«Бу дунёда энг ёруғ бахт — эл тинчидир»

18:49 25 Апрель 2024 Маданият
524 0

26 апрель — Ўзбекистон халқ шоири

Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун

Юртимизда Муҳаммад Юсуф ижодидан бехабар, китобларини ўқимаган, шеърларини ёд олмаган ёхуд улар асосида басталанган қўшиқларни тингламаган одамнинг ўзи топилмаса керак.

Шоир қисқа умр кўрганига қарамай бутун ҳаётини мана шу юрт, халқ дарду ташвишида ўтказди, ёниб яшади, оташин ашъорлар битди. Бу битиклар ҳали асрлар оша халқ қалбида жаранглаб туради.

ЎЗИНГДАН ҚЎЙМАСИН, ХАЛҚИМ

Қушдай учиб қучоғингдан дунё кездим,

Кезиб-кезиб топганларим соғинч бўлди.

Қанча олис кетсам шунча қадринг сездим,

Қайда юрсам ёди меҳринг овунч бўлди.

Айланайин қаро қошу кўзингдана,

Ўзингдан қўймасин, халқим, ўзингдана.

Биров учун бировлар туш кўриб бермас,

Миннат қилмай бир боғ ўтин ўриб бермас.

Байрамингда ойлаб базм қилган каслар

Бошингга иш тушса туриб бермас.

Номус куйи тушмасин ҳеч бўғзингдана,

Ўзингдан кўймасин, халқим, ўзингдана.

Эрк водийси — заҳматларга сийловдир бу,

Той қоқилиб от бўлгувчи яйловдир бу,

Ранж чекмасанг нурли-нурли тонглар қайда

Синовдир бу, балки буюк синовдир бу.

Бош кетса ҳам қайтма энди сўзингдана,

Ўзингдан қўймасин, халқим, ўзингдана.

Болдан ширин татир қора буғдойинг ҳам,

Ўзингдан бўлса гар шоҳу гадойинг ҳам.

Бир тану жон, бир-бирингдан рози юрсанг,

Худойим ҳам сендан рози, Худойим ҳам.

Гоҳи ипак, гоҳи яктак, бўзингдана,

Ўзингдан қўймасин, халқим, ўзингдана.

Эр бошига иш тушса ўт кечгувчидир,

Чидаймизда, бу заҳматлар ўткинчидир.

Ҳурлигинг ҳақ — қолган бари ўтаверсин,

Бу дунёда энг ёруғ бахт — эл тинчидир.

Айирмасин беминнат нон, тузингдана,

Ўзингдан қўймасин, халқим, ўзингдана.

ТИЛАК

Ҳар кимсанинг бўлсин ўзин бошпанаси,

Ҳар кимса ўз кулбасида даврин сурсин.

Одамнику айтмай турай, бу дунёда

Ҳатто, қушнинг ёт бутоқда ини қурсин.

Тирик инсон бир куни оч, бир кун тўқдир,

Бир кун тўкин, бир кун бурда нони йўқдир.

Бир ўғилку отасиз ҳам кунин кўргай,

Отаси йўқ халқнинг кўрган куни қурсин!..

Гарчи бошин эггани йўқ эдик бизлар,

Экканидан теккани йўқ эдик бизлар.

Ватанида ватани йўқ эдик бизлар…

Ўша зулмат ўтмиш, сенинг уйинг куйсин.

Ўз элингда энди ҳушинг, ўзинг чоғла,

Ўз қўлингда энди қушинг, ўзинг овла.

Олтинларинг тирноқларинг билан кавла,

Ва йиғиб қўй! Болаларинг учун турсин.

Бешикларга тўлиб кетсин бир ўзбеклар,

Тили чиқмай кўзи чақнар ҳур ўзбеклар —

Давлатбеклар, Эътиқодбек, Иймонбеклар

Бобожон, деб соқолларинг силаб турсин.

Мен бу шеърни ёзганим йўқ атай ўйлаб,

Мен шеър ёздим гуркираган юртга бўйлаб.

Шундай юртни Худойимнинг ўзи қўллаб,

Шундай юртни Худо ўзи асраб юрсин!..

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?