Бундан буён туман ММТБ раҳбарлари соҳага боғлиқ бўлмаган йиғилишларга жалб қилинмайди

15:58 15 Май 2025 Сиёсат
194 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш учун 900 га яқин театр, маданият марказлари ва концерт заллари, ҳудудларда 1,5 мингга яқин спорт майдончалари, 200 та оромгоҳ, 2 мингдан ортиқ туризм объектлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга жойлардаги амфитеатр ва сайилгоҳларда ҳар куни концерт ва мусиқа кечалари ўтказиш, маданият ва истироҳат боғларида санъат кўргазмалари, шеърият кечалари ва интеллектуал ўйинлар ташкил этиш топширилди. Хусусан:

  • Пойтахтдаги Янги Ўзбекистон боғи ва паркларда ҳар куни очиқ осмон остида концертлар уюштирилади.
  • Бу ишларни спорт соҳасида ҳам ташкил қилиб, 6 миллион ёшларни қамраб олишга кўрсатма берилди.
  • Ёзги оромгоҳларда ёшлар “Ибрат фарзандлари”, “Қизлар академияси”, “Мутолаа” лойиҳалари билан қамраб олинади. 100 минг ўқувчи учун мактабларда “кундузги оромгоҳ” фаолияти йўлга қўйилади.
  • “Заковат” интеллектуал ўйинининг мактаб лигаси ташкил этилади.
  • “Рақамли авлод” лойиҳаси доирасида камида 50 минг ёш ўқитилиб, ҳудудларда IT ва киберспорт турнирлари ўтказилади. Бунда “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси бўйича туман ва вилоят танловлари ўтказилади.
  • “Менинг маҳаллам – менинг фахрим” лойиҳаси доирасида ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича 100 минг ёш волонтёрликка жалб қилинади.
  • 150 дан ортиқ сунъий, шунингдек, барча табиий сув ҳавзаларидан самарали фойдаланиш, бунда ёшларнинг хавфсизлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.
  • “Ёшлар туризми ойлиги” ўтказилиб, 1 миллион ёшлар учун музей ва тарихий обидаларга экскурсиялар ташкил қилинади.

Умуман, айтилган топшириқ ва тадбирлар ижросини назорат қилиш учун штаб тузилиши, бу масала шахсан Президент назоратида бўлиши таъкидланди.

Туман ҳокимларига ҳар ойда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари раҳбарлари, мактаб директорлари ва боғча мудиралари билан учрашиб, муаммоларни жойида ҳал қилиш вазифаси юкланди.

Мутасаддилар бундан буён туман бўлими раҳбарларини таълим билан боғлиқ бўлмаган бирорта йиғилишга жалб қилиб бўлмаслиги ҳақида қатъий огоҳлантирилди.

Йиғилиш давомида мактабгача ва мактаб таълими тизими мутасаддиларининг фикр ва таклифлари, ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?