Чинакам ватанпарварларни тил ва адабиёт тарбиялайди

21:03 19 Октябр 2022 Маданият
739 0

Фото: Архив сурат

Филология фанлари доктори, профессор

Нурбой ЖАББОРОВ билан суҳбат.

— Суҳбатимиз 21 октябрь — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун арафасида бўлгани боис сўзимиз аввалида миллатимизнинг бош белгиси бўлмиш — она тилимизнинг ривожи, унинг ўрганилиши ва адабиётимизнинг муҳим жиҳатларига доир мулоҳазаларингизни билмоқчимиз.

— Она тили тақдири учун куйиниш ҳисси — у хоҳ тилшунос олим, бирор соҳа раҳбари ёки муаллим бўлсин, хоҳ оддий деҳқон, тижоратчи ёки муҳандис бўлсин — миллатнинг ҳар бир вакили қалбига кўчмас экан, тилнинг равнақи ҳақида гапириш маҳол.

Ҳазрат Навоийнинг «Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз», деганидан тил ва элнинг яхлит бир ҳодиса эканини англаш қийин эмас. Бироқ бугун ана шу ҳодисаларнинг бир тану бир жон эканини бир қадар унутгандекмиз, назаримизда. Биргина мисол. Пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бирида бор-йўғи икки чорраҳа оралиғидаги жой номларини ўқиб, таажжубга тушасиз. Мана улар: “PlayStation”, “TOPMEN boutique”, “Premio”, “Rest”, “Holis agro”, “Miss S”, “MAG avto”, “Avtostekla” “Mano Mancino”, “Dizayn grup”, “Kids klub”, “Elegan Service”, «Салон красоты», «Ателье мод»....

Халқимиздан чиққан тадбиркорларни, тожирларни ҳурмат қиламиз. Бугун улар аксари савдо маданиятини юксалтиришга катта ҳисса қўшяпти. Дунёнинг исталган давлатидан халқ эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларни керагича етказиб келаётир – барака топсин! Бойияпти, одамларга, жамиятга фойда келтиришга уриняпти – офарин! Дўконлар, бошқа савдо ва маиший иншоотларни барпо этяпти – бу жуда зарур! Бизнинг истагимиз: уларда ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, «асл тилларнинг маншаъи» бўлган она тилимизга ҳам озгина эътибор, ҳурмат туйғуси ҳам бўлса эди... Тилимизда юқоридаги ажнабий сўзлардан кўра жозибалироқ иборалар шунчалар кўпки, уларни билмаслик – уят!

Шунингдек, бугунги рекламалар тили ачинарли ҳолда. Телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси ва ҳоказо маиший буюмларимиз бузилса, тузатишга олиб боришдан аввал, албатта, шу соҳадан хабардор одамлар билан маслаҳатлашамиз. Устанинг энг яхшисини топишга ҳаракат қиламиз. Афсуски, тилимиз бузилса, бу даражада эътибор бермаймиз. Йўқса, рекламадан пулни аямайдиган жўмард тожир унга қандай сўзлар битилганига ҳам озгина эътибор қаратган бўлар эди. Юқорида тилга олинган кўчада дизайн жиҳатдан анча чиройли бир реклама лавҳаси осилган. Унда рус тилида «Качества – признак лидерства» жумласи дарж этилган. Афсусланарлиси шуки, бу жумла ўзбек тилига «Сифат – сардорлик белгиси», дея таржима қилинади. Табиийки, русча жумлада бугунги рақобат шароитида сифат билангина енгиб чиқиш мумкинлиги ифодаланган ва у жуда ҳам тушунарли. Уни ўзбек тилига тўғридан-тўғри калта қилиб эмас, «Сифат – ютуқ гарови!» дея ўгириш ҳам мумкин эди.

Шевалар – адабий тилни бойитишдаги муҳим манба. Фақат уни қўллашда меъёр талаб этилади. Ўзаро суҳбат, чойхона, тўй-маъракаларда шевада сўзланиши заррача эътироз уйғотмайди. Устоз академик Матёқуб Қўшжонов ҳикоя қилган қизиқ бир воқеани адабиёт ихлосмандлари эшитган. Эмишки, Хоразмдаги мактаблардан бирида битирув оқшоми бўлган. Домла жиддий туриб: «Мана, энди ўнинчи синфни битирдинглар. Ўзбекистон бўйлаб тарқалиб кетасизлар. Шунинг учун мумкин қадар тоза ўзбекча гапиринглар. Хўпми?» деса, зал гуриллаб жавоб берибди: «Ҳовва!»

