Бундан 51 йил муқаддам Бухоро яқинидаги қадимий қабристондан нималар топилган эди?
Лавандак қабристони нафақат Бухоро воҳаси, балки дунёдаги энг қадимий мозорлардан бири десак хато қилмаймиз. Бундан эллик бир йилча муқаддам мазкур қадамжода қазишма ишлари олиб борган археологлар ҳайратомуз топилмаларга дуч келишганди.
Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Санъат ва этнография илмий бўлими мудири Ш. Жўраевнинг таъкидлашича, қадимий савдо карвонлари йўлларининг чорраҳасида жойлашган масканда ҳунармандчиликнинг 90 дан зиёд тури билан 200 га яқин маҳалла аҳолиси машғул бўлган. Маҳаллаларга ҳам шундан келиб чиққан ҳолда ном берилган. Шу ҳунар турларидан бири заргарликдир.
— Археологик тадқиқотлар шундан гувоҳлик берадики, милоддан аввалги III-II асрларга тааллуқли бўлган, бугунги кунда Бухоро Тасвирий санъат музейи «Олтин хазина» экспозициясида намойиш этилаётган тилла плакетка ва тилла ҳамда сердолик материалидан босма услубда ишланган сирғалар заргарлик ҳунарининг дастлабки намуналаридан бири саналади, — дейди Ш. Жўраев. — Улар Лавандак қабристонида олиб борилган қазишмалар чоғида топилган.
Қадимги дунё эътиқоди бўйича, инсон вафот этгандан кейин бу ҳаётда фойдаланган буюмлари нариги дунёда ҳам асқатади. Шу тушунчадан келиб чиқиб, одамлар вафот этишгач,қабрларга ўзлари фойдаланган буюмлар билан бирга кўмила бошланган. Булар тақинчоқлар, безак воситалари, илоҳаларнинг ҳайкалчаларидан иборат жиҳозлардир. Улар фақат аёлларнинг қабрларида учраган. Тилла плакетка бош кийим учун мўлжалланган.Унда зардуштийлик дини илоҳасининг юз қисми тасвири мавжуд.
Лавандак қабристонидан шунингдек, ёғоч қинли дудама қилич, ярим ой тамғали ва тамғасиз дудама ханжар, уч парракли темир пайконлар ва ўроқсимон пичоқлар топилган. Қабрдан ҳайвон суяги, кўзача, коса, қадаҳ, олтин рангли шиша мунчоқ ва ярқироқ тошлар, зирак, аёл юзи тасвирланган олтин қоплама, жез ойна, узук, кийим парчалари чиққан.
Айтмоқчи, бош кийим учун маъбуд тасвирли тамға (плакета), сирға ва бошқа тақинчоқлар 1969 йилда музей фондига қабул қилинган.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” мусобақаси бошланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг