Чинни идишни синдиришни “Чидаганга чиқарган”ми?

17:47 25 Ноябрь 2024 Жамият
276 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Бугун мамлакатимизда йигирмадан ортиқ телеканаллар фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, хусусий телеканаллар жуда фаол. Экран орқали халқнинг эркин фикри, яхши таклифлари, жойлардаги ўткир муаммолар дадил олиб чиқилмоқда. Сиёсий-ижтимоий мавзулар муҳокамасига бағишланган ток-шоулар, қизиқарли дастурлар эфирга узатиляпти.

Тўғри, телеканаллар учун жараён осон кечаётгани йўқ. Мавзу танлаш, уларни содда ва халқона тилда аудиторияга етказиш, экспертларни муҳокамага жалб этиш катта тажриба ва масъулият талаб қилади. Бироқ, баъзи масалалар масъуллар назаридан четда қолаётгандек.

Масалан, «Zoʻr TV»да ҳафтанинг шанба куни эфирга узатиладиган «Чидаганга чиқарган» шоусида учта ёш оила (эр-хотин) хорижий давлатга саёҳат йўлланмаси учун турли шартлар асосида беллашадилар. Топшириқлар ҳам ранг-баранг, баъзилари қизиқарли бўлса, айримлари бачкана. Улар орасида хориждан келаётган, миллийликка ёт ғоялар сингдирилган бемаъни топшириқлар ҳам кузатилади. Айниқса, ликопчаларни сирпанчиқ стол устидан ирғитган ҳолда махсус тешикдан ўтказиб синдириш шарти тафаккури уйғоқ ҳар қандай кишини ғашини келтиради.

Ҳунарманднинг қўл меҳнати, қалб-қўри, кўз нури билан яратилган санъат асари қандайдир кўнгилхушлик учун сонияларда чилпарчин бўлади. Ўзбекона миллийлигимиз акс этган ушбу пахтагул чиннилар қанчадан-қанча дастурхонларни безаши ҳам мумкин эди. Орамиздаги қайсидир оила шундай идишларга эришиш орзусида меҳнат қилаётгандир. Балки яна бир ночор оила фарзандлари чети синган идишларда таом тановул қилаётган бўлиши ҳам мумкин. Булар эса миллий қадриятимиз рамзи акс этиб турган бус-бутун идишни синдиришдан завқ туйишяпти. Аксинча, синмаса ғазаби қўзияпти.

Ушбу дастур жорий йил 23 ноябрь куни соат 1800 да эфирга узатилди. Кечки маҳал «Zoʻr TV»нинг «YouTube» видеохостингидаги саҳифасида фойдаланувчиларнинг ушбу шоу ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдим. Аксарият кузатувчилар салбий муносабат билдиришган. Исрофгарчилик, тўқликка шўхлик, уволдан бошқа нарса эмаслиги хусусида ўз изоҳларини қолдиришган.

Болалигида “Орзулар камалаги” фильмини томоша қилмаган юртдошимиз бўлмаса керак. Кинода қароқчи ва ўғри бозорда кўзаларни кўтарасига сотиб олишади. Санъат қадрини, исрофгарчилик нималигини билишмаган қароқчилар кўнгил хушлаш учун уларни синдира бошлайди. Ҳунарманд эса уларни бу йўлдан қайтаришга уринади. Қароқчилардан бири “ҳаққингни олдингми — олдинг, энди кўзалар бизники, нима қилсак ўзимиз биламиз”, дейди.

Шунда ҳунарманд “инсон меҳнатини топтаган одам кўр бўлади. Минг лаънат сенларга. Буни одамлар фойдалансин деб ясаганман. Сендақа ахлоқсизлар синдирсин, деб эмас. Мана пулларинг, ол», деб тангаларни улар томон ирғитади.

Фильмлар шунчаки яратилмайди. Уларда аччиқ бир ҳақиқат ётади. Мазмун-моҳиятида инсониятни эзгуликка бошловчи, ёмонликлардан қайтарувчи чорловлар бор. 1982 йилда яратилган ушбу фильм ижодкорлари «Чидаганга чиқарган» телешоу муаллифларини олдиндан башорат қилгандек гўё.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?