Бунда шевадан бутунлай қутулиш қийин экани ифодаланган. Лекин бу фикрни адабий тильда баён этиш имконсиз дегани эмас. Жамоат жойларида, телевидение-радиода, маънавий-маърифий тадбирларда эса адабий тильда сўзлаш шарт. Чунки адабий тил миллатнинг бирдамлигини таъминлайди. Адабий тильда сўзлаш бошқа шевалар вакилларига ҳурмат демакдир. У сўзловчининг маданий даражасини, маърифий савиясини ҳам кўрсатади. Таассуфки, бугун телевидениенинг айрим каналларида, хусусий радиоканалларда шевада гапириш қоидага айланяпти.

Мустабид тузум даврида маърифатпарвар аждодларимиз замон талабига мос, янгича мактаблар очишга ҳаракат қилганлар. Манбаларда мустамлака маъмурияти бундай мактабларга дарслар ўша ҳудуд шевасида олиб борилган ҳолдагина рухсат этиш ҳақида яширин фармон бергани зикр этилган. Бинобарин, тилнинг равнақини, миллатнинг ҳамжиҳатлигини таъминлашни истаган ҳар бир зиёли масъулиятни зиммасига олиши – адабий тилга эътиборли бўлмоғи зарур.

Лотин имлоси асосидаги ёзувга ўтяпмиз. Бир неча авлод ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тизимини ана шу имло асосида битирди. Кирил алифбосидаги «х» ва «ҳ»ни аниқ фарқлаш мақсадида лотин имлосида улар учун бир-бирига ўхшамайдиган алоҳида белгилар қабул қилинган. Бироқ, афсуски, уларни фарқламаслик ҳануз давом этаётир. Маҳобатли бир ташкилотга боришимга тўғри келди, биргина қаватдаги уч эшикка осилган лавҳалар барчаси ғалат: “Qabulhona”, “Hatlar boʼlimi”, “Xisob-kitob boʼlimi”. Агар бу ягона ҳол бўлганда ва фақат шу муассасадагина учраса эди, унга эътибор қаратилмаса ҳам бўлар эди. Таассуфки, бундай лоқайдлик, бефарқлик урфга айланяпти. Буларни кўриб, дилингиз ранжиб қайтар экансиз, пешонангиз яна бир хатога урилади: “Hush kelibsiz”. Ажабо, бу нима дегани? Балки «Ҳушингизга келибсиз», демоқчидир. Кошкийди, тилга, имлога эътиборсиз лоқайдлар ҳушларига келса...

— Исъҳоқхон Ибратнинг бир ҳикматида «Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиши учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат бу ватаний ишдир», деганди. Сизнингча, бугунги кунда тил илмининг ривожи талаб даражасидами?

— Бугун тилшуносликда компьютер лингвистикаси деган алоҳида илмий йўналиш шаклланди ва ривожланяпти. Шу йўналиш заминида юзага келаётган градуал лингвистика бўйича тадқиқотлар олиб борилаётир. Ўзбек заминида шаклланган бу тилшунослик натижаларидан Ғарб мамлакатларида, хусусан, Германияда замонавий “WortShatz” интернет луғатларини тузишда кенг фойдаланилмоқда. Мутахассислар фикрича, бу тилшунослик ютуқларини илмга жорий этиш дунё миқёсида том маънодаги янги миллий ўзбек тилшунослиги шаклланиши учун замин яратади.

Бундан ташқари, тилшунослик ва социология кесишувида юзага келган социолингвистика, психология ва тилшунослик синтезида майдонга чиқаётган психолингвистика тобора ривожланаётир. Бу йўналишлар алоҳида фан сифатида бакалавриат ва магистратура ўқув режаларига киритилгани ҳамда уларни ўқитишда муайян ютуқларга эришилаётганини замон тақозоси, эҳтиёж самараси, деб билмоқ зарур.

Тилшунослик ва табиий фанлар деган алоҳида илмий йўналиш шаклланди ва у фан сифатида ўқитилмоқда. Тилшунослик ва медицина, жумладан, психотерапия ва нотиқлик санъати, шунингдек, тилшунослик ва психиатрия, яъни турли руҳий касаллик ҳолатидаги нутқий хусусиятлар масалаларини тадқиқ қилиш; математик методларнинг тилшуносликка ўтиши, бошқача айтганда, эҳтимоллик назарияси ва статистик методдан фойдаланиш муаммоларини ана шу фан ўрганади. Бундан ташқари, лингвогеография, яъни тилшунослик ва картография, шевашунослик ҳамда ареал лингвистика масалалари ҳам шулар жумласидандир.

Бироқ ўзбек тилшунослиги миллий негизда ривожланяпти, деб тўлиқ ишонч билдира олмаймиз. Бугунги кунда ўзбек тилшунослиги ажнабий истилоҳлар гирдобида қоляпти. Бу соҳада ҳимоя қилинаётган айрим диссертацияларнинг мазмуни ҳам, мавзуси ҳам она тилимиз табиатига мутлақо бегона. Уларни англаш учун ўзбек тилига таржима қилиш зарурати пайдо бўляпти. Масалан, «Антропонимлар дискурс релеванти сифатида», «Гипотактик қурилма шаклланишининг когнитив-прагматик хусусиятлари», «Оламнинг миллий лисоний тасвирида теоморфик метафоранинг когнитив аспекти» мавзуларида айнан Ўзбек тили ихтисослиги бўйича диссертациялар ҳимоя қилинган. Бу мавзуларни, улардаги бир-икки сўзни истисно қилганда оддий одамлар тугул филолог мутахассис ҳам тушуниши қийин.

Модомики, она тилимиз мавқейи ҳозиргидан ҳам юксалишини хоҳлар эканмиз, камчиликларни эътироф этиш керак. Уларни тузатиш чораларини кўрмоғимиз зарур. Мен тилшуносликнинг жамият ривожига таъсирини назарда тутяпман. Бугун гўё «Тилшунослик – тилшунослик учун» деган қоида амал қилаётгандек тасаввур уйғонади.

— Юқорида тилшуносликнинг жамият ривожига таъсири ҳақида ҳам қисқача гапириб ўтдингиз. Ҳақиқатан ҳам, тилшунослик ва ижтимоий воқелик ўзаро мутаносибликда, ўзаро таъсир асосида ривожланиши сир эмас. Хўш, тилшуносликнинг илмий натижалари бугунги кунда ўқув жараёнидан бошқа (аслида, бу борада ҳам муаммолар етарли) қайси жабҳага фаол татбиқ этиляпти? Бугун филология соҳасида энг кўп диссертациялар бўйича ҳимоя қилинаётган замонавий тилшунослик соҳасининг амалиётга татбиғи қониқарлими?

— Афсуски, бу саволга бериладиган жавоб биз кутган даражада ижобий эмас. Бугунги кунда жаҳон миқёсида кечаётган интеграция ва глобаллашув жараёнида ўзбек тилини дунёвий тиллар даражасига олиб чиқиш ҳаётий заруриятдир. Мазкур катта, масъулиятли, ўта муҳим мақсадни амалга оширишда компьютер технологияларига, хусусан, компьютер лингвистикасига бўлган эҳтиёж яна ҳам ошади. Чунки айнан компьютер лингвистикаси ўзбек тилининг жаҳон миқёсига чиқишида, она-тилимизнинг дунёвий тиллардан бирига айланишида, уни ўрганиш ва ўргатиш ишлари оптималлашувида ҳал қилувчи ўрин тутади.

Мутахассислар фикрича, компьютер лингвистикасининг асосий мақсади тилшуносликка оид масалаларни ечишнинг компьютер дастурларини яратишдир. У амалий тилшуносликнинг бўлими бўлиб, матнга компьютер ёрдамида ишлов бериш билан боғлиқ вазифаларни бажаради. Унинг асосий вазифаларига қуйидагиларни киритиш мумкин:

- тилларга ўқитиш;

- билимларни текшириш (баҳолаш);

- матнларни турли жиҳатдан автоматик таҳрирлаш;

- машина таржимаси учун мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш;

- луғатларни ва компьютердаги матнни статистик таҳлил қилиш ва ҳ.к.

Кўринадики, катта ҳажмдаги ахборотни қайта ишлаш зарурияти компьютер лингвистикасини тақозо этади. Буларни мазкур соҳанинг ўзига хос йўналишлари деб ҳам аташ мумкин. Агар ушбу йўналишларнинг моҳиятига чуқурроқ эътибор берилса, уларнинг ҳар бири ўзбек амалий тилшунослиги учун нақадар ҳаётий, зарурий аҳамият касб этиши аён бўлади. Шунга кўра, компьютер лингвистикасининг айни вазифалари асосида бугунги кунда ўзбек тилшунослигининг компьютер билан боғлиқ ҳолда ҳал этиш лозим бўлган қуйидаги масалаларини таъкидлаб кўрсатиш мумкин:

- ўзбек тилининг ахборот (компьютер) услубини яратиш;

- ахборот матнларидаги қолиплилик, қисқалик, аниқлик мезонларини ишлаб чиқиш;

- интернет сайтларини яратиш меъёрларини белгилаш;

- ўзбек тили ва адабиёти бўйича электрон дарсликлар яратиш;

- компьютерда инглизча-ўзбекча ва ўзбекча-инглизча таржима дастурларини тузиш;

- ёзма матнларни таҳрирлаш дастурини яратиш.

Ушбу муаммоларнинг энг аҳамиятлиси – ўзбек тилининг ахборот (компьютер) услубини яратиш. Чунки саналган барча муаммоларнинг ечими шунга боғлиқ. Зеро, жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи, ҳар томонлама мукаммал, қулай ва оммабоп ахборот (компьютер) услуби яратилганидан сўнггина юқоридаги муаммоларни ҳал қилиш мумкин бўлади.

Бир неча йиллар муқаддам «Дунёвий ўзбек тили» китоби босмадан чиққан эди. Унда ўзбек тилидаги биргина «ишламоқ» феълининг тахминан юз минг шакли (лексик грамматик парадигмалари) рус ва инглиз тилларига ўгирилган. Инглиз тилида эса бу феълнинг бор йўғи 100 та шакли борлиги маълум. Мана сизга қиёс: 100 000 та ва 100 та.

— Миллий тил юксалиши, равнақ топиши учун бу тильда яратилган адабиётнинг савияси қандай ўрин тутади?

— Адабиёт – тилнинг бадиий воқеланиши. Тилнинг бутун сеҳру жозибаси, латофати, ҳатто нуқси ҳам шу тильда яратилган бадиий асарда намоён бўлади. Ижод аҳли зиммасидаги вазифа шунинг учун ҳам беҳад оғир. Қўлига қалам олган одам битиклари буюк бир миллат адабиётига муносиб бўлишига интилмоғи зарур. Бугун сариқ матбуот ўзига ўхшаган хазонранг адабиётни туғди. Унинг тили ғализ, мавзуси олди-қочди, муддаоси эса – оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтмоқдир.Сариқ адабиётнинг аъмоли – адабсизлик. Шу боис унга оид «асар»ларда икки жинс муносабатидаги ҳазрат Навоийдай зот «зикри тарки адаб ва баёни беҳижоблиққа сабаб»деб ҳисоблаган жиҳатлар ҳам юзсизларча тарғиб этилаверади. Шу сабабдан, одамкушлик, зўравонлик, қотилликнинг яланғоч тасвири бу «адабиёт» нинг асосий объектига айланган. Бу турдаги «асар»лар миллий маънавиятга катта хавф туғдиради. Азалий ахлоқий қадриятлар таназзулига сабаб бўлади. Адабий-эстетик дидни ўтмаслаштиради, тафаккурни ўлдиради.

Ушбу фикрлар исботи учун сариқ адабиёт намуналаридан истаганча мисол келтириш, уларни таҳлил қилиш мумкин. Бироқ улар бундай эътиборга муносиб эмас, танқиддан тубандир. Бунинг ўрнига миллий адабиётимизнинг сара асарлари ҳақида фикр юритмоқ афзалроқ.

Агар тил қуёшга ташбиҳ этилса, адабиёт нурга менгзалади. Чунки Абдулҳамид Чўлпон айтмоқчи, адабиёт «ўткир юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви». Шу сабабдан ҳам у ақлни чархлайди, дидни ўткирлаштиради, шуурларга ёруғлик бағишлайди.Фақат адабиётгина инсонни жаҳолат гирдобидан халос этиб, маърифат мақомига олиб боришга қодир. Лекин бунинг муҳим бир шарти бор: унинг тилида фасоҳат ва балоғат бўлмоғи зарур. Устоз Абдулла Ориф таъбири билан айтганда, “…чинакам адабиёт, шеърият намунаси бетакрор мазмун, гўзал ташбиҳ, сирли руҳ мутаносиблигидан юзага келади. Унинг ўқувчини бутунлай ўзга оламга олиб кириши, китобхон туйғуларига кучли таъсир этиши сабаби шунда». Жаҳоннинг машҳур адибларидан бирининг диққатга сазовор эътирофи бор: «Математика, физика, умуман табиий фанлар бир илм одамини етиштирмоғи мумкин. Чинакам ватанпарварни эса адабиёт тарбиялайди». Шундай экан, миллатнинг ва миллий адабиётнинг мавжудлик шарти бўлган она тилимиз тақдири учун куйиниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Муроджон РАҲМАТОВ суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер