий фаолликни оширишда муҳим нуқталардан бирига айланиши мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг