Бухорода илк бор органик пахта етиштирилмоқда

Дунёда экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб ошмоқда. "BCT CLUSTER” хорижий корхонаси таркибига кирувчи “BCT CLUSTER AGROKOMPLEKS” масъулияти чекланган жамияти шуни ҳисобга олган ҳолда Бухорода илк бор органик пахта етиштиришни йўлга қўйди. Ромитан туманида фаолият кўрсатаётган мазкур корхона далаларининг 105 гектари айнан шу мақсад учун ажратилган.
— "Органик пахта етиштириш" лойиҳаси Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва “CONTROL UNION” халқаро сертификатлаш ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бинобарин, лойиҳани рўёбга чиқаришнинг масъулияти, ўзига хос талаблари бор, — дейди шу жамиятга дахлдор PETROMARUZ Manaqement компанияси маслаҳатчиси, лойиҳалар бош координатори Иноят Нуров. — Чунончи, экишда кимёвий ишлов берилган уруғлик чигитдан, ғўза парвариши жараёнида карбамид, аммофос каби синтетик ўғитлардан фойдаланиш,заҳарли химикатларни қўллаш таъқиқланади. Барча ишни бирма-бир ёзиб бориш, ҳужжатларни сақлаш талаб этилади. Бу сертификатлаш жараёнида асқатади.
Биз мазкур лойиҳани амалга ошириш тартиби, тамойилларини тушунтириш мақсадида семинар-тренинг ўтказдик. Агроном, энтомолог, оилавий пудратчи ва бошқа мутахассислар органик пахта етиштириш, унинг аҳамияти тўғрисида тушунча, зарур билим ва кўникмаларга эга бўлдилар. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, органик пахта етиштириш жаҳон бозорига кириш имкониятини кенгайтиради, қўшимча қийматли миллий маҳсулот ишлаб чиқариш сари йўл очади. Тупроқ таркибининг яхшиланишига, атроф-муҳит тозалигига хизмат қилади. Чунки ғўза фақат маҳаллий ўғит билан озиқлантирилади. Бундай пахтани қайта ишлаш жараёнида тайёрланган маҳсулотлар экологик тоза саналади, уларнинг бозори чаққон бўлади.
Таъкидлаш керакки, “BCT CLUSTER AGROKOMPLEKS” масъулияти чекланган жамиятидан ташқари, Тошкент вилоятидаги "ТСТ агрокластер" МЧЖнинг 200 гектар майдонида ҳам органик пахта етиштирилмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ,
(«Халқ сўзи»)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг