Бухоро қўлёзмаларини Бухорода сақлайлик!

10:16 12 Июль 2021 Маданият
1065 0

Ўзбекистон — дунёдаги ёзма меросга бой ҳудудлардан бири. Мамлакатимиздаги илмий тадқиқот муассасалари, музей ва архивларда бу ёзма мероснинг энг юксак, гўзал намуналари сақланмоқда. Биз улар билан фахрланамиз. Дунёнинг энг номдор шарқшунослари бу қўлёзмалар билан танишиш мақсадида бизга мурожаат қилишади, қўшма илмий лойиҳаларни амалга оширишади. Вақт синовларидан ўтиб бизгача етиб келган бу меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказишнинг нечоғли маданий-маърифий, тарихий аҳамиятга эга эканлигини бугунги кунда ҳар бир зиёли яхши тушунади.

Ёзма ёдгорликларнинг муайян қисми турли даврларда, турли ижтимоий-сиёсий сабаблар оқибатида бошқа мамлакатларга олиб кетилган. Бу жараён айниқса Бухорода битилган ва сақланган қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатлар тақдирида салбий из қолдирди.

Ўзбекистон ҳудудида, жумладан, Бухорода китобат қилинган ва сақланган қўлёзмаларнинг хорижий мамлакатларга ўтиб кетишининг расмий ва норасмий жиҳатлари мавжуд. Расмий жиҳатга мамлакатлар ўртасидаги ҳукуматлараро алоқалар даврида совға вазифасини ўтаган қўлёзмалар кирса, норасмий жиҳатга хусусий савдо-сотиқ, ихтиёрий ташриф натижасида олиб кетилган қўлёзмалар киради. Умуман, Бухоро ёзма мероси намуналари миграциясини икки даврга ажратиш мумкин, яъни Россия империяси истилоси ва совет даври.

Шарқ қўлёзмаларини тўплаш Россияда подшо Александр I (1801-1825) даврида давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 1818 йил Россияда Осиё музейи ташкил этилди. Музей Шарқ қўлёзмаларини тўплашда ташаббускорлик кўрсатди.

Россия империяси пойтахтига ташриф буюрган Бухоро амирлари юксак бадиий даражада безатилган қўлёзма китобларни рус подшосига туҳфа қилишган. Амир Олимхон (1910-1920) 1911 йил рус императорига совға тариқасида 20 та қўлёзма китоб юборади. Россиядаги Осиё музейи директори К.Г.Залеманнинг топшириғи билан 1915 йил Бухорога ташриф буюрган В.А.Иванов тўрт ой мобайнида маҳаллий аҳолидан 1134 дона қўлёзма китоб сотиб олади ва уларни Осиё музейига топширади. Ушбу қўлёзмаларнинг хронологияси XII-XIX асрларни ўз ичига олади. Айни пайтда бу қўлёзмалар «В.А.Иванов» коллекцияси номи остида Россия ФА Шарқшунослик институтининг Санкт-Петербург бўлимида сақланмоқда.

Бухоро қушбегиси архив ҳужжатларининг бир қисми тақдирида ҳам юқоридагига ўхшаш ҳолатлар кўзга ташланади. Бу архив ҳужжатларининг бир қисми ўтган асрнинг 30 йилларида СССР ФА Шарқшунослик институти Ленинград бўлимининг илмий ходими Ф.Б.Растопчин томонидан Ленинградга олиб кетилади.

Бухорода сақланган қўлёзмаларнинг катта қисмини Тошкентга кўчириш 1938 йил тўла якунига етди. Шу йили катта миқдордаги қўлёзмалар Миллий кутубхона (ҳозирги Ўз РФА Шарқшунослик институти)га кўчирилди. Булар орасида Бухоро қозиси Шарифжон Махдум Садр Зиёнинг машҳур кутубхонаси ҳам бор эди. Унда 594 хатдан иборат Навоий альбоми (Мажмуа мураққа) мавжуд бўлиб, улар кейинчалик атоқли шарқшунос А.Ўринбоев томонидан илмий муомалага киритилди ва АҚШ да нашр этилди. Бухоро қушбегиси архив ҳужжатлари ҳам шундай жараёнларни бошидан кечирди. 1938 йил 74 мингдан иборат Бухоро қушбегиси архиви Бухоро аркидан Тошкентдаги Ўзбекистон Марказий давлат архивига (ҳозирги Ўзбекистон Миллий архиви) кўчирилди. Эҳтимол, Бухоро илмий жамоатчилигининг эътирозларига сабаб бўлмаслик учун тарихий, бадиий, маърифий аҳамияти унчалик юқори бўлмаган оз миқдордаги қўлёзмалар Бухоро музейи ва Бухоро вилоят кутубхонаси ихтиёрида қолдирилди.

Бухорода сақланаётган қўлёзмаларни Тошкентга кўчириш тенденцияси ўтган асрнинг 70- йилларида яна бўй кўрсатди. Лекин Бухоро музейининг ўша йиллардаги директори, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси А.Маҳмудовнинг СССР Маданият Министрлигига ёзма мурожаати натижасида бундай асоссиз жараёнга чек қўйилди.

Лекин афсуски, сўнгги йилларда Бухорода сақланаётган қўлёзмаларга дахл қилиш ва уларнинг айримларини марказда тўплаш кайфияти яна жонланмоқда. Бухоро музейи ва вилоят кутубхонасида сақланаётган қўлёзмалар учун махсус шкафлар тайёрланиб, айни пайтда улар замонавий жавонларда, махсус хоналарда ва биноларнинг иккинчи ва учинчи қаватида сақланмоқда. Бухоро музейидаги қўлёзмаларни сақлаш, асраш, ўрганиш шарқшунослик маълумотига эга бўлган тажрибали ва ёш мутахассисларга топширилган. Бўлимни узоқ йиллар Ленинград давлат университетининг Шарқ факультетини тугатган, атоқли шарқшунос И.П.Петрушевскийнинг шогирди (ўзбек олимларидан профессор С.Азимжонова, Р.Муқминова, академик Б.Аҳмедов ҳам И.П.Петрушевскийнинг шогирдлари эди) тарих фанлари номзоди Б.Қазоқов бошқарди.

Бухорода сақланаётган қўлёзмалар асосида бухоролик олимлар тарафидан кўплаб илмий тадқиқотлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Бу ишлар нафақат мамлакатимизда, балки чет элларда, жумладан, Германия, Япония, АҚШ, Франция, Россия, Туркия ва бошқа давлатларда эълон қилинган. Бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда. Қўлёзмаларни ўрганиш учун Бухорода мутахассислар етарли. Юқорида таъкидлаганимиздек, Бухоро бу борада мислсиз жудоликларга дучор бўлди. Уларнинг такрорланишига йўл қўймайлик.

Жаҳон тажрибаси ва стандартларига мурожаат қиладиган бўлсак, шунга гувоҳ бўламизки, хориждаги қўлёзма марказлари мустақил равишда фаолият кўрсатади ва бир-бирининг қўлёзма жамланмаларига дахл қилмайди. Масалан, Истанбулдаги Нури Усмония дунёдаги йирик кутубхоналардан бири, 100 минг қўлёзмага эга. Анқара университетининг Тарих-филология факультети ҳузурида эса 13 минг қўлёзмага эга бўлган кутубхона мавжуд. Ҳар иккаласи бир - биридан мустақил. Иккала кутубхонани бирлаштириш ёки Анқара университети қўлёзмаларини Истанбулга, Нури Усмония кутубхонасига кўчириш фикридан турк илмий жамоатчилиги ва раҳбарияти мутлақо йироқ.

Масалани Россия мисолида кўриб чиқайлик. Осиё музейи негизида ташкил топган Россия ФА Шарқшунослик институтининг Санкт-Петербург бўлими (ҳозирги Шарқ қўлёзмалари маркази) ўзининг Шарқ қўлёзмалари фондига эга. Бу ерда сақланаётган қўлёзмаларни марказга, Москвага кўчириш тенденцияси улар учун мутлақо ёт ва бундай масала ҳеч қачон кун тартибига қўйилган эмас. Чунки Пётр I давридан бошлаб Шарқ қўлёзмалари фақат Петербургда йиғила бошлади ва Петербург бу қўлёзмаларнинг иккинчи ватани ҳисобланади. Ана шу тарихий анъанани Россия илмий жамоатчилиги ва мутасадди раҳбарлар бузишни истамайди ва бундай йўл тутишнинг мантиқсизликдан бошқа нарса эмаслигини яхши тушунишади. Россиянинг Иваново, Қозон, Уфа, Новосибирск ва бошқа бир қанча музейларида араб ёзувидаги қўлёзмалар мавжудки, уларни марказлаштириш га мутлақо йўл қўйилмайди. (Қаранг: «Россия и мусулманский мир» журналининг 2018 йилги сонлари). Шунга ўхшаш фикрларни Ҳиндистондаги Ҳайдаробод кутубхонаси мисолида ҳам келтириш мумкин.

Бундай умумжаҳон тажрибасини Бухоро ва мамлакатимизнинг бошқа илмий муассасаларида сақланаётган қўлёзмаларга нисбатан ҳам қўллаб, уларнинг тақдирида юз бериши мумкин бўлган миграцион жараёнларни олдини олсак, марказлаштириш анъаналаридан воз кечсак, вилоятларни ҳам ўзига хос илмий марказларга айлантирсак ва учинчи ренессансга ҳисса қўшишига йўл очсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ҳалим Тўраев,
Бухоро давлат университети
Бухоро тарихи кафедраси профессори,
тарих фанлари доктори

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?