Чет тилларини ўқитишда Бухоро тажрибаси самара бермоқда
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Вобкент туманидаги 1-умумтаълим мактабида ўқитувчиларнинг 16 нафари миллий ва халқаро даражадаги сертификатга эга. Феруза Жўраева ана шуларнинг бири.
— «Замонавий мактаб» мақомига эга ушбу масканда фаолият кўрсатаётганимдан хурсандман, — дейди у. — Билим даргоҳимиз, айниқса, чет тилларни ўқитиш борасида айтса арзигулик ютуқларни қўлга киритмоқда. У Президент соврини учун ўтказилаётган «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг вилоят босқичи ғолиби саналади. Ўзимга келсак, халқаро ҳамкорлик лойиҳалари доирасида уч марта Германияда малака оширдим. Бу менга ўқувчиларга сифатли таълим бериш, хусусан, назария билан амалиётни уйғунликда олиб боришда яхшигина тажриба тўплаш имконини берди.

Бугунги кунда вилоят мактабларида меҳнат қилаётган 3020 нафар хорижий тил фани муаллимларининг 74 фоизи ёки 2235 нафари тил билиш даражасидаги миллий ва халқаро сертификатларга эга. Ғиждувон туманидаги 26–умумтаълим мактаби ўқитувчиси Нозима Шокирова ҳам улар қаторида.
— Яқинда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ажратилган грант асосида Нисса шаҳрида малака ошириб қайтдим, — дейди у. — Бу касбий маҳоратимни ошириш имконини берди. Тўғри, хорижда мактабларнинг моддий-техника базаси нисбатан мустаҳкам. Лекин биздаги устунлик шундаки, илмга ташна ўғил-қизларимиз жуда кўп. Уларга замон талаблари даражасида сабоқ берсак марра бизники бўлади.

Вилоятдаги умумтаълим мактабларида инглиз, немис, француз ва корейс тиллари ўқитилмоқда. 28 та мактабнинг 10–11 синф ўқувчиларига иккинчи хорижий тил ўқитилиши йўлга қўйилди. Тил ўргатиш ўқув марказлари билан ҳамкорликда 71 та мактабдаги бўш хоналар бепул ижарага берилиб, тўгараклар ташкил этилди. Уларда 1120 нафар ўқувчи қамраб олинган. Инглиз, немис, корейс, рус тиллари ҳамда математика ва биология фанларини ўқитиш бўйича ўн нафар хорижий мутахассис жалб этилганини ҳам таъкидламоқчимиз.
— Олий тоифали кимё фани ўқитувчисиман, — дейди яна бир суҳбатдошимиз Лобар Исломова. — Ғиждувон туманидаги 60–ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида ишлайман. Тест синовидан 92 балл тўплашга муваффақ бўлдим. Давлатимиз томонидан муаллимнинг меҳнати қадрланаётганидан мамнунман. Тўққиз, ўн миллион сўм миқдорида маош оляпман. Яратиб берилган имкониятлардан фойдаланиб, ўқув маркази ҳам очганман.

Ана шундай фидойи, ўз устида ишлашни канда қилмайдиган, касбий маҳорат синовида ўз билими билан ўқитувчилар ўртасида яхши маънодаги рақобатни кучайтираётган устозлар бор экан, ёшларимизнинг эртасидан кўнгил тўқ бўлади. Чунки халқимиз «Билимли мингни йиқар...» деб бежиз айтмаган. Буни вилоятда жорий йилнинг дастлабки чорагида эришилган натижалар ҳам кўрсатиб турибди.
Чунончи, жорий йилги асосий фан олимпиадаларида бухоролик ўқувчилар 7 та совринли ўринни қўлга киритиб, республика рейтингида 3-поғонани забт этди. Шунингдек, 21-25 апрель кунлари Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган халқаро математика олимпиадасида 2 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медали билан тақдирланди.
Бундан ташқари, терма жамоага номзодларни аниқлаш бўйича инглиз тили олимпиадаси саралаш босқичида кичик ёш тоифасида ҳам, катта ёш тоифасида ҳам вилоят жамоалари ғолиблар қаторидан жой олди. Иорданияда ўтадиган инглиз тили олимпиадасига йўлланма нақд қилинди. Бундай ютуқларда албатта, жонкуяр ва фидойи педагогларнинг хизматлари беқиёс.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг