Иқрор

18:36 01 Февраль 2024 Маданият
461 0

Бугун ўзбек адабиётида ўзига хос ўринга эга бўлган таниқли адиб, моҳир таржимон, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқулов тавваллуд топган кун.

Таҳририятимиз жамоаси номидан ижодкорга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, баракали ижод, сўз ишқида ёнаётган руҳ ва юрак тилаб, эътиборингизга ушбу ҳикоясини ҳавола этамиз.

ИҚРОР

ҳикоя

Алмат ака маориф бўлимидан кўнгли кўтарилиб чиқди. Оғир бир юк, атрофни қуршаб олган мана шу оқсоч тоғлардай залворли ташвиш анчадан бери унинг елкасидан қаттиқ босиб турар эди. Энди у ўзини қушдай енгил ҳис қилди.

Истироҳат боғи томонга юрди. Бир нафас ёлғиз қолгиси, ўзи билан ўзи суҳбатлашгиси келди. Кекса чинор тагидаги скамейкага ўтирди. Чинорнинг сарғайган барглари “ширт” этиб узилади-да, пирпираб ерга учади. Шапалоқдай барг Алмат аканинг ёнгинасига тушди. У баргни қўлига олди: сап-сариқ. “Ҳаёт қонуни... Шу барг баҳорда тангадай япроқ ёзади. Ўшанда одамнинг дилини яйратади. Энди бўлса... Ҳеч ким эътибор бермайди.

Балки босиб, эзғилаб ўтади. Инсон ҳаёти ҳам шунга ўхшаш. Умрининг кузи... Уни пайқаганлар бор, пайқамаганлар бор. Қай бири маъқул?”

Барг бандидан ушлаб, юзига сийпалади. Нигоҳи ҳамон чинор шохларида. Чети йиртилган сап-сариқ барг унинг диққатини тортди. У нима учундир дириллар эди. Қизиқ... Нега титраяпти? Яшаш учун курашиш керак, дегани шуми? Наҳотки? Балки тўғридир? Мен-чи? Бўйин бердимми? Умр кузини эрта тан олдимми? Бўлмаса нега ариза ёздим?

Алмат аканинг хаёли ҳозиргина район маориф бўлими мудири билан бўлган суҳбатга кўчди. Мудир Алмат аканинг аризасини ўқимади. Бу масалада олдин ҳам бир неча марта келган, ҳар гал “ўйлашиб кўрамиз”, деб қайтариб юборган.

Мудир Алмат аканинг озғин, ажин босган юзларига, маъюс кўзларига боқди. Бу кўзларда зиғирнинг гулича бўлса-да, сохталик сезмади. Алмат аканинг қайси гапида, қайси ишида ғайритабиийлик кўрган?

— Хўш, сабаби нима ўзи, домла? Очиғини айтинг-чи?

Ёки бирор гап ўтдими? – деди мудир.

Алмат ака ўтирган жойида бир қўзғалиб қўйди.

— Нимага ундай дейсиз. Ҳеч гап ўтгани йўқ.

Жамоа-миз яхши, ҳамма ҳурмат қилади.

— Шундай бўлса, ишлайвермайсизми? Мактабга сиздай одамнинг бош бўлиб турганига нима етсин. Ўқувчиларгаям, ўқитувчиларгаям, айниқса, ёш муаллимларга сизнинг тажрибангиз, маслаҳатингиз жуда зарур-ку.

Қобилиятли ёшлар бор. Биз энди кексайиб қолдик.

— Биринчидан, ҳали бақувватсиз, иккинчидан, қари билганни пари билмас, дейдилар. Сизнинг мактаб га келиб-кетиб, у-бу ишларга бош бўлиб туришингиз жамоанинг бахти-ку...

Алмат ака қўлидаги баргни икки бармоғи орасида айлантирди. “Бахт. Уни ким қандай тушунади? Мендай кекса ўқитувчи, бунинг устига мактаб директоридан саволига жавоб ололмаган ўқувчи нима деб ўйлайди?..”

Дарсдан кейин савол-жавоб бўлди. Суҳбат адабиётнинг бугунги аҳволи, ҳозирги ёш шоир ва ёзувчилар ижоди ҳақида борди. Ўқувчилар кўп янги номларни санашди. Уларнинг шеърларидан ўқиб беришди, китоблари хусусида фикрларини айтдилар. Очиғи, Алмат ака бироз довдираб қолди. Бу ёшларнинг кўпини эшитган, у-бу нарсасини ўқиган бўлса-да, тан олиш керак, ижодини тўлиқ билмас эди. Шунинг учун ўқувчиларнинг саволларига аниқ жавоб беролмади, чайналиб қолди.

Ўша куни дарсдан жуда ҳорғин чиқди. У бутун муаллимлик фаолиятида кўп қийинчиликларни бошидан кечирди, оғир йилларда, қийин шароитларда дарс берди. Лекин бирон марта чарчаганини, руҳи тушганини эслаёлмайди. Бугун жуда эзилди. Умрида биринчи марта ўзини ожиз сезди. “Демак, бизнинг давримиз ўтибди-да...” Хаёлига келган биринчи фикр шу бўлди. “Ўқувчиларнинг саволига жавоб беролмаган, лоақал улар билган нарсани билмаган ўқитувчи ўқитувчими? Дарсликдаги гапларни ўқиб бериш билан иш битмайди”.

Ўз устида ишламайдиган, билимини ошириб, янгиликлардан хабардор бўлиб бормайдиган ўқитувчиларни Алмат ака кечирмас, буни сира яширмай, уларнинг юзига айтар эди.

Бугун эса ўзи... “Қачондан бери шундай бўлиб қолдим? Балки анча бўлгандир, сезмагандирман?! Нега энди ўсиб келаётган авлоднинг фикрини ўтмаслаштирамиз?! Уларнинг мулоҳазасини нима учун ўз қолипимизга солишимиз керак? Ўқувчиларнинг келажаги, тақдири менга, менга ўхшаганларга боғлиқ-ку. Йўқ, энди тамом! Ҳар кимнинг ўз даври бўлади. Аммо бу давр мутлақ эмас! Буни тушуниш, англаш даркор. Кимки буни ўз вақтида тушунса, ҳаётнинг шиддатли оқими билан баравар сузишга қудрати етмаганлигини пайқаб, ўзини қирғоққа олса – шунинг ўзи бахт!..”

Директор шулар ҳақида ўй суриб ўтирганди, эшик тақиллади. Дарҳол ўзини қўлга олди, костюмини, галстугини тўғрилади.

— Мумкинми, домла?

Уч йил бурун университетни битириб келган ёш адабиёт муаллими эшикни очди.

— Келинг.

Ёш ўқитувчилар орасида Алмат аканинг собиқ ўқувчилари анчагина. Директор уларнинг ҳаммасига бир устоз каби меҳрибонлик қилар, зарур маслаҳат ва кенгашини аямасди. Мана бу йигитга эса унинг ҳурмати ўзгача. Бу ҳам адабиётчи бўлгани учунми, камтар, ишчанлиги туфайлими – ҳарқалай Алмат ака аниқ сабабини билмайди – лекин алоҳида бир меҳр билан яхши кўради. Ҳозир юраги сиқилиб, ўзи билан ўзи баҳслашиб турганда севимли шогирдининг кириб келиши, унинг айни кўнглидаги иш бўлди. У ўрнидан туриб, шогирдига пешвоз юрди.

— Бир маслаҳат бор эди, домла.

— Ўтиринг-чи. Хўш, нима экан?

— Районимизга бир-иккита ёш шоирлар кели- шипти. Уларни мактабимизга чақириб учрашув ўтказсак. Баҳонада адабиётимизнинг бугунги аҳволи билан яқинроқ танишар эдик. Улардан кўп нарса сўраб-билиш мумкин. Ўқувчиларимизга ҳам нафи тегади.

Синфдаги савол-жавоб Алмат аканинг ёдига тушди. Лекин буни шогирдига сездирмади.

— Майли, – деди лоқайдлик билан. Кейин қўшимча қилди: – Кимлар экан?

Муаллим районга келган ёш шоирларни айтди. Алмат ака бармоқларини стол устида ўйнатар экан, “О, жуда яхши! Зўр шоирлар. Улар билан учрашув ўтказиш керак, жуда яхши...”, деди. Аслида уларнинг биронтасини ҳам тузукроқ билмас эди.

— Бўпти, гаплашиб келинг, – деди. – Қачон ўтказ-моқчисиз учрашувни?

— Эртага чақирсам девдим.

— Майли. Мени эртага бошқармага чақиришган. За-вучга тайинлайман, биргаликда уюштиринглар. Агар уларнинг ёнида китобларидан бўлса, кутубхонамиз учун дастхат ёздириб олинг.

Ёш муаллим бироз бўшашди.

— Сиз қатнашмасангиз қандай бўлади?

— Зарари йўқ. Нима қипти? Мен бормасам бўлмай-ди-да. Индинга ўтказайлик десам, уларнинг вақти борми-йўқми, балки кетиб қолишадими...

— Бошқармага бир кун кейин борсангиз-чи? Ўзин-гиз иштирок этганингизда яхши бўлар эди-да. Ҳам директор, ҳам тажрибали адабиёт ўқитувчиси. У шоирларни яхши биласиз...

Ёш муаллимнинг охирги сўзлари Алмат акага киноя каби эшитилди. “Шоирларни яхши биласиз”. У ҳозир овозини борича “Йўқ, мен ҳеч кимни, ҳеч нарсани билмайман! Менинг даврим ўтди!” деб бақиргиси, шу билан кўнглини сал бўшатгиси келди. Бироқ Алмат ака... Алмат Муродов учун бундай қилиш ярашмас, ярашмайдигина эмас, умуман ақлга сиғмайдиган бир гап эди. Унинг кучли иродаси, кенг мулоҳазаси, катта ҳаётий тажрибаси ҳар доимгидек, бу сафар ҳам бир лаҳзалик енгил ҳиссиётдан устун чиқди. Ўрнидан оғир турди-да, шогирдининг ёнига келиб, елкасига қўлини қўйди.

— Тушунаман, ўғлим, – деди у оталарча вазминлик билан, – лекин сиз ҳам мени тушунинг: мен учрашувда қатнашолмайман. Бунинг учун мен эртага облонога бориш-бормаслигимнинг аҳамияти йўқ!.. Сабабини сўраманг. Мавриди келса, айтарман.

Бу гапдан ёш муаллим ҳайратга тушди. “Нима гап ўзи? Бу гапларни Алмат ака айтяптими?” Қулоқларига ишонмади. Рўпарасида турган одам ўша – ўзига илк бор ҳарф ўргатган, қалбида адабиётга иштиёқ уйғотган, қанча-қанча ёшларга устозлик қилган, шаҳарчада етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма домла, деб ҳурмат қиладиган Алмат Муродов турганига шубҳа қилгандек унга синчковлик ила тикилди.

Буни Алмат ака сезди. У ҳам шогирдининг жавдираб турган кўзларига қаради-да:

— Шундай, ўғлим! – деди.

...Алмат ака чуқур хўрсинди. Чинорнинг кўм-кўк баргига термилди. “Хўш, ўша ёш муаллим қандай тушунади бу бахтни? Бахт эмиш. Юз меҳри – иссиқ қабилида индамай юришганини, юзига солмаётганини бахт, деб ўйлаш керакми?..”

Балки шундайдир. Лекин мен учун бундай бахтни кўтариш оғир. Ўйинга ярамай қолганини сезиб ўзини четга олиш, ёшларга ўрин бериш даркор. Ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнаб, кўзга чиққан говмижжадай хунук кўриниб юриш наҳоки бахт бўлса?”

Мудир ўйланиб қолди. Алмат акага синовчан разм солди. У нигоҳини бир нуқтага қадаб, индамай ўтирар эди. Мудир охирги марта Алмат аканинг қўйнига қўл солди.

— Мен сиздан буни кутмаган эдим, – деди ранжиган оҳангда, – Сизни сираям шунақа одам, деб ўйламовдим.

Алмат ака ялт этиб мудирга қаради. Унинг бу қарашида “Мен қанақа одам эканман? Нима демоқчисиз?” деган кескин савол зоҳир эди. Мудир буни сезмаган каби ўсмоқчилади. – Наҳотки, шу қадар шахсиятпараст бўлсангиз?

Алмат ака аввал оқарди, кейин уят иш қилиб қўйган боладай қизариб кетди. Илкис нима дейишини билмай қолди.

— Бу нима деганингиз? – деди ниҳоят.

Мудир иложи борича ўзини жиддий тутишга, ҳазилини сездирмасликка ҳаракат қилди. Гапириш оҳангини ҳам ўзгартирмади.

— Тўғри-да! Шахсий ҳаловатингизни ўйлаб ҳамма-сидан воз кечяпсиз. Жамият манфаатидан ўзингизни олиб қочяпсиз. Бошқа мактабларда шундай ўқитувчилар борки, пенсияга чиққанига бир неча йил бўлганига қарамай, ишламасликни хаёлига ҳам келтирмайди. “Кўп йиллик ҳалол хизматларингиз эвазига энди ҳордиқ олинглар”, деб қанча айтдик. Аммо улар “Танамда жоним бор экан, жамият учун, халқ учун хизмат қиламан! Майли, мурдам чиқсин мактабдан”, дейишади. Уларни ҳақиқий педагог, жамият учун, халқ учун умрини бахшида қилган фидойилар деса бўлади. Сиз ўшалардан ёшсиз, лекин “Кексайдим, чарчадим, соғлиғим ёмон, ишдан бўшатинг”, дейсиз.

Мудир кимларни назарда тутаётганини Алмат ака билади. Туманда беш-олтита кекса ўқитувчи бор. Ўқитувчилар етишмаслиги туфайли бир вақтлар муаллим бўлиб олган. Лекин буни ўзлари тан олмайди. Бу ҳақда сўз кетдими, “биз ёшлигимизда...” деб гапни узоқдан бошлашади. Ўқувчиларнинг масхара қилиши ҳам, мажлислардаги дашномлар ҳам, қизим сенга айтаман, келиним сен эшит, қабилидаги учириқлар ҳам уларга таъсир этмайди...

Ўзини ўшаларга менгзагани учун Алмат ака мудирдан ранжиди. Вужуди жимирлаб, бошига иссиқ қон югурди, икки чаккаси қизиб кетди.

— Менга қаранг, ҳурматли мудир, – деди салмоқлаб. – Борди-ю, ҳазил қилаётган бўлсангиз, сиздан қаттиқ илтимос, иккинчи бунақа ҳазилни йиғиштиринг, агар рост айтаётган бўлсангиз...

У гапиролмай қолди. Ҳазили қалтис чиққанини мудир сезди. Стаканга сув қуйиб, Алмат акага узатди.

— Домла, домла... Қўйинг-э, наҳотки, ҳазилни ту- шунмасангиз. Мен сизнинг кимлигингизни билмайманми?!

Алмат ака бир қултум сув ичиб, бошини кафтлари орасига олди. Тирсакларини столга тираганча узоқ жим қолди. Мудир саросимага тушиб, қўрқиб кетди. “Ҳе, шу ҳазилни чиқарганнинг падарига лаънат!” Алмат акага яқин борди.

— Доктор чақирайми, домла?

Алмат ака “йўқ” деган маънода бош ирғади. Бироздан кейин қўлларини туширди. Ожизлик билан мудирга қаради.

— Кечиринг, домла. Ҳазиллашаман, деб...

— Ўша ватанпарварлар, жамиятга жонини фидо қилган фидойилар билан ишлайверинг-да, – деди Алмат ака жуда синиқ товушда. – Мендек шахсиятпараст, худбин одамни нима қиласиз. Ундан кўра аризамга тезроқ қўл қўйиб, тезроқ қутулмайсизми! – У энди ўзига ўзи гапирар эди. – Шахсиятпараст эмишман. Салкам эллик йил муаллимлик қилиб, ҳеч кимдан бундай гапни эшитмовдим. Ёшим бир жойга борганда шахсиятпарастлик қиламанми? Бўшатинглар, қувватим етмаяпти, ҳозирги болаларга ақлим, билимим ожизлик қилиб қолди, энди ёшлар ишласин, десам худбинлик бўладими... Нега бир- биримизни тўғри тушунмаймиз? Ҳайронман, ёлғон гапга дарров ишонишади-ю, рост сўзингга қулоқ солишмайди!

У бир лаҳза жим қолди. Нафасини ростлади.

Кейин мудирга юзланди:

— Жамият тараққиётига қўшилиш, бу тараққиёт билан баравар юриш қўлимиздан келмагач, ортиқча чиранишнинг нима кераги бор? Борди-ю, мен шуни сезган бўлсам, шуни тан олиб турсам – бу айбми? Олдин ҳам неча марта келдим ҳузурингизга. Ҳар гал пайсалга соласиз. Ҳурматингизни қилдим, индамай қайтиб кетавердим. Энди эса...

Алмат аканинг мактаби тумандаги энг илғор, ҳар томондан намунали. У директорликни топширса, мактабнинг обрўси нима бўлади? Янги директор бу обрўни сақлаб қола оладими? Ахир, мактаб бутун туманнинг фахри-ку!

Мудирнинг ташвиши бу ёқда эди. Директорнинг аризасига қўл қўймай, галга солишининг боиси ҳам шу.

Алмат ака уни ишонтирди: Мактабнинг обрўсини сақлаб қола оладиган, шуҳратини яна ҳам ошириш қўлидан келадиган ёшлар бор...

Бу гапдан мудирнинг кўнгли ўрнига тушди...

Алмат ака аввал қўлидаги баргнинг томирларига, сўнг ўзининг қўл томирларига разм солди. Озғин қўлларида бўртиб турган томирлар ҳали унча-мунча ишни писанд қилмаётгандек туюлди. У ички бир қониқиш, қандайдир хурсандлик ҳиссини туйди... “Директорликдан бўшаганим билан қиладиган ишларим кўп ҳали... Ўғил-қизларим, невараларим...”

— Ассалому алайкум, домла.

Алмат аканинг хаёли бўлинди. Қаршисида шогирди – ёш адабиёт муаллими турарди.

— Ёлғиз нима қилиб ўтирибсиз бу ерда? Алмат ака унга ёнидан жой кўрсатди.

— Ўтиринг. Шошилмаяпсизми? Қаерга кетяпсиз?

— Йўқ. Кинофикациядаги ўртоғимнинг олдига бо-раётган эдим. Янги фильм келганмиш. Ўқитувчилар ҳаётидан экан. Гаплашиб кўрай, мактабимизга олиб бориб кўрсатса, яхши бўларди.

“Директорликка бунинг номзодини кўрсатиб чакки қилмадим. Жуда куйди-пишди йигит. Ўз фанини, умуман мактабни, болаларни яхши кўради. Ана шундайлар директор бўлгани тузук”.

— Ҳозир сизни ўйлаб ўтиргандим.

— Мени? Қизиқ-ку!

— Ҳа, сизни, – деди Алмат ака шогирдига синовчан тикилиб. – Биласизми, мен ҳозир районо мудирининг олдидан келяпман...

Алмат ака бўлган гапнинг ҳаммасини айтиб берди.

— Бундан бир ойча илгари ёш шоирлар билан учра-шув ўтказмоқчи бўлганингизда мен қатнашолмайман, деганим эсингиздами? Сабабини энди билдингизми?

— Қўйинг домла, биз адабиётни сизчалик тушуни-шимизга ҳали анча бор.

— Йўқ, ўғлим. Гапларимни сохта камтарлик, деб ўйламанг. Бори шу. Сизга айтадиган муҳим гапим бор.

Менинг аризамга қўл қўйди.

Муаллим ўрнидан сапчиб туриб кетди.

— Нималар деяпсиз, домла?! Мактабнинг ҳоли не кечади?

— Хавотир олманг. Ҳаммаси яхши бўлади... Майли, ҳозир йўлдан қолманг. Бошқа гапларни эртага мажлисда гаплашамиз. Хайр, омон бўлинг...

...Улар ота-болалардай хайрлашди. Алмат ака шогирдининг орқасидан қараб қолди. Унинг юришида қандайдир вазминлик, салобат бор эди. “Уялтирмайди... Ишонаман...”

1982 йил

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер