Бухоро ҳудудида “Янги Алат” деб номланган янги газ конденсат кони очилди

10:37 25 Август 2022 Иқтисодиёт
794 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Uzbekistan GTL” заводининг очилишига ташрифи давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевга берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор истиқболи майдонларда нефть ва газ геология-қидирув ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Бошқарув раиси бошчилигида мутахассислар томонидан амалга оширилаётган геология-қидирув ишлари натижасида Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани ҳудудида “Янги Алат” - янги газконденсат кони очишга муваффақ бўлинди.

2022 йилнинг 31 май куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Янги Алат” конидаги 1-сонли излов қудуғида бурғилаш ишлари бошланиб, қудуқ 2344 метр чуқурликгача бурғилаб тугатилди.

Жорий йилнинг 19 август куни “Янги Алат” конига қарашли 1-сонли қудуқнинг 2342-2283 метр оралиғида фильтр орқали синаш ишлари ўтказилиб, юра даври ётқизиқларининг XV маҳсулдор қатламидан саноат миқёсидаги табиий газ ва газ конденсат маҳсулотлари олинди ва янги газконденсат кони очилди.

Тадқиқотлар қудуқдан кунлик 800 минг куб метр табиий газ ва 15 тоннадан ортиқ газконденсати маҳсулоти чиқаётганлигини тасдиқлади.

Таъкидлаш жоизки, “Янги Алат” кони 2021 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари томонидан 3Д сейсмик маълумотларни қайта ишлаш натижасида аниқланиб, унга кўра, янги қудуқни бурғилаш учун Давлат геология қўмитаси томонидан майдоннинг паспорт маълумотлари тайёрланган.

Коннинг истиқболли майдони 7,5 кв.км., С3 тоифали ресурслари 2,2 млрд куб метрда ортиқ табиий газ ҳамда 70 минг тонна газ конденсатини ташкил қилади. Ушбу кон “Ғарбий Тегирмон” ва “Тегирмон” конлари атрофида жойлашган.

Ҳозирда “Янги Алат” конининг 1-сонли қудуғида маҳсулдор қатламнинг босими, ҳарорати ва бошқа кон-геологик параметрларини аниқлаш ҳамда унинг саноат миқёсида ишлаб чиқариш қувватларини баҳолаш мақсадида, геологик-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Йил якунига қадар, янги конда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича 2022 йилга мўлжалланган углеводород хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта ҳосил қилиш дастури доирасида навбатдаги 2-3 излов қудуғини бурғилаш ишларини олиб бориш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер