Бухородаги илк давлат кутубхонаси ташаббускори ким эди?

18:26 15 Февраль 2022 Маданият
2615 0

Фото: Халқ сўзи

Жадидчилик ҳаракати вакиллари ҳақида сўз борганида, албатта, унинг ҳам номи тилга олинади. Маърифатпарвар бу инсон Файзулла Хўжаев, Фитрат, Садриддин Айний каби юрт фидойилари қаторида ўзидан ўлмас ном қолдирди. Биз ўлкашунос, қадимшунос, таржимон, профессор Мусо Саиджоновни назарда тутаяпмиз.

— Мусо Саиджонов Абу Али ибн Сино номидаги вилоят кутубхонаси ва ўлкашунослик музейини ташкил этишда, уларни қадимий маданий-маърифий манбалар - нодир қўлёзма асарлар, қимматбаҳо босма ва литографик китоблар, турли даврларда ёзилган ҳужжатлар, вақфномалар, осори атиқалар билан бойитишда жонбозлик кўрсатган, — дейди Бухоро давлат музей- қўриқхонаси илмий ходими Аҳтам Аҳмедов. — Кутубхона 1921 йилда очилган. Ўшанда у 1187 нусха китоб фонди ва салкам 400 китобхонга эга эди.

Бу маърифатпарвар инсон ўз даврининг зукко китобхони, букинист коллекционери ҳам саналади. Унинг жуда бой шахсий кутубхонага эга бўлганлиги шундан далолат беради .Қизиқ, бу китоблар тақдири қандай кечган?

— Бухоро давлат музей – қўриқхонаси ўтган асрнинг 70 йилларида Мусо Саиджоновнинг яқин қариндошларидан икки марта китоблар сотиб олган, — давом этади А. Аҳмедов. — Бу китоблар умумий сони 45 та бўлиб, 12 тасининг биринчи саҳифасида Мусо Саиджоновнинг араб ёзувидаги муҳри босилган. Тарих, маданият ва санъат, турли фанларга оид илмий-оммабоп асарлар қаторида Абдулла Қодирийнинг 1929 йилда чоп этилган «Меҳробдан чаён» романини ҳам кўриш мумкин. Олимнинг шахсий кутубхонасига тегишли айрим тошбосма китоблар Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архиви, ЎзФА Шарқшунослик институтида ҳам сақланмоқда.

Қатағон авжига чиққан йилларда, халқимизнинг ўнлаб фидойи фарзандлари пешанасига «Халқ душмани» тамғаси босилган кезларда қадимий китобларни асраб-авайлашнинг ўзи бўлмаган. Айрим зиёлилар минг бир хавотир билан китобларни ерга кўмишган, суви қуриган қудуқларда яширишган.

Файзулла Хўжаев, Фитрат, Чўлпон сингари эл-юрт фидойилари маслакдоши сифатида Мусо Саиджонов ҳам қамоққа олинади. Шунда оиласидагилар танг вазиятда қоладилар. Гап шундаки, бу инсон эл қатори камтарона ҳаёт кечирарди. Қўлида ортиқча сармояси йўқ эди. Шу боисдан ҳам турмуш ўртоғи Ризвонхон ая тирикчилик важидан бу китобларга харидор излашга мажбур бўлади.

Бухоро давлат университети ўқитувчиси Аъзам Болтаевнинг ёзишича, бу нодир китобларни харид қилишга ҳар кимнинг ҳам юраги дов бермайди.Ч унки бошига «Халқ душмани»нинг китобларини сотиб олибди», деган калтак тушиши мумкин эди.

— 1940 йили Тожикистон ССРдан Бухорога илмий тадқиқотлар ўтказиш мақсадида келган О. Д. Чеховични О. А. Сухарева Бухоро шаҳрининг Арабон кўчасига олиб бориб, Мусо Саиджоновнинг кутубхонаси ва унда сақланаётган китоблар коллекциясини кўрсатади, — дея ёзади тадқиқотчи. — Ушбу манбалар XV-XVIII асрларга мансуб бўлган нодир қўлёзма асарлар эди.

Чехович шундан сўнг Душанбе шаҳрига қайтиб, устози, шарқшунос олим А. А. Семеновга бу кутубхона ҳақида сўзлаб беради. Ўз навбатида А. А. Семенов Тошкентга келиб, Ўзбекистон Фанлар академияси раҳбариятига мурожаат қилади. Пировардида Академия Мусо Саиджоновнинг шахсий кутубхонасидаги китобларни сотиб олади. Бу асарлар ҳозир тарихимиз, маданий меросимизнинг ажралмас бир бўлаги сифатида ўрганилмоқда, асраб келинмоқда.

Мусо Саиджоновнинг ўзига келсак, унинг тақдири жадидчилик ҳаракатининг кўплаб вакиллари қатори аянчли кечди. 1937 йилда у қатағон қурбони бўлди. Аммо яхшидан боғ қолади, деганларича бор. Бу элпарвар инсон ташаббуси билан ташкил этилган Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона маркази халқимиз тафаккурини бойитишда битмас-туганмас чашма вазифасини ўтаб келмоқда. Зиё маскани ўтган йили ташкил топганининг 100 йиллигини нишонлади.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?