Бухоронинг қадимий экоуйлари асраб қолинадими?

10:30 02 Декабрь 2024 Жамият
359 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Даставвал Бухоро вилоят маданий мерос бошқармасидан олинган маълумотга эътиборни қаратмоқчимиз. Вилоятда айни дамда давлат рўйхатига олинган 110 та қадимий уй бор. Уларнинг деярли барчаси кўҳна Бухоро шаҳрида. Баҳоуддин Нақшбанд кўчасидаги 52-рақамли хонадон шуларнинг бири.

Бухоро давлат музей-қўриқхонасида узоқ йиллар фаолият кўрсатиб, зукко ва фидойи тарихчи олим сифатида кўпчиликнинг ёдида қолган Б.Қозоқов шу ҳовлида яшаган. Меҳмонхона, даҳлиз ва яна бир хонадан иборат нақшинкор бинодаги битикларга синчковлик билан қараркан, ҳамроҳимиз, тадқиқотчи, музей-қўриқхона илмий ходими Аҳтам Аҳмедов эътиборимизни унинг 1911 йилда барпо этилгани ҳақидаги ёзувга қаратди. Ҳовлидаги яна бир уй эса ундан ҳам қадимийроқ.

— Бу ҳовли бизга бобомиздан мерос қолган, — дейди раҳматли домланинг қизи Майрам Қозоқова. — У киши амирлик даврининг обрўли кишиларидан бўлган, дейишади.

Ёғочдан бунёд қилинган, супаси обиғиштли, қурилишида тамоман табиий маҳсулотлар ишлатилган, бетакрор нақшлар билан безатилган бу гўшага экоуй, дея таъриф бериш мумкин. Кафтдек ҳовлида ҳатто бундан 150 йил муқаддам ёмғиру қор ва оқова сувларнинг ён-атрофга зиёни тегмай тарнов орқали чиқиб кетиши, шу кунги ибора билан айтганда, канализация тизими ҳам йўлга қўйилган.

— Ота-боболаримиз жуда зукко бўлишган, — дейди бухоролик таниқли ганчкор уста Алишер Ғойибов. — Ўзига тўқ, бой-бадавлат кишилар дабдабабозликка берилмай уйнинг ташқари қисмини оддий кўринишга келтиришган. Моддий имконияти чекланган айрим қўни-қўшни, маҳалладошларининг кўнгли чўкишини исташмаган. Бошқача айтганда, элдан чиқишмаган. Буни ҳаётий қоидага айлантиришган. Иморатнинг ички қисми қурилишига эса қўлигул усталарни жалб этиб, бино қиёфасини зеб-зийнат берилган санъат асари даражасига келтиришган. Сиз тилга олган қадимий уй ҳақиқатан ҳам бетакрор санъат дурдонасидир. Айрим нақшлари устига тилла суви юритилган. Бу уйда Бухоро ганчкорлик мактабининг ноёб намуналари сақланиб қолган.

Устанинг бунга алоҳида урғу бериши бежиз эмас. Бухоронинг қадимий экоуйларида иморатсозликнинг асрдан асрга ўтиб келган анъаналарини кўриш мумкин. Шаҳарнинг Умумжаҳон мероси сифатида ЮНЕСКО томонидан эътироф этилган қисмидаги бу уйлар йилнинг тўрт фаслига мослаб қурилган. Яшаш учун қулай. Улардаги ганчкорлик намуналари эса Алишер Ғойибов сингари нозиктаъб усталар учун асрий анъаналарни сақлаш, уларни бойитиш йўлида ўзига хос мактаб вазифасини ўтаб келяпти. Сирасини айтганда, халқимизнинг ардоқли фарзанди Уста Ширин Муродов ҳам шу мактаб бўстонидан гул териб, умрбоқий меъморий обидалар яратган, қадимий ёдгорликларни таъмирлаган.

— Дарҳақиқат, бу кўҳна экоуйларда бутун бошли Бухоро ганчкорлик мактаби анъаналари мужассам, — дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, манбашунос, тарих фанлари доктори Комилжон Раҳимов. — Уларда, хусусан, меҳмонхона вазифасини ўтайдиган хоналарда араб ёзувидаги ноёб битиклар кўп. Бу ерда меҳмонларни хушнуд этадиган, уларнинг кайфиятига кайфият қўшадиган сўзлар, шеърларни ўқиб, ўзингизни шеърият бўстонига кириб қолгандай ҳис этасиз. Битикларда маънавияти бой халқимизга хос меҳмоннавозлик ўз ифодасини топган. Бу ёзувлар атрофлича ўрганилиб, нуфузли халқаро ташкилотлар грантлари асосида фотоальбом тайёрланса мақсадга мувофиқ бўларди. Токи, келгуси авлод ҳам қадриятларимизнинг ажралмас бир бўлагига айланган бу меросдан баҳра олсин.

Олимнинг бу таклифни ўртага ташлаши бежиз эмас. Афсуски, қадимий уйларни асл ҳолича сақлаш, асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга етказиш ечимталаб масалага айланиб боряпти. Мана, бир мисол. Биз юқорида таърифини келтирган қадимий уй пойдеворининг бир томони ташқи таъсир оқибатида чўкиб қолди. Энди бу ерда яшаш хавфли. Шу туфайли уй эшигига қулф тушди.

— Ҳозир бошқа манзилда яшаяпмиз, — дейди Майрам Қозоқова. —Қарамоғимда хаста онам бор. Қўлимиз калта. Уйни таъмирлашга қурбимиз етмайди. Шу боисдан катта-кичик ташкилотларга уйни таъмирлаш масаласида кўмак сўраб мурожаат қилдим. Аммо фойдаси бўлмади. Менга “Банкдан кредит олиб, уйни таъмирлашингиз мумкин” деган мазмунда жавоб бериш билан кифояландилар.

Адолат юзасидан айтганда, ўқитувчилик ортидан умргузаронлик қилган, ҳозир эса кекса ва хаста онасининг саломатлигини ўйлаб яшаётган аёлда бу қадимий уйни таъмирлаш имконияти йўқ. Шу боисдан ҳам у уйни сотувга қўйди.

Уй-ку сотилар, аммо унинг кейинги тақдири қандай бўлади?

— Бир пайтлар Лабиҳовуз атрофидаги бир-иккита кўҳна уйни хусусий меҳмонхонага айлантириш мақсадида харид қилишганидан хабар топдиму қизиқиш юзасидан кўргани боргандим, — дейди бу саволга жавобан Алишер Ғойибов. — Ўшанда тадбиркор ишга ёллаб келган, меъморчиликдан тамоман йироқ одамлар иморатни кўр-кўрона бузишаётгани, муқарнасларни қўпоришаётгани устидан чиққанман. Эсласам, ҳали-ҳануз юрагим “жиз” этади. Муқарнаслардан бирини авайлаб олиб ортга қайтганим кечагидек ёдимда. Гап шундаки, кимдир қадимий уйнинг эгасига айлангач, уни янгидан қуриш баҳонасида нодир бир санъат асарини яксон қилмасмикин, деган хавотирдаман.

Устанинг куйинганича бор. Ахир, Бухорои шариф шусиз ҳам эътиборсизлик ва ташқи таъсирлар оқибатида қанчадан-қанча қадимий уйлардан айрилиб қолди. 1920 йилги шўролар босқини пайтида вайрон қилинган обидалар, шу жумладан, шарқона уйларни-ку айтмай қўя қолайлик.

Табиийки, бу масалада вилоят маданий мерос бошқармаси масъулларининг фикри билан ҳам қизиқдик. Улар билан суҳбатдан шу аён бўлдики, барча қадимий уйлар аҳволини назорат қилишнинг имкони йўқ. Хусусий мулк эгаларидан ҳам уйларни асраш, таъмирлаш, уларда замонавий шарт-шароитларни яратиш каби масалаларда кўплаб мурожаатлар тушаяпти. Бошқарма ўз ваколатидан келиб чиқиб, эски шаҳардаги уй эгаларига маслаҳат, тавсиялар бермоқда. Хусусий мулк соҳиби сифатидаги бурчларини эслатмоқда. Жумладан, Бухоро тарихий маркази аҳолиси ва турар-жой эгалари учун кўҳна уйларни сақлаш, муҳофаза қилиш ва замонавий фойдаланиш учун мослаштириш бўйича қўлланма чоп этилган.

Ҳаёт эса мавжуд тарихий уйларни давлат томонидан муҳофаза қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш, соддалаштиришни тақозо этаяпти. Токи, ҳаммаси беш панжадек аён бўлсин. Хусусий мулк саналган, аммо тарихий қийматга эга уйларни асраб-авайлаш, уларни таъмирлаш, тиклаш, консервация қилиш каби юмушларга давлат томонидан маблағ ажратилиши масаласига ҳам ойдинлик киритиш зарур.

Баҳоуддин Нақшбанд кўчасида жойлашган 52-уйга келсак, балки уни маҳаллий ҳокимлик харид қилиб, кейинчалик чоғроқ бир музейга айлантирар. Унга хорижий сайёҳлар бажонидил ташриф буюришади. Биз суҳбатлашган айрим гид-таржимонлар ҳам шу фикрни билдиришди. Ишончимиз комил: чет эллик меҳмонларни анъанавий Бухоро уйлари, ундаги осори атиқалар, турмуш тарзи асло бефарқ қолдирмайди. Қолаверса, мутахассислар эътироф этганидек, бу нодир дурдонани келгуси авлодга етказишнинг энг мақбул йўлидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?