Бугун вайронкор Тошкент зилзиласига 58 йил бўлди — Фото

Фото: Ўзбекистон Кинофотфоноҳужжатлар миллий архиви
1966 йил 26 апрель куни соат 5:23да Тошкентда даҳшатли зилзила содир бўлади. Зилзила ўчоғидаги силкиниш магнитудаси 5,2, эпицентрдаги ер юзасида сейсмик таъсир эса 8 баллдан ортиқ, чекка жойларда 6 баллни ташкил этади.

Зилзиланинг ўчоғи шаҳарнинг марказий қисмида нисбатан кичик чуқурликда — ер тагида 3 кмдан 8 кмгача бўлганлиги сабабли зилзила шаҳарни тўлиқ вайрон қилиб юбормади. Сейсмик тебранишлар кўпроқ вертикал бўлганлиги учун ҳаттоки эски пахсали уйлар тўлиқ бузилишининг олди олинди. Кучли зарбадан уйлар қийшайиб ва ёрилиб кетди. Ўнлаб, асосан жамоат бинолари қулаб тушди.

78 минг оила, ёки ўшанда пойтахтда истиқомат қилган 1,5 миллионлик аҳолининг 300 мингдан ортиғи уйсиз қолди. Зилзила оқибатида 8 киши ҳалок бўлди ва тахминан 200 киши жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.
Тошкент аҳолиси пиёдалар йўлаги ва шаҳар хиёбонларидаги майсалар устида ёйилган катта палаткаларга кўчиб ўтишди. Сув қувурлари тармоғи ишларди ва электр энергияси узилишларсиз етказиб бериларди, бу эса эпидемиянинг олдини олишга ёрдам берди.

Вайронагарчиликларни бошидан ўтказган шаҳарга собиқ Совет иттифоқининг барча республикалари ёрдам кўрсатди. Тошкентга палаткалар, дори-дармонлар, саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, техника етказилди. Шаҳарда 15 мингдан ортиқ савдо палаткалари ўрнатилди, 600 га яқин вақтинчалик магазинлар ва оммавий овқатланиш жойлари очилди.

1966 йил қишининг бошидаёқ қурувчилар 300 мингдан ортиқ тошкентликлар учун уй-жой барпо этишди. 1968 йилга келиб Тошкент деярли қайта қурилиб битказилди. Тошкентнинг чекка ҳудудларида бутун бошли мавзелар қад кўтарди, бузилиб кетган шаҳар марказида кварталлар қайтадан қурилди, йўлдош шаҳар — Сергели пайдо бўлди. Мактаблар, маданий-маиший ва маъмурий бинолар барпо этилди. Шаҳарнинг майдони ва аҳолиси 1,5 маротабага кўпайди.

1976 йил фожианинг 10 йиллиги муносабати билан Тошкентда зилзила оқибатларининг бартараф этилишига бағишланган «Жасорат» монументал мажмуаси ўрнатилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг