Бухоронинг сўнгги амирлари қабри қаерда?
Манғитлар сулоласи ҳукмронлигига Муҳаммад Раҳимбий 1756 йилда асос солган. Сулола ҳукмронлиги 1920 йилгача давом этди.
Манбаларда айтилишича, Раҳимбийнинг отаси Муҳаммад Ҳакимбий Аштархонийларнинг охирги вакили Абулфайзхоннинг саройида девонбеги лавозимида ишлаган. Эрон шоҳи Нодиршоҳ бостириб келганда, Абулфайзхон айнан уни элчиликка юборади. Муҳаммад Ҳакимбий Нодиршоҳ билан учрашиб, Бухоронинг таслим бўлганлигини айтади ва унга совға-салом бериб ортга қайтиб кетишга кўндиради. Шу тариқа Бухоронинг талон-тарож қилинишдан асраб қолишга ҳисса қўшади.
— Муҳаммад Ҳакимбийнинг ўғли Раҳимбий Эрон шоҳининг хизматига кирган, — дейди бухоролик музейшунос олима Наргиза Жумаева. — Нодиршоҳ уни катта қўшинга бош қилиб, Бухорода тартиб ўрнатгани юборади. Пировардида Муҳаммад Раҳимбий Эрон шоҳи ёрдамида Аштархонийларнинг охирги вакили Абулфайзхонни ўлдириб, ўрнига ўзи Бухоро амири бўлади.
Муҳаммад Раҳимбий 1758 йилда 47 ёшида вафот этади ва унинг ўрнига тахтга амакиси Дониёлбий ўтиради. Дониёлбий 1758 йилдан 1785 йилгача ҳукмдорлик қилади. Унинг даврида турли қабилалар орасида ўз нуфузини тиклаш учун ўзаро урушлар бўлиб туради. 1785 йилда Дониёлбий вафот этиб, ўрнига ўғли Шоҳмурод ўтиради.
Шоҳмурод тариқат йўлига кирган сўфи амир эди. Отасининг бойликларидан кечиб эл қатори яшайди.
— Халқ уни «Амири маъсум» деб атаган, — дея давом этади суҳбатдошимиз. — Қозилик соҳасида катта ислоҳотлар қилган. Ўз номини хутбада зикр қилишни тақиқлаган. Шоҳмурод Самарқандни 24 гузарга ажратиб, ҳар бирига масжид қурдирган. У 1800 йилда вафот этади. Ўрнига Қаршида ҳоким бўлиб ўтирган ўғли Ҳайдар амир бўлади. Бу киши диний олим бўлиб, ўзи ҳам мадрасада хутбалар ўқиган.
Биз манғитлар сулоласи вакилларининг барчаси ҳақида батафсил тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз.Фақат тахт учун зимдан кураш бу сулолага ҳам хос бўлганини таъкидламоқчимиз. Масалан, Амир Ҳайдарнинг ўғли Мирҳусайн икки ойдан сал зиёд тахтга ўтирган, холос. У заҳарланиб ўлдирилган. Унинг ўрнини эгаллаган укаси Мир Умар эса уч ойдан сўнг тахтдан четлаштирилган.
Шу ўринда Бухоронинг сўнгги амирлари қабри қаердалиги ўқувчида қизиқиш уйғотиши мумкин. Қуйида Наргиза Жумаева тақдим этган маълумотни эътиборингизга ҳавола этамиз:
1) Муҳаммад Раҳимхон — ҳукмронлиги 12 йил, Бухоронинг Мозори Шариф дарвозаси ёнидаги масжидда дафн қилинган.
2) Дониёл бин Худоёр оталиқ — 27 йил ҳукмронлик қилган. Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги ўзи бино эттирган мадрасада дафн этилган.
3) Шоҳмурод бин Маъсумбий — ҳукмронлиги 14 йил. Қабри Бухоро шаҳридаги Эшони Имло мозорида.
4) Ҳайдар бин Шоҳмурод — ҳукмронлиги 28 йил. Эшони Имло мозоридаги Ҳаким Қушбеги мадрасасида дафн қилинган.
5) Насруллоҳ бин Амир Ҳайдар — ҳукмронлиги 33 йил. Қабри Эшони Имло мозорида.
6) Амир Музаффар бин Насруллоҳ — ҳукмронлиги 26 йил. Қабри Эшони Имло мозорида.
7) Абдулаҳад бин амир Музаффар — ҳукмронлик даври 28 йил. Қабри Кармана шаҳридаги Қосим Шайх мозорида.
8) Олимхон бин Абдулаҳадхон — ҳукмдорлик даври 9,5 йил. Қабри Қобул шаҳридаги «Шаҳидони ислом» (Ислом шаҳидлари) қабристонида.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг