Бухорода халқаро санъат биенналесига тайёргарлик кўрилмоқда

13:38 18 Февраль 2025 Жамият
504 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Жорий йилнинг кузида Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида халқаро санъат биенналеси ўтказилади. Бундай йирик анжуман нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиё давлатлари орасида илк бор ташкил этилаётир.

ЮНEСКО шафелигида ўтказилиши кўзда тутилган мазкур тадбир Бирлашган Араб Амирликлари, Франция, Буюк Британия сингари давлатлардаги етакчи санъат ташкилотлари вакилларини ўз атрофига тўплаган халқаро кенгаш томонидан бошқарилади.

Шу далилнинг ўзиёқ санъат биенналесига тайёргарлик кўриш ишларини юқори савияда ташкил этиш зарурлигини кўрсатади. Хусусан, ҳудуддаги тарихий обидаларни асраб-авайлаш, реставрация қилиш кун тартибидаги долзарб масалалардан бири саналади. Айни пайтда кўҳна шаҳардаги Говкушон мадрасаси, Хўжа Калон, Мағоки Аттори масжидлари, Олимжон, Аёзжон, Фатхуллажон карвонсаройлари, Тасвирий санъат музейи биноси каби жами 9 та объектда реставрация, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Йўл ва йўлакларда махсус тошли қопламалар ётқизиш чора-тадбирлари кўриляпти. Ободонлаштириш, сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар яратиш юмушлари бажариляпти.

Айтмоқчи, куни кеча вилоят ҳокими БАА ва Япониядаги «Waiwai design» архитектура компаниялари асосчиси, Бухорода ўтказиладиган биеннале учун масъул этиб тайинланган Ваел ал Авар ҳамда соҳанинг бир гуруҳ мутахассислари билан мулоқотда бўлди. Меҳмонлар шаҳарнинг тарихий қисмида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?