Бюджет жараёнида фуқаролар иштироки таъминланмоқда

01:47 06 Январь 2022 Иқтисодиёт
943 0

Бундан буён маҳаллий бюджет маблағлари қай мақсад учун йўналтирилишида ҳар бир солиқ тўловчи иштирок этиши мумкин. Бу борада “Очиқ бюджет”, “Ташаббусли бюджет” тамойиллари ҳаётга татбиқ этилиб, ушбу жараёнда адолат ва шаффофлик сари жиддий қадам қўйилди.

Мухбиримиз айни соҳада олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар хусусида Фарғона вилояти молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ғанижон Солиев билан суҳбатлашди.

— Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, туман (шаҳар) тасдиқланган бюджетининг 5 фоизига тенг миқдордаги маблағ жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади, — дейди Ғ. Солиев. — Бу маблағ маҳаллий ҳокимликларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари шаклида очиладиган “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади. Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якуни бўйича маҳаллий ҳокимликларнинг расмий веб-сайтлари ҳамда “Очиқ бюджет” порталига жойлаштирилиши керак.

Фарғона вилоятида 2021 йили илк бор жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштириш мақсадида “Ташаббусли бюджет” жараёни ўтказилди. Шу тариқа “Фуқаролар ташаббуси жамғарма”ларида 37 млрд. 735 млн. сўм маблағ шакллантирилди.

Биринчи босқичда 2021 йилнинг 1–31 июл кунлари таклиф бериш истагидаги ҳамюртларимизнинг ўзлари яшаётган ҳудуддаги муаммоларни бартараф этиш бўйича 3 минг 501 та таклифлари “Очиқ бюджет” ахборот порталига электрон шаклда жойлаштирилди.

Иккинчи босқичда эса 2021 йилнинг 1-12 август кунлари давомида туман (шаҳар)ларда жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш, баҳолаш, танлаб олиш ҳамда ижросини мониторинг қилиш Ишчи комиссияси томонидан 3 минг 501 та таклифдан 1 минг 844 тасига овоз бериш жараёни ўтказилди.

Учинчи босқич доирасида 2021 йил 13 август-2 сентябрь кунлари энг кўп овоз тўплаган 145 та таклиф “Очиқ бюджет” ахборот портали томонидан инсон омилисиз, тўғридан-тўғри ғолиб деб топилди.

“Ташаббусли бюджет” жараёни натижаларига кўра, Фарғона вилояти бўйича энг кўп овоз тўплаган ва ғолиб бўлган умумий қиймати 39 млрд. 351 млн. сўмлик – 145 та таклифларни молиялаштириш мақсадида туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари томонидан манзилли рўйхат шакллантирилди. Ана шу таклифларга асосан маблағлар умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, спорт муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ички йўлларни (пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгичлар) таъмирлаш, ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш соҳаларига йўналтирилди.

Шакллантирилган манзилли рўйхатларга асосан таклифларни молиялаштиришга бириктирилган буюртмачи ташкилотларга ҳар бир таклиф бўйича тегишли ғазна ҳисоб рақамлари очилди. Туман-шаҳар ҳокимликлари томонидан тегишли маблағлар “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”дан буюртмачи ташкилотларнинг ғазна ҳисоб рақамларига ўтказиб берилди.

Данғара туманининг “Увайсий” МФЙ Дўстлик кўчасида яшовчи Мансуржон Расуловнинг аҳоли хонадонларини канализация тармоғига улаш, кўчанинг бир қисмини асфальтла тириш тўғрисидаги таклифи “Очиқ бюджет” порталида кўп овоз йиғиб, 230 миллион сўм берилди. Шу тариқа маҳаллада аҳоли хонадонларини канализация тармоғига улаш, кўчага асфальт ётқизиш ишлари олиб бориляпти.

Бағдод тумани “Қўғоли” МФЙда яшовчи Исломжон Илҳомиддинов ҳудуддаги 300 нафарга яқин ўғил-қизлар 6 километр йўл босиб, қўшни Ирғоли қишлоғидаги 30-умумтаълим мактабига қатнаши, шу боис маҳалла аҳли ҳашар йўли билан қишлоқда 30-умумтаълим мактаби филиалини қуриш ишларига киришгани, ишни охирига етказиш учун қўшимча маблағ зарурлиги борасида “Очиқ бюджет” порталига ўз таклифини жойлади. Бу таклиф ғолиб бўлиш учун етарлича овоз берилди ва 900 миллион сўм маблағ ажратилди. Бугунги кунда Қўғолида 330 ўринли замонавий мактаб қурилиши ишлари жадаллик билан давом этмоқда. Билим даргоҳини жорий йилда Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.

 

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер