Британияда болаларни суннат қилиш зўравонлик шакли сифатида белгиланиши мумкин

16:48 10 Январь 2026 Дунё
520 0

Иллюстратив фото

Буюк Британияда прокурорлар тайёрланаётган янги қўлланмада болаларни суннат қилиш уларга нисбатан зўравонликнинг эҳтимолий шакли сифатида белгиланиши мумкин. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, бу ҳужжат судьялар ва коронерлар суннат оқибатида болалар ўлими ва оғир шикастланишлар қайд этилгани юзасидан билдирган хавотирларидан сўнг ишлаб чиқилган. Қироллик прокуратура хизмати (CPS) тайёрлаган ҳужжат лойиҳасида суннат кўкракни текислаш, бокираликни текшириш, гимонопластика ва жин чиқариш маросимлари билан бир қаторда эҳтимолий жиноят сифатида тилга олинган.

Таъкидланишича, аёллар жинсий аъзоларини жароҳатлашдан фарқли ўлароқ, эркаклар суннати бўйича алоҳида жиноий модда мавжуд эмас. Бироқ ҳужжатда суннат нотўғри ёки номақбул шароитда амалга оширилса, оғриқли ва хавфли амалиёт бўлиши, болага нисбатан зўравонлик ёки шахсга қарши жиноят сифатида баҳоланиши мумкинлиги қайд этилган. Охирги йилларда бундай ҳолатлар бўйича коронерлар томонидан бир неча бор огоҳлантириш берилган.

Расмий статистикага кўра, 2001 йилдан бери Буюк Британияда 18 ёшгача бўлган болалар ўлими билан боғлиқ етти ҳолатда суннат қилиш асосий омил сифатида кўрилган. Уларнинг камида учтаси чақалоқларнинг қон кетиши оқибатида ҳалок бўлиши билан якунланган.

Мусулмон ва яҳудий жамоалари вакиллари эса ҳужжатдаги иборалардан хавотир билдириб, суннатнинг диний ва маданий аҳамиятини ҳимоя қилмоқда. Улар суннат қилиш ўз-ўзидан болаларга нисбатан зўравонлик сифатида талқин қилинмаслиги, аммо назорат ва хавфсизлик чоралари кучайтирилиши лозимлигини таъкидлаган. Мусулмонлар кенгаши ва яҳудий ташкилотлар малакали мутахассислар, ягона аккредитация тизими ва қатъий стандартлар жорий этилишини қўллаб-қувватламоқда.

Айни пайтда айрим шифокорлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари болаларни суннат қилиш фақат тиббий зарурат бўлганда ва шифокорлар томонидан амалга оширилиши керак, деб ҳисоблайди. Улар болаларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун қонунчилик ва назорат механизмларини кучайтириш, хавфли ҳолатларнинг олдини олишни устувор вазифа сифатида кўрмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер