Бухорога тенгдош ҳунар ҳануз эъзозда
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Кўҳна Бухоронинг ёши ҳақидаги баҳс-мунозараларга ҳалигача нуқта қўйилганича йўқ. Кимдир унга 2,5 минг йил бўлган, дейди. Яна кимдир тўрт минг йилдан кам эмас, деган фикрда.
Майли, бу масала ечимини археологу мозийшуносларга қўйиб берайликда Бухорога тенгдош, балки ундан ҳам қадимийроқ ҳунар ҳақида тўхталайлик. Зеро, шу ҳунар ортидан тўрт томонини саҳрою чангалзорлар ўраб олган, тоғ-тошлардан йироқ бўлган манзилда Бухоро деб аталмиш шаҳар қад ростлаган. У лойни пишириш эвазига тайёрланган ғиштдан барпо этилган. Гап кулолчилик ҳақида кетаётганини пайқадингиз, албатта.
Бухоро тасвирий санъат музейида ташкил этилган кўргазманинг очилиш маросимида ана шулар ҳақида сўз борди. Кулолчиликни халқ амалий санъати даражасига кўтарган аждодларимиз ёд олинди. Яқин ўтмишнинг Ибодулла Нарзуллаев, Ҳамробуви, Кубаро Бобоева сингари қўлигул усталари шулар жумласидан.

— Раҳматли бувим Кубаро Бобоеванинг ҳунарларини давом эттираётганимиздан мамнунман, — дейди Ғиждувон туманида яшовчи Роҳила Раҳимова. — Онам билан биргаликда лойни обдан пишириб, болаларбоп, совғабоп ўйинчоқлар, буюмлар тайёрлаяпмиз. Кўргазмада бир туркум маҳсулотларимиз намойиш этилмоқда.
Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида ташкил этилган тадбирда Роҳилага ўхшаб кулолчилик анъаналарини давом эттираётган қатор ҳунармандларни кўриш мумкин эди.

— Таниқли кулоллар Алишер ва Абдулла Нарзуллаевлардан шу ҳунар сир-асрорларини ўрганиб, айни дамда мустақил тарзда фаолият кўрсатяпман, — дейди уларнинг бири Азамат Нашванов. — Маҳсулотларимизга, айниқса, хорижий сайёҳлар катта қизиқиш билдиришмоқда.
Бухорода фестиваль доирасида шунга ўхшаш яна бир қатор кўргазмалар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг