Гендер тенгликка эришиш стратегияси ижроси муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 7 октябрь куни Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Комиссия раиси, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Мажлисда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ижро этилиши чуқур танқидий муҳокама қилинди.
Сенат Раиси таъкидлаганидек, Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаоллигини ошириш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, хотин-қизларнинг манфаатини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва институционал негизини мустаҳкамлаш йўлида муҳим чоралар кўрилмоқда.
Ушбу йўналишда 200 дан ортиқ комплекс чора-тадбирлар изчил равишда амалга оширилиб, натижада хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи сезиларли даражада мустаҳкамланди.
Жумладан, олий таълимнинг бакалавр босқичида хотин-қизлар улуши 38 фоиздан 53 фоизгача ўсди. Магистратура босқичида бу кўрсаткич 34 фоиздан 66 фоизгача кўтарилди. Докторантурада таълим олаётган хотин-қизлар сони эса 584 нафардан 4 129 нафарга етди.
Айниқса, иқтисодиёт тармоқларида ҳам аёлларнинг фаоллиги ортиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган аёллар сони 69 минг нафардан 262 минг нафаргача кўпайди.
Сиёсий соҳада хотин-қизларнинг улуши сезиларли даражада ошди. Хусусан, сиёсий партиялардаги хотин-қизлар улуши 30 фоиздан 41 фоизга етди, парламентдаги улуши эса 16,4 фоиздан 34 фоизгача отди.
Парламентлараро иттифоқ томонидан юритиладиган «Парламентдаги аёллар» рейтингида Ўзбекистон 193 та мамлакат орасида 130-ўриндан 38-ўринга (92 поғона) кўтарилди. Жаҳон банкининг гендер тенглик соҳасидаги сўнгги ҳисоботида Ўзбекистон дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига мос келадиган хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратишга қаратилган халқаро шартномаларни ратификация қилиш, аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларининг олдини олиш ҳамда бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, мажлис давомида мутасаддиларга Гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.
Мазкур дастурда давлат фуқаролик хизматида ва миллий кадрлар захирасида хотин-қизлар улушини ошириш, таълим ҳамда информацион технология соҳаларида хотин-қизлар иштирокини ошириш, уларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва тадбиркорликни ривожлантириш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш механизмларини кучайтиришга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси белгиланди.
Шу билан бирга, мажлисда жорий йилнинг 25 ноябридан 10 декабригача ўтказилиши режалаштирилаётган «Зўравонликка қарши 16 кун» халқаро акциясини самарали ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Акция доирасида аҳоли ўртасида зўравонликка қарши курашиш, гендер тенгликни тарғиб қилиш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ахборот-тадбирлар ўтказиш режалаштирилгани таъкидланди.
Мажлисда республика ва маҳаллий ижро органлари мутасаддиларининг ахбороти эшитилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Муҳокама якунида Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг