Бухорода йилига 300 килограммгача заргарлик буюми ишлаб чиқариш қувватига эга кластер иш бошлади

11:33 20 Февраль 2026 Жамият
273 0

Бухоро шаҳрида заргарликка ихтисослашган кластер фаолиятини бошлади. Қиймати 38 миллиард сўмни ташкил этган бу лойиҳани амалга оширишда маҳаллий ҳамда туркиялик инвесторларнинг ҳамкорлиги қўл келди.

-Бухоро азал – азалдан заргару зардўзлар юрти сифатида ҳам танилган,- дейди мазкур кластернинг тантанали очилиш маросимида қатнашган меҳнат фахрийси Баҳодир Тўраев.- Қолаверса, эл орасида “Дунёда бир нафаргина аёл қолганида ҳам заргарга иш топилади”, деган нақл бор.Шу маънода ушбу кластернинг иш бошлаши халқимизнинг заргарлик буюмларига эҳтиёжини қондиради, халқ амалий санъатининг бу турини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаради, дея ишонч билан айта оламиз.

Кузатишлар кўрсатаяптики, ички бозорда сотилаётган заргарлик буюмларининг бир қисми хориждан импорт қилинмоқда. Ваҳоланки, иш оқилона йўлга қўйилса, маҳаллий заргарлик маҳсулотларини дунё бозорига чиқариш имконияти бор. Кластер шу мақсад йўлига ҳам хизмат қилади.Негаки, бухоролик ҳунармандлар қўлидан чиққан зебу зийнатлар нафислиги ва соддалиги билан ажралиб туради.

Бевосита кластерга тўхталадиган бўлсак, у йилига 300 килограммгача заргарлик буюми ишлаб чиқара олади. 100 та янги иш ўрни яратилгани ҳам эътиборга молик.

Ушбу лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 июлдаги “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш чора – тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ амалга оширилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?