Чироқчида бир кунда 34 та объект фойдаланишга топширилди

Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги шодиёналари муносабати билан Чироқчи туманида 34 та янги объект фойдаланишга топширилди. Улар орасида туманнинг Қаҳрамон маҳалласида жойлашган 15-умумий ўрта таълим мактабининг 240 ўринли янги биноси ҳам бор.
Мазкур мактабда ўқувчилар сони мавжуд қувватга нисбатан анча ошиб кетган, бу эса дарсларни ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш билан боғлиқ турли муаммоларга сабаб бўлаётган эди. Жорий йилда тегишли инвестиция дастури асосида ушбу таълим муассасаси учун қўшимча 240 ўринли замонавий бинонинг қуриб берилиши билан бу борадаги муаммолар тўлиқ барҳам топди.
— Бугуннинг ўзида туманимизда умумий ҳисобда 4 та мактаб ҳамда 2 та хусусий мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди, — дейди Чироқчи тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Гулсора Сулаймонова. — Албатта, бу мамлакатимизда ёшларимизнинг таълим ва тарбиясига қаратилаётган юксак эътибор, бу борада амалга оширилаётган ишларнинг яна бир намунаси бўлди.
Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг жорий йил 19-20 июнь кунлари Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи давомида Чироқчи туманини ижтимоий, иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳам қатор топшириқлар берган эди.
Шунга асосан, айни пайтда туманнинг Ифтихор, Янгиқурилиш, Боғишамол ва Навоий маҳаллалари ҳудудидаги 103 гектар майдонда янги шаҳар бунёд этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Ҳудудда йўл ва бошқа коммуникация тизимларини барпо этиш, мавжудларини таъмирлаш бўйича кенг қамровли ишлар олиб бориляпти. Бу эса тадбиркорларни ҳам замон руҳи билан яшашга ундаётгани, янги-янги ташаббусларга илҳомлантираётгани бор гап. Буни туманда амалга оширилаётган янги лойиҳаларнинг кўплигидан ҳам кўриш мумкин.
Хусусан, энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида ташаббускорлар томонидан рўёбга чиқарилган 22 та ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда кўп қаватли уй-жойлар тантанали тарзда фойдаланишга топширилди. “Шава шер инвест" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан Чироқчи маҳалласи ҳудудида барпо этилган 104 хонадонли замонавий тураржой мажмуаси ҳам шулар жумласидан.
— Бугун юртошларимиз яхши яшашга, барча қулайликларга эга бўлишга ҳаракат қилмоқда, — дейди корхона раҳбари Отамурод Қулмуродов. — Бу эса бизни ҳам уй-жойлар қурилиши бозорида ўз ўрнимизни топиш учун курашишга, қурган уйларимизнинг сифати ва қулайликлари билан мижозлар ишончини қозонишга ундаётгани бор гап. Бундан кейин ҳам ҳудудда мана шундай замонавий уй-жойларни қуриб, топширишда давом этамиз.
Шунингдек, туманда яна қатор ижтимоий, иқтисодий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди. Мазкур объектларнинг очилиш маросимлари турли маънавий-маърифий, маданий-кўнгилочар ҳамда хайру саховат тадбирларига уланиб кетди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг