Чекка ҳудудларга саноатни олиб кириш — кластерлар олдидаги устувор вазифа

16:46 23 Июнь 2021 Кластер
16562 0

«Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари» уюшмаси ташкил этилганига бир йил тўлди. Аниқроғи, мазкур нодавлат нотижорат ташкилот Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июндаги «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида тузилган эди.

Бугун уюшманинг бир йиллик фаолияти таҳлили ва галдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор тизимдаги 122 та пахта-тўқимачилик кластерлари мисолида ердан самарали фойдаланиш, кўпроқ даромад олиш учун чуқур қайта ишлашни йўлга масаласига қаратилди.

— Маълумотларга қараганда, Нидерландияда бир гектар ердан 160 минг АҚШ доллари миқдорида даромад олинмоқда, — деди «Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари» уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов. — Ёки бўлмаса, Ветнамда бир туп ғўза ўсмайди, бир килограмм пахта етиштирилмайди, лекин 50 миллиард долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинади. Йилига 3 миллион тоннадан зиёд пахта етиштирилиб, 1 миллион тоннадан ортиқ тола олинадиган Ўзбекистонда-чи? Афсуски, пахта-тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 2 миллиард долларга ҳам етмайди. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, толани чуқур қайта ишлаш эвазига 25 миллиард долларликдан ортиқ қўшимча қиймат яратиш мумкин. Кластерлар бугун ушбу натижага эришиш йўлида давлатимиз раҳбарининг инновацион ғояси асосида жипслашиб, меҳнат қилмоқда.

Йиғилишда чекка ҳудудларга саноатни олиб кириш орқали қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини оширишга хизмат қиладиган инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалигини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, соҳа учун етук кадрлар тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Уюшма олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?